Ўзбекистон | 06:55 / 26.11.2018
82254
2 дақиқада ўқилади

Президент фармойиши: Ўзбекистонда жанговар шайликни текшириш мақсадида машғулотлар бошланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармойишига мувофиқ, 26 ноябрь эрта тонгда Мудофаа вазирлиги қўшинлари ўқув тревогаси бўйича кўтарилди, бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати "KUN.UZ"га маълум қилди.

Мазкур тадбирда Мудофаа вазирлиги қўшинларининг жанговар шайлиги текширилади. У беш кун давом этиб, тўрт босқичда амалга оширилади.

Машғулотлар давомида Мудофаа вазирлиги марказий аппаратининг бошқарувни амалга ошириши ҳамда қўшинларни юқори даражадаги жанговар шайликка келтириши, шунингдек, бўлинмаларнинг уюшқоқлик билан белгиланган ҳудудларга чиқиб кетиши ва тезкор вазифаларни бажаришга тайёр эканлиги билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилади.

Таъкидлаш лозимки, бугунги кунга кадар ҳарбий хизматчиларнинг жанговар шайлиги, ҳарбий техника, қурол-яроғ ва моддий-техника воситалари билан таъминланганлик даражаси бу каби кенг кўламли текширувдан ўтказилмаган. 

Комплекс текширувларнинг асосий вазифаси Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги ҳарбий қисм ва муассасаларнинг жанговар шайлигини ҳамда белгиланган муддат ичида юклатилган вазифаларни бажариш имкониятларини баҳолаш, ўтказилаётган ҳарбий ўқувларда командирлар таркибининг жанговар топшириқларни бажариш, ҳужжатлар билан тўлиқ ва ўз вақтида ишлаш кўникмасини синовдан ўтказишдан иборат.

Мавзуга оид