Light | 16:08 / 12.11.2018
37881
2 дақиқада ўқилади

Юрак хуружи ва инсультга қарши самарали восита маълум бўлди

Фото: Shutterstock

Балиқ мойидан олинган дори воситалари юрак-қон томир касалликлари, жумладан инфаркт ва инсультлардан вафот этиш хавфини камайтиради. Иккита йирик тадқиқот ўтказган америкалик олимлар ана шундай хулосага келишди, деб ёзмоқда Science Alert нашри.

REDUCE-IT деб номланган биринчи тадқиқотда этил-эйкозапентаен кислотаси (этил-ЭПК) ёки плацебо қабул қилган саккиз минг киши иштирок этди. Этил-ЭПК балиқ мойида учрайдиган омега-3 тўйинтирилмаган ёғ кислотасидир. Ундан атеросклероз ривожланишига сабаб бўладиган триглицеридлар даражасини камайтириш учун фойдаланилади. Юрак-қон томир касалликларига дучор бўлган ва этил-эйкозапентаен кислотаси қабул қиладиган кишилар юрак хуружи ва инсультдан камроқ вафот этишлари маълум бўлди.

VITAL деб номланган иккинчи тадқиқотда эса 26 минг киши қатнашди. Қатнашчиларнинг бир қисми таркибида эйкозапентаен ва докозагексаен кислоталари бўлган препаратни кунига 1 граммдан қабул қилди. Маълум бўлишича, омега-3 тўйинтирилмаган ёғ кислотаси юрак хуружи хавфини 28 фоизга камайтирар экан. Бундан ташқари, олимлар D витаминининг саратон ривожланишига ёки юрак билан боғлиқ муаммоларга таъсири йўқлигини кўрсатиб беришди.  

Мавзуга оид