Жаҳон | 21:09 / 09.11.2018
9941
2 дақиқада ўқилади

Филиппинда диктатор Маркоснинг 89 ёшли бевасига қамоқ жазоси тайинланди

Фото: Archivbild/Bullit Marquez/AP/dpa

Филиппин аксилкоррупцион суди мамлакатнинг собиқ президенти, 1986 йилда халқ ғалаёни натижасида ағдарилган Фердинанд Маркоснинг 89 ёшли беваси Имельда Маркосни коррупция айблови билан узоқ йиллик қамоқ жазосига маҳкум қилди. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар берди.     

Филиппиннинг коррупция ишлари бўйича апелляция суди собиқ диктаторнинг беваси 1975-1986 йилларда Манила вилояти губернатори бўлганда маблағларни хорижга ноқонуний ўтказишда айбдор деб топган. Аёл Швейцарияда рўйхатдан ўтказилган жамғармалар ҳисоб рақамига умумий суммаси 200 млн долларни ташкил қилган 7 та банк ўтказмасини амалга оширганликда айбланди. Суд ҳукмига кўра, Имельда Маркос унга қўйилган 7 та айблов бандининг ҳар бири бўйича 6 йилдан 11 йилгача қамоқда ўтказиши керак бўлади.

Суд, шунингдек, мамлакат парламенти депутати бўлган Имельда Маркосни ҳибсга олиш қарорини чиқарган. Бироқ прокурор бу қарорни дарҳол бажариб бўлмаслигини, адвокатлар суд ҳукми юзасидан олий судга мурожаат қилишлари ёки гаров эвазига озодликка чиқаришни сўрашлари мумкинлигини айтган. Имельда Маркос ва унинг адвокатлари ҳукм чиқарилиши вақтида бўлишмаган ва у бўйича ҳеч қандай изоҳ беришмаган.

Фердинанд Маркос 1965 йилдан бошлаб Филиппин президенти бўлган, у 1972 йилда шахсий ҳокимият режимини ўрнатган. Диктатор 1986 йилда халқ ғалаёни натижасида ағдарилган. Шундан кейин у АҚШга қочган ва 3 йилдан кейин Гавайи оролларида вафот этган.

Имельда Маркос эса 1993 йилда Филиппинга қайтиш имконини олган. У турмуш ўртоғининг хокини ҳам ватанига қайтарган. Унинг хоки Маниладаги Қаҳрамонлар қабристонида жорий йилдагина кўмилди.  

Мавзуга оид