Андижон вилоятида ис гази билан боғлиқ ваҳимали хабар тарқалди. Мухбир ҳолатга ойдинлик киритди
Фарғона водийси вилоятларида 30 ноябрь куни соат 15:00дан бошлаб, 1 декабрь куни тонгига қадар кучли шамол кузатилди.
Айнан мана шу табиат ҳодисаси оқибатида одамларнинг ис гази билан заҳарланиши эҳтимоли нега юқори эканлигини биласизми? Фан тили билан эмас, балки оддий қилиб тушунтиришга ҳаракат қиламиз. Хонадондаги печка кўмир, ўтин, бошқа ёқилғи ёқилганда, газ ажралиб чиқади. Мўри орқали ташқарига чиқаётган тутун ва газни кучли шамол босими уйнинг ичкарисига қайтариб юборади. Тутун ва ис гази уйга тўла бошласа, ўша ердаги одам заҳарланиши эҳтимоли кузатилади.
Ўша кунги кучли шамол кўп жойларда ана шундай нохушликлар бўлишига сабаб эди. Бунинг ортида хорижий нашрларда Андижон вилоятида бир кечада қарийб 100 киши ис газидан заҳарлангани ҳақида хабар тарқалди.
Дарҳақиқат, Шаҳрихон туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч тез тиббий ёрдам бўлими қабулхонасига 30 ноябрь куни турли ёшдаги беморлар айнан ис гази билан заҳарланишдан шикоят билан олиб келинган. Kun.uz мухбирлари ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Шаҳрихон туманига борди.
Маълумки, ўзини нохуш сезган кишилар тиббиёт муассассига қўнғироқ қилиб, тез ёрдам машинасини чақиради ёки ўзи касалхонага боради. Ўша куни шошилинч тез тиббий ёрдам бўлими қабулхонасида умумий амалиёт шифокори Нўмонжон Қаюмов навбатчиликда бўлган. Унинг айтишича, 30 ноябрь куни бўлимга турли ёшдаги беморлар соғлигидан шикоят қилиб келишган. Беморлар орасида иссиғи кўтарилган, юрак соҳасидаги нохушликлар, яъни ҳар иш кунида учрайдиган турли касалликлар мурожаат қилишган. Тунги соат 11ларда эса ўзини ис газидан нохуш сезган кишилар келган.
«Шифохонамизга ушбу ташхис билан гумонланган беморлар келишди. Улар орасида тез ёрдам машинаси ва ўзлари юриб келганлари бор эди. Мурожаат қилганларнинг ичида оғир аҳволда келганлари деярли бўлмаган. Келганлар барчаси ҳушида эди. Уларга биринчи тиббий ёрдамни кўрсатдик. Ҳеч қандай ваҳимали ҳолат бўлмади. Беморларга амбулатор ёрдам кўрсатилгач, уйларига қайтиб кетишди. Икки нафар «Ис гази билан заҳарланган» ташхиси қўйилган бемор терапия (ички касалликлар) бўлимга ётқизилди»,- дейди шифокор Нўмонжон Қаюмов.
Шундан сўнг, 30 ноябрь-1 декабрь кунлари Шаҳрихон туман шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига мурожаат қилганларни қайд этиш журнали билан танишдик.
Журналда айнан, ўша куни «Ис гази билан заҳарланиш» ташхиси билан келган беморлар сони 35 нафардан иборат экан. Улардан 17 нафари тез ёрдам машинасида, 18 нафари эса ўзи юриб келган.
Аҳволи нисбатан жиддий бўлган икки бемор Шаҳрихон шаҳар, Шайдуллаев кўчасида истиқомат қилувчи, 1989 йилда туғилган бемор М.Д. ва Шаҳрихон тумани Назармаҳрам маҳалласида яшовчи, 1979 йилда туғилган бемор К.С ис газидан заҳарланиш диагнози билан шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига ётқизилган. Ҳар икки беморга зарур бўлган тиббий муолажа ўтказилгач, ўзларини яхши ҳис қилгани учун 1 декабрь куни эрталаб, уларнинг ҳолати қониқарли деб топилиб, уйларига жавоб берилган. Туманда «Ис гази билан заҳарланиш» ташхиси билан касалланган оғир ҳолатдаги бирорта бемор аниқланмаган.
Вилоят тиббиёт муассасалари мутасаддилари ваҳимага ўрин йўқлигини билдириб, куз-қиш ойлари аҳоли ўртасида кузатиладиган турли касалликларга ходимлар ва дори дармонлар етарли даражада экани ҳақида маълумот беришди.
Элмурод Эрматов, Андижон
KUN.UZ мухбири
Мавзуга оид
15:57 / 07.11.2024
Ис гази қандай қилиб инсонлар ўлимига сабаб бўлади? ФВВ масъули изоҳ берди
19:16 / 31.10.2024
Бекободда ота ва ўғил ис газидан заҳарланиб вафот этди
08:24 / 28.10.2024
Қорақалпоғистонда уч киши ис газидан заҳарланиб вафот этди
20:33 / 14.10.2024