Ўзбекистон | 20:45 / 21.11.2018
38404
8 дақиқада ўқилади

Андижон вилояти ҳокимлиги «маънавият ҳашари» қонуний ўтказилганини кучини йўқотган ҳужжат билан асосламоқчи бўлди

«Kun.uz» сайтида «Маънавият ҳашари». Андижон вилоятида ҳукумат қарорига зид тарзда «навбатдан ташқари ҳашар» эълон қилинди» сарлавҳали материал нашр қилинган, унда водийнинг бу вилоятида ўтказилган умумхалқ ҳашари ҳуқуқий асосга эга бўлмаган ҳолда уюштирилгани танқид қилинганди. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг жорий йилнинг ноябрь ва декабрь ойларини вилоятда «маънавият ойи» деб эълон қилгани ҳақидаги қарорига муносабат билдирганди.

Ҳашар шунчаки жисмоний меҳнатдангина иборат бўлмай, ҳудуддаги барча давлат ва нодавлат ташкилотлар ходимларининг бир кунлик маоши ихтиёрий асосда вилоят ҳокимиятининг махсус ҳисоб рақамига ўтказилиши бўйича топшириқ берилгани билан ҳам эътиборли эди. Ҳоким фармойишида маблағларни тўлиқ ўтказиб бериш учун муҳлат берилганди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги изоҳида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги «Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 349-сон қарорига мувофиқ, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ҳашарлар қандай шартларга қатъий риоя этилган ҳолда ташкил этилиши ва ўтказилиши эслатиб ўтилган.

«Kun.uz» мухбири вазиятга бевосита изоҳ олиш мақсадида Андижон вилоятида бўлди. Вилоят ҳокими айни пайтда ҳудудга ташриф буюрган президент давлат маслаҳатчиларидан бири билан учрашувдалиги учун унинг қабулига киришнинг имкони бўлмади. Аммо ҳоким муовини бевосита интервью бермасада, ҳокимликнинг бу ташаббуси қонунчиликнинг барча тамойилларига мувофиқ келишини билдириб, бир қатор ҳужжатларни тақдим этди. Сайт ўз навбатида бу ҳужжатларнинг мазмуни ва рўйхатини омма эътиборига ҳавола этишга қарор қилди.


«Маънавият ҳашари». Андижон вилоятида ҳукумат қарорига зид тарзда «навбатдан ташқари ҳашар» эълон қилинди» мақоласи юзасидан

МАЪЛУМОТ

Вилоят ҳокимининг 2018 йил 7 ноябрдаги 207-ф сонли фармойиши қуйидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосланади:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 5 октябрдаги 458-сонли қарорининг 1-банди;

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 февралдаги 120-сонли қарори билан тасдиқланган 1-илованинг 9-10,12 ва 19-бандлари;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 апрелдаги 301-сон қарори;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 25 августдаги ПҚ-451-сон қарори;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги ПФ-5467-сон фармонининг 4-бандининг тўртинчи ва еттинчи хатбошиси;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги ПҚ-3812-сон қарорининг 9-бандида кўрсатилган нормалар асосида, Республика Маънавият тарғибот маркази Андижон вилояти бўлимининг 2018 йил 25 октябрдаги 01/15-319-сонли ҳамда Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамиятининг 2018 йил 27 сентябрдаги 01/450-сонли ташаббус хатларини инобатга олиб, 2019 йилда маданий-маърифий тарғибот тадбирларини юқори савияда ўтказиш, спорт ва жисмоний тарбия соҳасини ривожлантириш, тарихий мерос, миллий урф-одат, анъана ва қадриятларнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини очиб беришга қаратилган фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва бу борада тарғибот-ташвиқот ишларини янада мустаҳкамлаш мақсадида қабул қилинган.

Фармойишнинг 2-бандига асосан вилоятда умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилиши муносабати билан вилоятдаги идора, бошқарма, корхона ва ташкилотлар ишчи-хизматчиларининг бир кунлик иш ҳақлари ихтиёрийлик асосидаги ёзма розилигига кўра хайрияга йўналтирилиши белгиланган.

Мазкур фармойиш натижасида йиғилган хайрия маблағлари:

Турар-жой мавзелари, қишлоқлар, маҳаллалар, кўча ва йўллар ҳамда болалар спорт майдончаларини тартибга келтириш, дарахтларни оқлаш ва буташ;
Кўп қаватли бинолар атрофи, гузарлар, хиёбонлар, тарихий обидалар, зиёратгоҳ ва қабристонларни, шунингдек, ариқ ва зовурларни тозалаш ҳамда қурилиш ва маиший чиқиндиларни белгиланган жойларга ташиб кетиш билан боғлиқ ишларни ташкил этиш;
Кекса ва ногиронлар, боқувчисини йўқотган кишилар, кам таъминланган оилалар ҳамда фахрийлар ҳолидан хабар олиш, уй-жой шароитларини яхшилашга амалий ёрдам кўрсатиш ва ҳомийлик ишларини ташкил этиш;
Ҳудудларда куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш билан боғлиқ барча муаммоларни ҳал этиш чораларини кўриш масалаларига йўналтирилиши кўзда тутилган.

Қабул қилинган ушбу фармойиш Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуни 3-5-моддаларига асосан умуммажбурий характерга эга эмас бўлиб, мазкур фармойиш ихтиёрийликни кўзда тутган ҳолда тавсиявий (консультатив) характерга эгадир.

Мазкур фармойишга асосан хайрия ҳашарида иштирок этмаслик ҳеч қандай таъқиб ва ҳуқуқий жавобгарлик келтириб чиқармайди.


Кўриниб турибдики, Андижон вилояти ҳокимлиги бу ҳашарни уюштиришда бир қанча ҳужжатларга таянган. Уларнинг рўйхати юқорида зикр этилди.

Биз шулардан энг биринчисини мисол тариқасида олдик ва керакли қисмини келтирдик:

Вилоят ҳокимлигига 3 миллиондан ортиқ аҳолига тааллуқли ва бугунги кунда фақат Президент ёки Вазирлар маҳкамаси қарори асосида эълон қилинадиган ҳашар эълон қилиш учун кўпчиликка ҳатто унут бўлиб кетган бош вазирнинг бундан 26 йилдан ортиқроқ (!) вақт илгари битта жамият тўғрисида қабул қилинган қарори (бу қарор 1992 йил 5 октябрида Ўзбекистон Республикасининг ўша вақтдаги бош вазири Абдулҳошим Муталов томонидан қабул қилинган) ҳам асослардан бири бўлиши мумкин экан.

Бундан ташқари, ушбу Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган Низомда умумхалқ ҳашари эълон қилиш назарда тутилмаган, балки Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти ҳисобига маблағ тўплаш бўйича хайрия акциялари ташкил этиш белгиланган бўлиб, хайриядан тушган маблағлар тўғридан-тўғри жамият ҳисоб-рақамига бориб тушиши керак, вилоят ҳокимлигининг ҳисоб-рақамига эмас!

Шунингдек, вилоят ҳокимлиги асос сифатида келтирган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан бири, яъни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 25 августдаги ПҚ-451-сон қарори аллақачон, аниқроғи 2017 йил 28 июлдаги ПҚ-3160-сонли Президент қарорининг 15-бандига асосан ўз кучини йўқотган.

Қойил, вилоят ҳокимлиги бугунги кунда қонуний кучга эга бўлмаган ҳужжатларга асосланиб ҳашар эълон қилаётган эканда?!

Ёки Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги ПҚ-3812-сон қарорининг 9-бандини олайлик. Ушбу бандда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари Давлат экология қўмитаси ва тегишли санитар тозалаш корхоналари билан биргаликда «Обод маҳалла» дастурига киритилган маҳаллаларда чиқиндиларни йиғиш майдончаларини барпо этиш, мунтазам равишда чиқиндиларни йиғиш ва олиб чиқиб кетиш хизматларини ташкил қилиш чораларини кўрсин, дея белгиланган. Лекин ҳар қанча уринмайлик Президентнинг ушбу қарорида ҳам, вилоят ҳокимлиги асос сифатида келтирган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам ҳокимлик умумхалқ ҳашари ўтказсин, ходимларнинг бир кунлик иш ҳақини хоҳ ихтиёрий, хоҳ мажбурий ушлаб қолсин, дейилган жойини учратмадик.

Демак, Андижон вилоятида ҳашар ҳеч қанақасига қонуний асосларга кўра ўтказилмаган. Бу эса Андижон вилояти ҳокимлиги давлат ишчиларига бир кунлик иш ҳақларини қайтариб бериши керак деганидир.

Мавзуга оид