Жаҳон | 23:10 / 06.11.2018
39221
3 дақиқада ўқилади

"Тежамкор" ҳожатхона: Билл Гейтс сувсиз ишловчи санитария қурилмасини намойиш қилди

Microsoft корпорацияси асосчиси Билл Гейтс Пекин (Хитой)даги Reinvented Toilet халқаро кўргазмасида сув ва канализацияга уланишни талаб қилмайдиган юқори технологияли ҳожатхона моделини намойиш қилди. Санитар қурилма кимёвий реагентлар ёрдамида чиқиндиларни ўғит ва тоза сувга айлантиради, дея хабар беради Bloomberg.

Фото: AP Photo/Mark Schiefelbein

"Бу ерда кўраётган технологияларингиз сўнгги 200 йил ичида санитария соҳасидаги катта ютуқлар ҳисобланади", - дейди Гейтс. Миллиардернинг сўзларига кўра, бундай янгича ёндашув болалар ўлими билан боғлиқ вазиятни яхшилашга ҳамда вабо, ичбуруғ ва бошқа хавфли касалликларга қарши кураш учун харажатларни йилига 233 миллиард долларга қисқартиради. 

Фото: AP Photo/Mark Schiefelbein

Таъкидланишича, янги моделдаги ҳожатхона устида изланиш ва уни ишлаб чиқишга етти йил вақт кетиб, 200 миллион доллар сарфланди. 

Гейтснинг айтишича, концепция деярли тайёр ва тез орада уни бозорга чиқариш мақсадида синов учун ишлаб чиқарувчиларга етказишади. 

Фото: AP Photo/Mark Schiefelbein

Манбага кўра, бундай унитазнинг бир донаси 500 долларга тушади ва у дастлаб мактаблар ҳамда кўп қаватли уйларда пайдо бўлади. Миллиардернинг фикрича, уй бекалари худди XX аср охирида Microsoft компьютерларини харид қилишга киришгани каби ушбу кимёвий моддали қурилмаларни ҳам фаол ўрната бошлашади. 

Фото: AP Photo/Mark Schiefelbein

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, Ер юзида 2,3 миллиардга яқин киши асосий санитария эҳтиёжларини қондирувчи ҳожатхонага эга эмас. ЮНИСЕФ баҳоларига мувофиқ, ҳар йили 500 мингга яқин 5 ёшгача бўлган бола ичбуруғ асоратлари туфайли ҳаётдан кўз юмади, бу энг аввало Жанубий Осиё ва Африка мамлакатлари ҳиссасига тўғри келади. 

Мавзуга оид