Ўзбекистон | 18:20 / 20.11.2018
24694
5 дақиқада ўқилади

Нефть-газ саноатини ривожлантириш масаласидаги йиғилишда «Ўзбекнефтгаз» фаолияти танқид қилинди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 ноябрь куни нефть-газ саноатидаги ишлар ҳолатини муҳокама қилиш ва соҳани янада ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Нефть-газ саноати мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим ўрин эгаллайди. Ушбу соҳа нафақат энергия манбаи, балки кўплаб тармоқлар учун зарур бўлган полимерлар, органик кимёвий моддалар ҳамда азотли минерал ўғитларни ишлаб чиқаришда асосий хомашё базаси ҳисобланади.

Кейинги икки йилда соҳада амалга оширилган ишлар натижасида газ қазиб чиқариш ҳажми 10 фоизга ортди, аҳолига 15 фоизга кўп табиий газ ва 1,6 баробарга кўп суюлтирилган газ етказиб берилди. 

Шу даврда нефтни қайта ишлаш заводларида қўшимча 204 минг тонна нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, ички бозорда бензин, дизель ёқилғисига бўлган талаб қондириб келинмоқда.

Шўртан ва Устюрт газ-кимё комплексларида жорий йилнинг ўзида газга нисбатан қўшилган қиймати 4 баробар кўп бўлган қарийб 700 миллион долларлик полиэтилен ва полипропилен ишлаб чиқарилади. 

Нефть-газ соҳасини янада ривожлантириш учун 2030 йилгача геология-қидирув ишларини олиб бориш, углеводородларни қазиб чиқариш ва чуқур қайта ишлаш бўйича умумий қиймати 36,5 миллиард долларлик 30 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш белгиланган. 

Углеводородлар захирасини кўпайтириш бўйича аниқ чоралар кўрилмаса, яқин 10-15 йилда мавжуд захира 2 баробарга камаяди.

Шу боис, йиғилишда «Ўзбекнефтгаз» жамияти раҳбариятига геология-қидирув ишлари ва қазиб олиш ҳажмини ошириш, конларни модернизация қилиш ва янгиларини очиш, нефть-газ хомашёсини чуқур қайта ишлаш, инвестицияларни кўпайтириш бўйича топшириқлар берилди. Жаҳон тажрибаси асосида бу ишларга инвесторларни кенгроқ жалб қилиш, давлат ва инвесторлар манфаатини ҳимоя қилишни таъминлайдиган янги механизмлар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, 2017-2021 йилларда углеводород хомашёсини қазиб олиш дастурининг иккинчи босқичини амалга ошириш ва уни молиялаштириш бўйича жорий йил якунига қадар таклифлар киритиш топширилди. 

Магистрал газ қувурлари ва газ тақсимот тизимининг асосий қисми таъмирталаб ҳолатга келган. Келажакда истеъмолчиларни кафолатланган табиий газ билан таъминлаш мақсадида магистрал газ транспорт тизимини модернизация қилиш ҳамда газ оқимини бошқариш (SCADA) тизимини жорий этиш бўйича 1,6 миллиард долларлик лойиҳа амалга оширилади.

Бундан ташқари, газ тақсимот тизимини модернизация қилиш, газ истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилиш тизими тизимини жорий этиш лойиҳаларига хорижий инвестиция ва кредитларни жалб қилиш бўйича топшириқлар берилди.

Бугунги кунда табиий газнинг атиги 2 фоизи чуқур қайта ишланиб, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар олинаётган бўлса, келгуси 10 йилда бу кўрсаткични 7 баробар ошириш имконияти бор. Шунинг учун «Ўзбекнефтгаз» жамияти нефть ва газ кимё йўналишига устувор аҳамият қаратиши зарурлиги таъкидланди.

Жумладан, ароматик углеводородлар (бензол, толуол, ксилол), метанолдан олефин олиш технологияси асосида янги маҳсулотлар – полистирол, полиэтилентерефталат ва синтетик каучуклар ишлаб чиқариш, полиэтилен ва полипропилен ишлаб чиқаришни кўпайтириш имкони мавжуд. Ушбу лойиҳаларни амалга оширишга 9 миллиард доллар атрофида маблағлар жалб қилиниши лозим.

Шунинг учун Европа мамлакатлари, Япония, АҚШ, Бирлашган Араб Амирликларидаги йирик компанияларнинг тўғридан-тўғри инвестицияларини жалб этиш ва лойиҳаларни амалга ошириш стратегияси ишлаб чиқилади.

Йиғилишда «Ўзбекнефтгаз» жамияти бошқарув тизими мураккаб ва кўп поғонали бўлгани сабабли соҳада ислоҳотлар амалга оширилиши суст кечаётгани танқид қилинди.

Бошқарув тизимини такомиллаштириш мақсадида «Ўзбекнефтгаз» жамиятининг ташкилий тузилмасини оптималлаштириш, тармоққа оид бўлмаган ташкилотларни тизимдан чиқариш бўйича кўрсатмалар берилди. Хусусан, такрорланувчи функцияларни бажарувчи бошқарув бўғинларини қисқартириш, тармоқдаги сервис корхоналарини ҳамда ёрдамчи ишлаб чиқаришларни давлат-хусусий шериклик асосида инвесторларга бериш кераклиги таъкидланди.   

Соҳадаги тўртта илмий-тадқиқот, изланиш ва лойиҳалаштириш институтлари негизида миллий нефть-газ илмий-тадқиқот институтини ташкил этиб, углеводородларни чуқур қайта ишлаш бўйича инновацион ечимлар топиш ва татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратиш вазифаси қўйилди.  

Мавзуга оид