Шавкат Мирзиёев: «Энди ҳисобот, статистика билан эмас, одамларнинг кайфияти билан яшаш керак»
Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳрининг «Қумбуз овул» маҳалла фуқаролар йиғинида барпо этилган кўп қаватли уйлар, уйларнинг биринчи қаватида жойлашган нодавлат мактабгача таълим муассасаси ва оилавий поликлиника билан танишди.
«Президент Қорақалпоғистон Республикасига аввалги ташрифи чоғида Нукус шаҳрида ижтимоий объектлар, уй-жойлар қурилиши лойиҳалари билан танишиб, Корея тажрибаси асосида болалар боғчаси, оилавий поликлиникани кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватида жойлаштириш бўйича тавсиялар берган эди. Шу асосда шаҳарнинг Абдамбетов кўчасида ана шундай лойиҳадаги 5 қаватли 10та арзон уй қурилди. Ушбу уйлардан иккитасининг биринчи қаватида «Навше» нодавлат мактабгача таълим муассасаси ва оилавий поликлиника ташкил этилди», дейилади ЎзА хабарида.
16-уйнинг биринчи қаватида давлат-хусусий шериклик асосида бунёд этилган 50 ўринли «Навше» нодавлат мактабгача таълим муассасасида шу ерда яшовчи аҳоли фарзандлари тарбияланади. Боғча эрталаб соат 8.00дан 18.30гача ишлайди. Бу ота-оналарга катта қулайлик яратади.
Муассаса болалар онгини ўстиришга кўмаклашувчи турли ўйинчоқлар, методик қўлланмалар билан таъминланган. Инглиз тили, рус тили, шахмат-шашка тўгараклари ташкил этилган. Боғча ишга тушгач, 10 киши иш билан таъминланди.
Президент мактабгача таълим муассасасидаги шароитларни кўздан кечирган. Боғчаларнинг кўп қаватли уйнинг шундоқ ўзида жойлашгани одамларга фарзанди кўз олдида, хавфсиз бўлишини, бундан мақсад аввало аҳолига қулайлик яратиш эканини алоҳида таъкидлаган.
Президент шаҳардаги 8-оилавий поликлиникага ҳам борди.
Бу поликлиника аввал Нукус шаҳрининг 26-кичик туманидаги мослаштирилмаган бинода жойлашган бўлиб, шароити оғир, тиббий хизмат кўрсатиш учун етарли имконият йўқ эди. Аҳолига тор соҳа мутахассисларига кўриниш учун кўп тармоқли поликлиникаларга боришга мажбур эди.
10-уйнинг биринчи қаватида барпо этилган поликлиника ҳудуддаги 8та маҳалланинг 46 мингдан ортиқ аҳолисига хизмат кўрсатади. 250 қатновга мўлжалланган муассасада сифатли тиббий хизмат учун барча шароит яратилган, рақамли рентген аппарати, УТТ, ЭКГ, биокимё анализатори каби зарур тиббий анжомлар билан жиҳозланган.
Поликлиниканинг ўзида ижтимоий дорихона мавжуд, у 500дан ортиқ, жумладан, 55 турдаги ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармонлар билан таъминланган. Дорилар ўзгармайдиган нархларда, арзон сотилади. Муассасада мижозларнинг шифокор қабулига электрон навбатга ёзилиш тизими йўлга қўйилган. Одамлар уйда ўтириб, онлайн тарзда навбатга ёзилиш ва белгиланган вақтда шифокор қабулига келиши мумкин.
Поликлиникада жарроҳ, гинеколог, офтальмолог, отоларинголог, стоматолог, педиатр, терапевт каби тор соҳа мутахассислари фаолият кўрсатади. Қизлар саломатлиги хонасида ўсмир ёшдаги қизларни турмушга тайёрлаш бўйича зарур маслаҳатлар берилади.
Поликлиниканинг иш вақти соат 8.00дан 20.00гача. Аҳоли шу вақтда умумий амалиёт шифокорлари ва патронаж ҳамширалар назоратида бўлади, 20.00дан сўнг тез ёрдам шохобчаси хизмат кўрсатади. Яъни, узлуксиз тиббий ёрдам кўрсатиш имконияти яратилди.
Президент шифокорлар билан суҳбатда тиббиётга муносабат ўзгаргани, соҳа вакиллари аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, патронаж хизматини манзилли йўлга қўйиши кераклигини таъкидлаган.
«Оролбўйида экология оғир. Биз Қорақалпоғистон мисолида тиббиётни намуна қилмоқчимиз. Бундан аввало одамлар рози бўлиши керак. Қачон рози бўлади? Соғлиги мустаҳкам бўлса умри узаяди, кайфияти яхши бўлади. Энди ҳисобот билан эмас, статистика билан эмас одамларнинг кайфияти билан яшашларинг керак. Бу ерда сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шароит бор, энди масъулият шифокорларнинг ўзида қолди. Бугун ҳамма соҳада талаб ўсди. Тиббиёт ходимлари зиммасидаги вазифа ҳозирги ўзгаришларни ҳаётга жорий қилиш», деган Шавкат Мирзиёев.
Президент шу ерда Абдамбетов кўчасида қурилаётган кўп қаватли арзон уйлар, «Nukus city» шаҳарчаси қурилиши лойиҳалари билан ҳам танишган.
Мавзуга оид
20:48 / 09.10.2024
Бухоронинг янги аэропорти соатига 8 та самолётга хизмат кўрсатади
21:49 / 08.10.2024
Мирзиёев МДҲ саммитида кўптомонлама ҳамкорлик барча йўналишларда ривожланганини юқори баҳолади
19:31 / 06.10.2024
Шавкат Мирзиёев Россияга боради
16:30 / 01.10.2024