Ўзбекистон | 16:13 / 29.11.2018
13860
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг вазифалари нималардан иборат?

Кеча, 28 ноябрь куни Комил Исмоилович Алламжонов ҳукумат қарорига мувофиқ, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги (ЎзМАА) бош директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Бу хабар муҳокамаси вақтида айрим интернет фойдаланувчилари мазкур агентликни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) билан чалкаштирмоқда. Аслида эса, булар бошқа-бошқа ташкилотлардир.

Комил Исмоилович Алламжонов
Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 30 декабрдаги 1038-сон қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги оммавий ахборот воситалари, ахборот алмашиш, матбуот, ноширлик, матбаа ва ахборот-кутубхона фаолияти соҳасида давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳамда китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини такомиллаштириш бўйича ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

Агентликнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.

Агентлик тузилмаси

Агентлик тизимига Агентликнинг марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмалари, «Ўзбекистон», «Ўқитувчи», Ғафур Ғулом номидаги ва Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйлари, «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» давлат илмий нашриёти, «Кўзи ожизлар босмахонаси», «Маъмурий бинолардан фойдаланишни бошқариш» давлат корхоналари, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Агентликнинг ҳудудий бўлинмаларига идоравий мансуб нашриётлар, Оммавий коммуникациялар соҳасида мониторинг маркази киради.

Агентликнинг вазифалари  

Агентлик қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

Оммавий ахборот воситаларининг мустақил фаолиятига доир қонун ҳужжатлари ижросини таъминлаш соҳасида:

қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларида белгиланган тартибда ва доирада касбий фаолият доирасида оммавий ахборот воситалари таҳририятларининг мустақиллиги ва эркинлигини таъминлаш ваколатларини амалга оширади;

матбуот ва оммавий ахборот воситаларини янада эркинлаштириш ва ривожлантиришга йўналтирилган чора-тадбирларни ишлаб чиқишда иштирок этади.

Оммавий ахборот воситалари, ноширлик ва ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантириш соҳасида:

оммавий ахборот воситалари, ахборот алмашиш, матбуот, ноширлик, матбаа ва ахборот-кутубхона фаолияти соҳасида давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этади;

матбаа корхоналарини рўйхатдан ўтказади;

оммавий ахборот воситаларини давлат рўйхатидан ўтказади;

ноширлик фаолиятини лицензиялаш бўйича Вазирлар Маҳкамаси Комиссиясининг ишчи органи функциясини бажаради;

оммавий ахборот воситалари, ахборот алмашиш, матбуот, ноширлик, матбаа ва ахборот-кутубхона фаолияти соҳасида илмий изланишларни қўллаб-қувватлаш ва жорий этишда иштирок этади.

Оммавий ахборот воситалари, ноширлик, матбаа ва ахборот-кутубхона фаолиятига оид қонун ҳужжатларига, давлат ва тармоқ стандартларига риоя этилиши, сўз ва ахборот эркинлигини кафолатлайдиган қонунчилик нормаларининг бажарилиши мониторингини олиб бориш ва назорат қилиш соҳасида:

нашриётлар, оммавий ахборот воситалари ва республика ахборот макони бошқа иштирокчилари томонидан ахборот ва ноширлик соҳасида қонун ҳужжатларига риоя қилиниши мониторинги олиб борилишини ташкил этади;

қонун ҳужжатларига, лицензия, рухсат бериш талаблари ва шартларига риоя қилиниши устидан назорат қилади. Оммавий ахборот воситалари, нашриётлар, матбаа корхоналари томонидан қонун ҳужжатлари мунтазам бажарилмаслиги ҳоллари аниқланганда лицензиялар ва рўйхатдан ўтганлик ҳақидаги гувоҳномаларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тўхтатиш тўғрисида белгиланган тартибда судга мурожаат қилади.

Ахборот хавфсизлигини таъминлаш, ахборот соҳасидаги таҳдидларни бартараф этишга йўналтирилган чора-тадбирларни амалга оширишда иштирок этиш соҳасида:

ахборот маконидаги турли таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашишда, болаларни уларнинг соғлигига зарарли таъсир кўрсатадиган ахборотдан ҳимоя қилишда иштирок этади;

мамлакатда юз бераётган ижтимоий-сиёсий жараёнларни фаол ва сифатли ёритишга эришиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, уларда фуқаролик позициясини мустаҳкамлаш, маънавиятни ошириш масалаларида оммавий ахборот воситаларининг фаолиятини рағбатлантиради ва мувофиқлаштиради;

шахс, жамият ва давлатнинг ахборот хавфсизлигини таъминлашга доир чора-тадбирларни амалга оширишда иштирок этади.

Агентлик шунингдек, жамиятда китобхонлик маданиятини ошириш, китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш, электрон ва аудиокитоблар яратиш фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, ижтимоий аҳамиятга молик адабиётларни нашр этиш бўйича мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш ва бажариш, ўзбек тили ва адабиётини чет элда оммалаштириш, маҳаллий нашриётларга ўз маҳсулотларини халқаро китоб бозорига олиб чиқишда кўмаклашиш, ахборотни тайёрлаш, тарқатиш ва ундан фойдаланиш соҳасида республика фуқаролари ва юридик шахсларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда қатнашиш, медиа бозорда мулкчилик шаклларидан қатъи назар оммавий ахборот воситаларига тенг шароитлар яратиш бўйича зарур чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, ноширлик ва матбаа тармоқларининг техник-технологик базасини ривожлантириш, модернизация қилиш, стандартлаштириш ва сертификатлаш, инновацион технологияларни жорий қилиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, оммавий ахборот воситалари, ноширлик, матбаа ва ахборот-кутубхона фаолиятига доир миллий ва хорижий танловлар, кўргазма-ярмаркалар ва бошқа оммавий тадбирларни ташкил этиш, оммавий ахборот воситалари, ноширлик, матбаа ва ахборот-кутубхона фаолияти соҳасида тегишли хорижий, минтақавий ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш каби соҳаларда ҳам тегишли вазифаларни амалга оширади.

Агентлик раҳбарияти

Агентликни бош директор бошқаради, у Ўзбекистон Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Бош директор моддий, маиший, транспорт ва тиббий хизмат кўрсатиш шартлари бўйича вазирга, бош директорнинг биринчи ўринбосари — вазирнинг биринчи ўринбосарига, бош директорнинг ўринбосари — вазирнинг ўринбосарига тенглаштирилади.

Бош директорнинг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Мавзуга оид