«Реал» Почеттинони олиб келмоқчи, «Тоттенҳэм» футболчилари ташвишда
«Тоттенҳэм Ҳотспур» футболчилари бош мураббий Маурисио Почеттино жамоадан кетиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлардан ташвишда.
The Telegraph нашри хабарига кўра, Почеттино қишда «Тоттенҳэм»дан кетмаслиги мумкин, аммо ёзда лондонликлар жамоаси раҳбарияти «Реал» ва «Манчестер Юнайтед»да талаб мавжуд бўлган ушбу мутахассисни ушлаб қолиши қийин бўлади.
The Sun нашри эса «Реал»нинг Почеттинога таклифи бўйича янги тафсилотларни эълон қилди.
Нашрда ёзилишича, мадридликлар клуби раҳбарияти аргентиналик мутахассисга ҳозирги маошидан икки баробар кўп миқдорда ойлик тўлашга тайёр. Аниқроғи, Почеттинога йилига 17 миллион фунт маош таклиф қилиниши мумкин.
Манбанинг аниқлашича, «қаймоқранглилар» ушбу мураббийни биринчи рақамли номзод сифатида кўрмоқда ва унга 5 йиллик шартнома лойиҳасини тақдим этишни режалаштиришмоқда. Мураббийнинг ушбу вақт давомида оладиган маошининг умумий миқдорда 85 миллион фунтни ташкил этади.
Қўшимча қилинишча, «Реал» президенти Флорентино Перес мавсум ўртасида ушбу йирик лойиҳага қўл уриб бўлмаслигини тушуниб турибди. «Шпорлар» бош ижро директори Даниэл Леви бунга қаттиқ қаршилик кўрсатган тақдирда Перес ёзгача кутишга тайёр.
Маълумот учун, 46 ёшли мутахассис 2014 йил майидан буён Лондон жамоасига устозлик қилиб келади. У ўтган вақт давомида икки маротаба шартномасини янгилаган, сўнгги марта шу йилнинг майида 5 йиллик битимга имзо чекиб, «Тоттенҳэм»да 2023 йилгача ишлашга рози бўлган эди. Аргентиналик ҳозирги иш жойида йилига 8,5 млн фунт маош олади.
Бундан олдинроқ, «Реал» «Челси»нинг собиқ бош мураббийи Антонио Конте билан келиша олмагани маълум бўлганди.
Эслатиб ўтамиз, 29 октябрь куни Хулен Лопетеги қониқарсиз натижалар туфайли «Реал» бош мураббийлигидан истеъфога чиқарилди.
У шу йилнинг 12 июнида «Реал» билан 3 йиллик шартномага имзо чеккан эди. У бу вақтда Испания терма жамоасини бошқариб турган, аммо клуб билан битим имзолангани маълум бўлгач, лавозимидан озод этилганди.
Лопетеги «қироллик клуби» устози сифатида илк ўйинини УЕФА Суперкубогида «Атлетико»га қарши ўтказган ва қўшимча бўлимларда ўтказиб юборилган голлар сабаб 2:4 ҳисобида мағлубиятга учраган эди. Ўтган вақт давомида испаниялик мутахассис клубни 14 ўйинда майдонга бошлаб чиқиб, 6 тадан ғалаба ва мағлубият, 2 та дуранг натижа қайд этди. Ла Лиганинг 10-туридан сўнг «Реал» етакчи «Барса»дан 7 очкога ортда қолган ҳолда 9-ўринда бормоқда.
Эндиликда «Реал»ни Сантьяго Солари вақтинчалик бош мураббий сифатида бошқариб туради. Аммо у, федерал тартибга мувофиқ, ушбу мақомда узоғи билан 15 кун муддат фаолият юритиши мумкин. Матбуотда «қаймоқранглилар» раҳбарияти италиялик мураббий Антонио Конте билан тезкор келишувга эришишнинг имконини топа олмагани, тайинлов келаси ҳафтага қолдирилиши мумкинлиги айтилмоқда.
Маълумот учун, «қироллик клуби» эртага Испания кубоги доирасида «Мелила» жамоасига қарши баҳсда майдонга тушади. Шундан сўнг жамоа 3 ноябрда (шанба) «Вальядолид»ни қабул қилса, 7 ноябрь куни ЕЧЛ доирасида Плзеннинг «Виктория» клуби меҳмони бўлади.
Мавзуга оид
10:01 / 10.11.2024
Винида яна ҳет-трик, лекин Мадридда даҳшатли муаммолар
00:08 / 07.11.2024
«Реал» ўз йўлига тушиб олиши учун ҳал қилиниши керак бўлган 6 масала
13:17 / 06.11.2024
ЕЧЛда сенсациялар куни. «Реал» ва «Сити» ютқазди
12:52 / 27.10.2024