Президент қарори билан иссиқхоналарга имтиёзлар берилди
Иссиқхона комплексларини ривожлантириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисидаги президент қарори қабул қилинди.
Адлия вазирлиги телеграм-каналининг ёзишича, қарор билан иссиқхона хўжалигини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгиланди.
Замонавий иссиқхона комплекслари ташкил этиш бўйича истиқболли лойиҳалар доирасида жами республика бўйича 105та лойиҳа амалга оширилади ва бу орқали 4 минг 481 янги иш ўрни яратилади.
Қарорга мувофиқ ҳукумат томонидан қуйидагилар амалга оширилади:
• бир ҳафтада ёқилғи ёқиш йўли билан иссиқлик ёки электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхона, муассаса ва ташкилотлар реестри шакллантирилади;
• бир ой муддатда ёқилғи ёқиш йўли билан иссиқлик ёки электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналар (давлат улуши 51 фоиз ва ундан юқори бўлган), муассасалар ва ташкилотларга туташ ҳудудларда замонавий иссиқхона комплекслари жойлаштирилади.
Шунингдек, қарор билан туташ ҳудудларида замонавий иссиқхона комплексларини жойлаштириш режалаштирилаётган иқтисодиёт тармоқлари корхоналарининг рўйхати тасдиқланди.
Ҳудудларда замонавий иссиқхона комплексларини ташкил этишга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳлар ташкил этилиши белгиланди ҳамда уларнинг намунавий таркиби тасдиқланди.
Ишчи гуруҳлар раҳбарларига 20 кун муддатда ёқилғи ёқиш йўли билан иссиқлик ёки электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга туташ ҳудудларда жойлашган аниқ ер участкаларининг рўйхатини шакллантириш ва уларни электрон савдоларга қўйиш вазифаси юкланди.
Эндиликда 2019 йилда замонавий иссиқхона комплексларини молиялаштириш, лойиҳаларни амалга ошириш учун Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси, бошқа халқаро молия институтларининг кредит линиялари ҳисобига 200 миллион АҚШ долларидан кам бўлмаган маблағлар жалб қилинади.
Юридик шахслар 2021 йил 1 январга қадар:
• замонавий иссиқхона комплекслари, уларнинг бутловчи қисмлари ва гофрланган картон идиш ишлаб чиқаришда фойда солиғи, ягона ижтимоий тўлов ва қўшилган қиймат солиғидан озод этилади;
• замонавий иссиқхона комплекслари ва гофрланган картон идиш ишлаб чиқариш учун талаб этиладиган, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ускуна, хом ашё ва материаллар, эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар учун божхона тўловларидан озод этилади.
Қарорга мувофиқ қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини етиштириш бўйича Бухоро, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида уруғчилик кластерлари ташкил этилади.
Қарор билан Инновацион ривожланиш вазирлигига қуйидаги вазифалар юкланди:
• 2019 йил 1 сентябрга қадар уруғчиликни ривожлантириш марказининг сифатни назорат қилиш лабораторияси негизида қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларининг нав, генетика ва экиш сифат кўрсаткичларини баҳолаш бўйича лаборатория ташкил этиш ва Уруғчиликни ривожлантириш марказини Уруғ сифатини назорат қилиш бўйича халқаро уюшмага (ISTA) аъзо сифатида киритилишини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар кўриш;
• сабзавот экинларининг ҳосилдорлиги юқори янги навлари ва дурагайларини яратиш.
Қарор билан Самарқанд вилояти Самарқанд туманида қишлоқ хўжалиги ахборот-маслаҳат маркази (экстеншн марказини) дастлабки лойиҳаси амалга оширилади.
Мавзуга оид
09:30 / 09.06.2023
Ногиронлиги бор шахслар ОТМга киришда қандай имтиёзларга эга?
11:44 / 02.06.2023
Уяли алоқа виртуал операторлари ҳамда теле- ва радиоканалларга давлат божини тўлашда имтиёзлар берилади
08:26 / 29.01.2022
Хусусий клиникаларда имтиёзли тоифадаги шахсларга бепул тиббий хизмат кўрсатиш механизми жорий қилинади
07:40 / 22.01.2022