Спорт | 11:50 / 23.11.2018
7777
3 дақиқада ўқилади

Блаттер ФИФАни Инфантинога қарши текширув бошлашга чақирди

Фото: Getty Images

ФИФАнинг собиқ президенти Зепп Блаттер Хулқ-атвор қўмитаси ташкилотнинг амалдаги раҳбари Жанни Инфантинога нисбатан текширув ўтказиши керак, деган фикрда.

Блаттернинг ҳисоблашича, Football Leaks томонидан тарқатилган, Инфантинонинг «Манчестер Сити» ва «ПСЖ» билан боғлиқ фитнаси тафтиш бошлаш учун етарлича асос бўлиб хизмат қилади.

«ФИФАнинг Хулқ-атвор қўмитаси нимадир чора кўриши, Инфантинога қарши текширув бошлаши керак. У жар солаётган шаффофлик қани? Айбсизлигини кўрсатиш учун унинг ўзи қўмитага мурожаат билан чиқиши керак», - деб айтган Блаттернинг сўзларини келтириб ўтди AS.

Эслатиб ўтамиз, Football Leaks ўз суриштирувига асосан Инфантино араб шайхлари томонидан молиялаштириладиган икки клуб – «ПСЖ» ва «Манчестер Сити»га молиявий фэйр-плей қоидаларини айланиб ўтишга ёрдам берганини маълум қилган эди. Ўз навбатида швейцариялик амалдор бу айбловларни рад этган.

«Мен «ПСЖ», «Манчестер Сити» ва бошқа клубларнинг вакиллари билан учрашдим, битимлар ва келишувларнинг амалга ошишини назорат қилдим. Аммо якуний қарорни мен эмас, ҳар доим ҳакамлик қўмиталари чиқаради.

Менда вазиятни ўзгартириш учун ваколат бўлмаган. Бундан ташқари, «Сити» ва «ПСЖ» 20 миллион евро жаримага тортилди», - деб айтиб ўтган эди Инфантино.

Маълумот учун, суриштирув ҳар иккала клубнинг 2011-2013 йиллардаги бюджетида жиддий дефицит бўлганини даъво қилганди. Бу молиявий фэйр-плей қоидаларига зид бўлгани учун уларга Чемпионлар лигасидан четлатиш жазоси хавф солган. «ПСЖ»нинг қатарлик ва «Сити»нинг амирлик хўжайинлари бу жазодан қутулиб қолиш учун фаол ишлаганлар. Инфантино эса, Football Leaks`га кўра, бу можарода клублар тарафини олган ва улар билан хуфёна учрашиб, ўзининг ноқонуний ёрдамини таклиф қилган.

Мавзуга оид