Прописка: ўз юртида муҳожирлар
Маълум ҳақиқат: халқ жамиятга – бир организмга айлансагина том маънодаги халққа айланади. Бу эса халқнинг ҳар бир вакили ўзини ўша организмнинг узвий қисмидек ҳис этиши билан бўлади. Халқнинг том маънодаги жамиятга айланишини улуғ мақсад сифатида тан оладиган бўлсак, демак, бунга тескари келадиган ишларни, оз эмас кўп эмас, зараркунандалик – халқнинг жамиятга айланиши йўлига тўсиқ қўйиш, деб эътироф этишимизга тўғри келади.
«Ватан» ва «она» тушунчаларининг муштараклиги
Ватан тушунчаси кўпқиррали, аммо қирраларини санаб ўтиш қийин бўлмаган тушунчадир. Киши ватанида ўзини енгил, эркин, гўё бола ўзини она бағрида ҳис этгандек ҳис этишини ҳисобга олиб, халқимиз «она ватан» иборасини қўллаган. Она бўлиши керак экан Ватан.
Киши «мен Ватанимдаман» дея кўкрагини тўлдириб айта олиши учун омил бўладиган жиҳатлардан бири – ватанини бемалол кезиши ва унинг хоҳлаган жойида бемалол қўним топиши. Бу талаб бажарилмаса, киши ватанида ўзини эркин ҳис этмайди – бегона жойга келиб қолгандек бўлади. Бизда ҳолат қандай?
Биргина оддий ҳаётий мисол келтириш асносида Ўзбекистон фуқароси ўз ватанида дуч келадиган баъзи ақлбовар қилмайдиган жиҳатларни санаб ўтамиз. Бир неча йил аввал вилоятлардан бирида яшаб келган бир оила Тошкент вилоятига кўчиб келишига тўғри келди. Ҳаёт шуни тақозо қилди. Ўз уйини сотиб, Тошкент вилоятида уй сотиб олиши керак бўлди. Уй ҳам топилди. Аммо:
а) вилоятларда яшовчилар Тошкент вилоятида уй сотиб олиши қонунан тақиқланган эди.
«Ўз Ватанингда хоҳлаган жойдан уй сотиб ололмасанг-а!» – дейишди оила вакиллари ва Тошкентда яшовчи танишларининг номига сотиб олган уйларини расмийлаштиришди. Ўз уйларида ижарада туришга мажбур бўлишди. Аммо масала бу билан ечим топмади. Кейинги муаммо:
б) прописка.
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти «вилоятликлар» учун ёпиқ! «Биз чет элдан келганмизми?!» – ўзларига ўзлари хитоб қилишди оила аъзолари ва ўз уйларида вақтинча прописка қилиб яшай бошлашди. Ҳар уч ойда прописка қилиш ёддан кўтарилса – жарима. Бир марта шундай бўлди ҳам. Аммо, қизиғи шундаки, бу оиланинг бир аъзоси аравачада ҳаракатланадиган ногирон киши бўлиб, уни ҳам... жаримага тортишди... Савол: қалбда қўним топган «Ватан туйғуси» деган латиф «жонивор» бундай ҳолатда ўзини қандай ҳис этади?
Биз икки марта ўтмишга ишора этувчи «эди»ни ишлатдик. Аммо эндиликда – ислоҳотлар йўлига тушганимиздан кейин – ҳолат тубдан ўзгардими? Вақтинчалик прописка 3 ойдан 6 ойга чўзилгани ва бошқа ўзгаришлар ҳолатни тубдан ўзгартирдими? Тунов куни ўша ногирон кишининг олдига янги участка нозири келиб, «зудлик билан пропискага ўтмасангиз жарима ёзаман», деди... Демак, ҳали ҳеч нарса ўзгаргани, ҳолат мантиқ доирасига қайтгани йўқ.
«Шўринг қурғур... ўзбек»
Мазкур гап бехосдан тилингиздан чиқиб кетади. Бегона юртларда-ку қийналиб, «туртилиб-суртилган» ҳамюртларимиз ҳақида нафақат эшитамиз, балки кўплаб яқинларимиз ҳамда мазкур сатрларни ўқиётганларнинг бир қисми буни ўз бошидан ўтказиб келмоқда. Аммо, ўз юртингда...
Ўз юртингда ҳамма сен томон – сенинг дўстинг, сенинг жигаринг, сенинг ғамхўринг бўлиши, жумладан қонун қабул қилувчи депутатинг – ҳамма сенинг ҳолингни енгиллатишга уринмоғи ва бунга жавобан сен ўзингни кенг маънодаги Ватаннинг, оиланинг бир бўлаги ўлароқ ҳис этишинг ўта табиий ҳолат. Бундан табиийроғи бўлмаса керак.
Муаммоларимизнинг негизида ётган нарса – табиий ҳисобланмиш ҳилқатларга қилаётган тажовузимиз.
Кишининг ўз халқига нисбатан, ўз юртида бўлаётган жараёнларга нисбатан дахлдорлик ҳисси унинг ўша – ўз халқига онгли равишда келтириши мумкин бўлган фойдасига тўғри пропорционал эканлигини аксиома сифатида қабул қиладиган бўлсак, дахлдорлик ҳиссига талофат етказадиган жиҳатларни, тўғрисини айтадиган бўлсак – иллатларни бартараф этиш фавқулодда аҳамият касб этади. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, халқнинг ҳар бир вакилини эъзоз этиш асносида халқни том маънодаги халққа – жамиятга бирлаштириш айни дамда миллий ғоя бўлишга арзийдиган ҳаракат эканлигини англамоқ лозим.
Ўлчовни тўғри олмоқ аҳамияти
Прописка ва бошқа – шунга ўхшаш, шахс эркига қаратилган чекловлар келтираётган гуёки фойдалар аҳамият тарозисига солинадиган бўлса, улардан етаётган улкан маънавий зарарнинг ёнида бу «фойдалар» кўринмай ҳам қолади. Аммо, буни кўриш учун ҳолатга кенгроқ – маънавий кенгликда кўра оладиган кўз билан қарамоқ лозим бўлади. Таъбир жоиз бўлса, «Тошкентда уйлар қиммат бўлиб кетади» каби важларни халқнинг маънавий асосига етказилаётган зарарнинг ёнига хаёлан қўйиб кўриш керак бўлади.
Ватан туйғуси она туйғуси ила муштарак экан, демак, ватан туйғусига зарар етишини боланинг ўз онасига бўлган туйғусига етадиган талофат деб қарамоқ керак. Она билан боланинг ўртасини бузиш нечоғлик гуноҳ бўлса, бир инсоннинг ватанига бўлган меҳрини сўндириш шунга тенг гуноҳдир.
Чекловларни қайта кўриб чиқиш ёхуд янгиларини ўрнатиш пайтида бунинг аҳамияти нечоғлик залворли эканини халқ ноиблари ва бошқа масъуллар англамоқлари лозим. Ҳолатга қонун ва тартибларни тузадиган, қабул қиладиган масъуллар кўп таъсир этишлари эътиборидан айнан шу кишиларда тарих, миллатнинг бугуни ва эртаси, аввало Яратганнинг олдидаги жавобгарлик ҳисси фавқулодда устувор бўлмоғи лозим.
Киши ўз юртида ўзини муҳожир ҳис этиши мумкин эмас.
Шокир Шарипов
Мавзуга оид
13:30 / 20.08.2024
Тошкент пропискаси ҳақидаги қонун бекор қилинади
11:23 / 11.03.2024
Фуқароларни вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби ўзгариши мумкин
14:36 / 04.07.2023
Тошкент пропискаси ҳақидаги қонунни бекор қилиш лойиҳаси парламентга ҳали киритилмаган
19:39 / 08.05.2023