Абдулазиз Комилов Федерика Могерини билан учрашди. Ҳамкорлик бўйича янги битим лойиҳаси тақдим этилди
2018 йилнинг 23 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Брюссель шаҳрида Европа иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, Еврокомиссия вице-президенти Федерика Могерини билан учрашди.
ТИВ хабарига кўра, суҳбат чоғида бугун Брюссель шаҳрида ўз ишини бошлайдиган навбатдаги «Марказий Осиё – Европа иттифоқи» минтақалараро учрашуви кун тартиби юзасидан фикр алмашилди, Ўзбекистон билан Евроиттифоқ ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, 2019 йилга режалаштирилган олий даражадаги учрашув икки томонлама муносабатлар тарихида янги саҳифа очиш имкони беради. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон билан Евроиттифоқ ўртасидаги кенгайтирилган шерикчилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим лойиҳаси бўйича 23 ноябрда бошланаётган музокаралар томонларнинг ўзаро алоқаларни изчил мустаҳкамлаш ва ривожлантириш борасидаги истакларидан дарак беради.
Иқтисодиётни либераллаштириш бўйича Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотлар бозорда Европа бизнеси ва инвестициясининг янада кенгроқ иштирок этиши ҳамда ўзаро савдо ҳажмининг ортиши учун катта имкониятлар бериши эътироф этилди. 2018 йилнинг 9 ойи мобайнида Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги савдо айланмаси 2,23 млрд АҚШ долларини ташкил этиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 17%га кўплиги юқоридаги фикрнинг тасдиғидир, дейилади хабарда.
Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари 2018 йилнинг 27 март куни Федерико Могерини бошчилигидаги ЕИ делегацияси ҳам иштирок этган Афғонистон бўйича халқаро конференцияда қабул қилинган Тошкент декларацияси қарорларини амалга ошириш жараёнини ҳам муҳокама қилдилар.
Музокаралар якунида Федерика Могерини Абдулазиз Комиловга Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим лойиҳасини тақдим этди. Ушбу ҳужжат 1999 йил 1 июлдан буён амал қилаётган Ўзбекистон ва Европа Ҳамжамиятлари ҳамда уларга аъзо давлатлар ўртасида шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим ўрнини босиши кутилмоқда.
Мавзуга оид
19:07 / 13.09.2024
Абдулазиз Комилов АҚШнинг Афғонистон бўйича вакили билан учрашди
11:10 / 14.08.2024
Абдулазиз Комилов: «Қўшнилар билан ҳеч қандай муаммо бўлмаслигига эришиш – ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналиши»
15:50 / 20.01.2024
Абдулазиз Комилов Брюсселда ЕК раҳбарининг бош маслаҳатчиси билан учрашди
12:52 / 20.01.2024