Ўзбекистон | 20:30 / 26.11.2018
28534
7 дақиқада ўқилади

Фермер қасамёди ёки қасамёднинг юридик оқибатлари

Гулистон шаҳри ҳокимлиги биноси қаршисидаги майдонда Боёвут ва Гулистон туманлари фермерлари «ўз аҳдларига, шон-шавкатларига содиқлигини ифодалаб, юрт тараққиётига беқиёс ҳисса қўшишни, нопок ишларга қўл урмасликни эзгу ният қилиб, қасамёд қабул қилган»и муҳокамаларга сабаб бўлди. Чунки, қонун ҳужжатларига кўра ҳарбийлар, врачлар, судьялар қасамёд қилиши белгиланган бўлиб, тадбиркорлик субъекти – фермернинг қасамёд қилиши қонунчиликда белгиланмаган.

Тадбиркорлик субъектининг бундай шаклда қасамёд қилиши чиндан ҳам ҳайратланарли бўлиб, менда фермерларнинг қандай аҳдлари борлиги, қандай шон-шавкатга содиқлик талаб қилиниши каби саволлар туғилади. Бу ер эгалари олдидаги аҳдларми? Ёки шартномавий мажбуриятларми?

Қуйида қасамёднинг ҳуқуқий мазмуни ва фермернинг ҳуқуқий ҳолати бўйича қисқача ўз фикримизни билдирамиз.

Қасам қадим замонлардан бери қўлланиб келади. Диний нормаларда қасам муқаддас ҳисобланиб, уни бузиш гуноҳ ҳисобланган.

Қасамёд (қасам) ўз моҳиятига кўра муайян мажбуриятларни бажаришга бўлган садоқат ва фидойиликни тантанавор ифода этишни англатади.

Қасамёд, ҳуқуқий нуқтаи назардан, муайян мансабдор шахслар ёки хизматчиларнинг давлат, жамият ва фуқаролар олдидаги ахлоқий ҳамда ҳуқуқий масъулиятини тантанали тан олишга хизмат қиладиган институт сифатида кўрилади. Қонунчилигимизда муайян мансабдор шахсларнинг қасамёд қилиши лавозим мажбуриятларига киришишнинг шарти сифатида белгиланган бўлиб, Президент, судья, ҳарбий хизматчи, врач, адвокат каби лавозимларга киришиш учун ўрнатилган тартибда қасамёд қабул қилиш лозим.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 92-моддасига мувофиқ Президент Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси йиғилишида қасамёд қабул қилган пайтдан бошлаб ўз лавозимига киришган ҳисобланади:

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг «Судлар тўғрисида»ги Қонунига кўра илк бор судьялик лавозимига сайланган ёки тайинланган шахс қуйидаги мазмунда қасамёд қилганидан кейин ўз вазифасини бажаришга киришади:

«Зиммамга юклатилган вазифаларни ҳалол ва виждонан бажаришга, одил судловни фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширишга, судьялик бурчим ва виждоним буюрганидек беғараз, холис ва адолатли бўлишга тантанали қасамёд қиламан».

Судьялар Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи, Қорақалпоғистон Республикасида эса Қорақалпоғистон Республикаси Давлат байроғи олдида ҳам тантанали вазиятда қасамёд қилишади.

Ҳудди шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳарбий хизматчилар ҳарбий хизматга киришда, врачлар ҳам олий тиббий маълумот ҳақида ҳужжат олган вақтда қасамёд қилади.

Лекин қасамёдни бузиш тўғридан-тўғри оқибат келтириб чиқармайди, тўғрироғи қасамёдни бузганликни тартибга солувчи алоҳида ҳуқуқий механизм йўқ. Бу касб этикаси қоидалари ҳамда тегишли қонун ҳужжатларини бузиш (масалан, мансаб ваколатидан четга чиқиш, мансабга совуққонлик билан қараш, пора олиш) учун жавобгарликни белгилаш орқали тартибга солинади.

Юқоридагилардан кўринадики, қасамёд муайян лавозим бўйича хизмат вазифасига киришаётган шахслар томонидан ўз касбига, вазифаларига садоқатини тантанали эълон қилишдир.

Фермер ҳам қасамёд қиладими?

Ўзбекистон Республикасининг «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Қонунининг 3-моддасига кўра, фермер хўжалиги ижарага берилган ер участкаларидан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа фаолият турлари билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектидир.

Шунингдек, фермер хўжалиги юридик шахс бўлиб, унинг бошлиғи шу хўжаликнинг муассиси — фермердир. Ўн саккиз ёшга тўлган, қишлоқ хўжалигида тегишли малака ёки иш тажрибасига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси фермер бўлиши мумкин. Бошқа юридик ва жисмоний шахслар билан муносабатларда фермер хўжалиги номидан ана шу хўжалик бошлиғи иш кўради.

Демак, фермер хўжалиги тадбиркорлик субъекти – юридик шахс бўлиб, унинг бошлиғи давлат ва жамият олдида, шартномавий мажбуриятларидан ташқари, алоҳида бир вазифа олмайди. Табиийки, қонун ҳужжатларида белгиланган мажбуриятларни бажариш ҳар бир шахс (барча жисмоний ва юридик шахслар) учун мажбурий бўлиб унинг учун маросим шаклида қасамёд қилиш аҳамиятга сазовор ҳисобланмайди.

Агар фермерларнинг хабарда келтирилган «ўз аҳдларига, шон-шавкатларига содиқлиги» масаласига тўхталсак, буни ўз шартномавий мажбуриятларини, яъни фермер ва тайёрловчи ўртасида тузиладиган контрактация шартномаси бўйича мажбуриятларни бажаришга аҳд қилиш деб тушуниш тўғри бўлса керак (албатта, қонунда фаолиятидан келиб чиқиб бир қатор мажбуриятлар белгиланган). Шартномавий мажбуриятлар эса ўзаро манфаатдорликни тақозо этиб, ушбу мажбуриятларни бажариш қасамёд орқали таъминланмайди.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар билан тайёрлов, хизмат кўрсатиш ташкилотлари ўртасида шартномалар тузиш, уларни рўйхатдан ўтказиш, бажариш, шунингдек, уларнинг бажарилиши мониторингини олиб бориш тартиби тўғрисидаги Низомга мувофиқ контрактация шартномаси бўйича хўжалик бундай маҳсулотларни қайта ишлаш ёки сотиш учун харид қилувчи шахсга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини келишилган муддатларда бериш мажбуриятини олади, тайёрловчи эса муайян нарх бўйича келишилган муддатларда ҳақ тўлаб ушбу маҳсулотларни сотиб олиш мажбуриятини олади.

Шундан келиб чиқадиган бўлсак, фермерлар ўз маҳсулотларини сотадиган тайёрловчилар олдида қасамёд қилишлари тўғри бўларди. Бироқ, қасамёд тадбирида вилоят ҳокими, вилоят прокуратураси ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларининг вакиллари иштирок этгани, тадбирнинг вилоят ҳокимияти қаршисида ташкил этганидан кўринадики, фермерлар давлат органлари олдидаги аҳдларига содиқлик бўйича қасамёд қилишган бўлиши мумкин.

Умуман, олганда тадбиркорлик субъектлари бўлган фермер хўжаликлари раҳбарларининг бундай шаклда давлат органлари ходимлари қаршисида қасамёд қилиши тадбиркорлик муҳитига салбий таъсир қилади. Чунки, юқорида таъкидланганидек, қонунчилик фермер ўз маҳсулотини фойда олишни кўзлаб ишлаб чиқариши ва сотиши лозимлиги назарда тутади. Мазкур ҳолатда эса фермерларнинг катта эҳтимол билан мажбуран қасамёдга келтирилгани эҳтимолдан холи эмас.

Қолаверса, тадбиркорлик субъектига қасамёд шаклида мажбурият юклаш на ҳуқуқ ва на ахлоқ нормаларига тўғри келади.

Холмирзаев Ўткирбек. ТДЮУ ўқитувчиси.

Мавзуга оид