Жаҳон | 00:27 / 31.10.2018
38293
3 дақиқада ўқилади

Европа ва Марказий Осиё давлатларида “қуллик индекси” энг баланд давлат аниқланди 

Walk Free Foundation халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти томонидан тайёрланган қулликка бағишланган докладда Европа ва Марказий Осиё давлатлари орасида қулликнинг тарқалганлик рейтингида Туркманистон биринчи ўринни эгаллади.

Мазкур рейтингни тузар экан, тадқиқотчилар ҳар бир мамлакат учун ҳар 1000 нафар инсоннинг қанчаси қуллик қурбони эканлигини ҳисоблаб, “қуллик индекси”ни ишлаб чиқишди. Туркманистонда бу кўрсаткич 11,2 ни ташкил этмоқда. Беларусь 10,9 индекс билан иккинчи ўринда бўлса, учинчи ўринни 8,7 кўрсаткич билан Македония СЮР эгаллади.

Рейтингда кейинги ўринларга Юнонистон, Албания, Туркия, Украина, Хорватия, Черногория ва Литва бормоқда. Россия 5,5 индекс билан 11-ўринни, Ўзбекистон 5,2 кўрсаткич билан 14-ўринни, Тожикистон 4,5 кўрсаткич билан 15-ўринни эгаллаган. Қозоғистон (4,2) 21-ўринда, Қирғизистон (4,1) 22-ўринда бормоқда.

Ўз-ўзидан Европанинг ривожланган давлатлари жами 50 давлатни қамраб олган рейтингнинг тубидан ўрин олишган. Буюк Британия 38-ўринда (2,1), Франция, Бельгия ва Германия бир хил 2 индекс билан 39–41 ўринларни эгаллашган. Рейтингнинг энг охиридан Люксембург ўрин олган — у 1,5 индексга эга.

Тадқиқотчилар шунингдек “ожизлик индекси”ни ҳам ҳисоблаб чиқишган. Бу индексга кўра мамлакат аҳолисининг қанча фоизи қулликдан ҳимояланмагани ҳар қандай лаҳзада мажбурий меҳнат қурбонига айланиши мумкинлигини кўрсатади.

Туркманистон бу борада ҳам биринчи ўринни эгаллади: мамлакат аҳолисининг 58,1 фоизи қул бўлиш хавфи остида турибди. Иккинчи ўринда Тожикистон — 55,8 фоиз ва учинчи ўринни Украина эгаллаган — 54,4 фоиз.

Россия бу борада тўртинчи ўринда бормоқда — 51,6 фоиз. Ўзбекистон эса Туркия (51,6 фоиз) ва Озарбойжон (47,8 фоиз) дан сўнг еттинчи ўринга лойиқ кўрилган — 47,5 фоиз. Қўшниларимиз Қозоғистон (43,3 фоиз) 14-ўринда, Қирғизистон (42,8 фоиз) 15-ўринга жойлаштирилган

Тадқиқотчиларнинг фикрича, Туркманистон ва Россия ҳокимиятлари минтақада қуллик хавфига жуда кучсиз эътибор беришмоқда. Бу икки давлатда амалдорлар мажбурий меҳнатни бартараф этиш учун энг кам саъй-ҳаракат қилишаётгани қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси президенти Ш.Мирзиёев 29 октябрь куни барча даражадаги давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шакл ва кўринишларига йўл қўймаслик борасидаги жавобгарлигини ошириш тўғрисида фармон қабул қилди.