Спорт | 16:33 / 24.11.2018
15724
2 дақиқада ўқилади

«Бунёдкор» Суперлигани нечанчи ўринда якунлаши ойдинлашди

Фото: Видеодан кадр

Суперлигада кеча бошланган 31-тур ўйинлари давом этмоқда. Бугун ҳам тур доирасида фақат битта баҳс – «Бунёдкор»-«Металлург» учрашуви бўлиб ўтди.

Тошкентда эрталабдан ёғган ёмғир ушбу ўйин бошланишига бориб қорга айланди, натижада «Миллий» стадиони майдони яна ҳам қониқарсиз аҳволга келиб қолди. Шундай шароитда ўйиндан гол киритилиши қийин масала эди ва амалда ҳам шундай бўлди: ягона гол пенальтидан урилди. 50-дақиқада Азиз Ҳайдаров 11 метрлик нуқтадан аниқ зарба йўллаб, мезбонлар ғалабасини таъминлади.

Ўйиндан олдин икки жамоа етакчилар гуруҳининг 4-5 ўринларида бораётган, ўртадаги фарқ 2 очкони ташкил этаётганди. Бугунги натижадан сўнг, чемпионат якунланишига бир тур қолганда, чемпионлик гуруҳининг иккинчи ярмидаги жамоалар қайси ўринларда мусобақани якунлаши ойдинлашди. Демак, Суперлигани «Бунёдкор» тўртинчи, «Металлург» ва «Бухоро» клублари мос равишда 5-6 ўринларда якунлашади.

Сўнгги 32-тур учрашувлари 29-30 ноябрь кунлари бўлиб ўтади. Унга қадар эртага ва индинга яна тўртта баҳс бор. Душанба кунги «Локомотив»-«Пахтакор» ўйини чемпионлик масаласига ойдинлик киритиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, кеча турнинг илк ўйинида «Қизилқум» ва «Нефтчи» клублари ўзаро дуранг (1:1) қайд этган эди.

Суперлига
31-тур, 24 ноябрь
Бунёдкор – Металлург – 1:0 (0:0)
Гол: Ҳайдаров (50, пен.)
Ҳакамлар: Шерзод Қосимов, Андрей Цапенко, Санжар Шоюсупов, Султонмурод Абдураҳмонов.
Назоратчи: Султон Зайлобидинов.  
Комиссар: Алишер Файзиев. 

23 ноябрь
«Қизилқум» - «Нефтчи» 1:1
Голлар: Алишер Саноев (70) - Андрей Сидоров (68)
Амалга оширилмаган пенальти: Геворкян («Қизилқум», 90, ноаниқ)

25 ноябрь, якшанба
15:00 Қўқон-1912 — Сўғдиёна
15:00 Насаф — ОКМК
15:00 Бухоро — Навбаҳор

26 ноябрь, душанба
18:00 Локомотив — Пахтакор

Мавзуга оид