Жаҳон | 18:12 / 19.11.2018
34136
5 дақиқада ўқилади

АҚШ санкциялари Эрон миллий иқтисодиётини чўктирмоқда

Эроннинг озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиси - «Тамнуш»​ ширкати, фаолиятига 16 йил тўлгандан сўнг, ишлаб чиқариш тармоғини тўхтатиб, юзлаб ходимларини ишдан бўшатди. Эронга қарши киритилган АҚШ санкциялари, импорт хом ашё товарлар нархининг сунъий ортиб кетиши, таъсири оқибатида «Тамнуш»​ раҳбарият шундай қарорга келган.

«Бизнинг 45 нафар ходимимиз энди ишсиз қолди. Эркаклар такси ҳайдашмоқда, аёллар эса уй бекаси»​, - дейди компания бош директори Фарзад Рашидий.

Фото: AP

Reuters агентлигининг айрим ишбилармонлар билан ўтказган интервьюларига кўра, юзлаб компаниялар ишлаб чиқаришни тўхтатиб қўйган ва минглаб ишчилар, АҚШнинг янги санкциялари келиб чиқишига сабаб бўлган душманлик муҳити туфайли ишдан бўшатилган.

Эрон риал валютаси яқин олти ой ичида энг секин ривожланиш кўрсаткичларига эга, у долларга нисбатан рекорд даражада қадрсизланган. Август ойида АҚШ олтин савдоси ва Эрон автомобилсозлик тармоқларига қаттиқ зарба берувчи санкцияларни жорий этганди. Ноябрь ойидан эса Эроннинг нефть конлари ва молия секторига таъсир кўрсатувчи санкциялар кучга кирди.

«Ўтган бир неча ой ичида биз беш миллиард риал (расмий курс бўйича 120 минг доллар) йўқотдик, шунинг учун валюта бозоридаги ўзгаришлар давом этаверса, бошқарув кенгаши фаолиятимизнинг барча турини тўхтатишга қарор қилди»​, - дейди Рашидий.

Эрон ҳукумати ишсизликдан бош кўтарган ёшларнинг қаҳрига дуч келиб, мамлакатни намойишларнинг янги тўлқини қамраб олиши ҳам мумкин. Расмий прогнозларга кўра, санкциялар айни чоғдаги иқтисодий инқироз шароитини янада ёмонлаштиради.

Меҳнат вазири Али Рабий меҳнат бозорини санкциялардан етарли даражада ҳимоя қилолмагани учун парламент томонидан ишдан бўшатилди. Эронда йил охирига қадар яна миллион киши ишини йўқотиши мумкин. Ҳозир Эронда ишсизлик 12,1 фоизни ташкил қилади, уч миллион эронлик иш топа олмаяпти.

Сентябрь ойидаги парламент ҳисоботида таъкидланганидек, ишсизликнинг ўсиши Ислом Республикаси барқарорлигига таҳдид солиши мумкин.

«Агар мамлакатдаги иқтисодий аҳвол сўнгги норозиликларни келтириб чиқарган асосий омил, деб ҳисобласак ва 10 фоиз инфляция даражаси, шунингдек, 12 фоиз ишсизлик даражаси мана шу норозиликларга олиб келган бўлса, биз кескин ўзгаришга қандай бардош берамиз, буни билмайман»​, - дейди Рашидий.

Ҳисоботга кўра, агар Эроннинг иқтисодий ўсиши келгуси йилларда 5 фоиздан паст кўрсаткичда кузатилса, ишсизлик суръати 26 фоизни ташкил қилиши мумкин.

Халқаро валюта жамғармаси Эрон иқтисоди бу йил 1,5 фоизга, 2019 йилда эса 3,6 фоизга қисқаришини прогноз қилган. Эрон вице-президенти огоҳлантирганидек, санкциялар остида мамлакат икки асосий хавфга дуч келади: ишсизлик ва харид қуввати пасайиши.

Фото: Reuters

«Иш ўринларини яратиш энг устувор йўналиш бўлиши керак... Биз санкциялар туфайли ишлаб чиқариш фирмаларининг турғунликка тушишига йўл қўймаслигимиз керак»​, - деди Исъҳоқ Жаҳонгирий.

Эроннинг энг йирик тўқимачилик фабрикаларидан бири бўлган «Жолфакаран Арас»​ ширкатининг менежери Reuters агентлигига маълум қилишича, фирма ўз фаолиятини тўхтатиш ва юзлаб ишчиларни тарқатиб юборишга мажбур бўлмоқда.

«Август ойида 200 нафарга яқин ходим ишдан бўшатилди ва бу гал аҳвол яна ёмонлашмоқда. Завод ёпилиши эҳтимоли анча юқори»​, - деган менежер.

«Такпласт Нур»​ компаниясининг бош директори Аҳмад Руста Эрон табиатидаги қурғоқчилик қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган пластмасса ишлаб чиқарувчи янги корхонага катта фойда олиб келишидан умидвор эди.

Фото: EPA

«Мен яна бир-икки ой кутишни афзал билдим, лекин вазият ўзгармаса, корхона ёпилиши керак... Маҳсулотимизнинг асосий истеъмолчи бўлган деҳқонлар пластмассани сотиб олишга қодир эмас», - деган Руста.

Санкциялар икки йил аввал бекор қилинган санкциялардан сўнг немис ва француз ширкатлари билан ҳамкорликни имзолаган Эрон автомобилсозлигига ҳам қаттиқ таъсир кўрсата бошлади. Франция автомобиль ишлаб чиқарувчиси - PSA Group, АҚШ санкциялари таъсиридан қочиш мақсадида июнь ойида Эрондаги қўшма корхона фаолиятини тўхтатди, Германия автоулови ва Daimler компанияси эса Эронда ишни кенгайтириш режаларини бекор қилганини маълум қилди.

Мавзуга оид