Light | 14:19 / 10.12.2018
21962
2 дақиқада ўқилади

Юта штатидаги чиройли сунъий кўллар нима учун яратилган?

Инсон қўли билан яратилган саноат манзаралари ҳам айрим вақтларда кишида ҳайрат ҳиссини уйғотиши мумкин. Американинг Юта штатидаги калий туз кони бунга бир мисол.

Бу кон Колорадо дарёси водийсида жойлашган бўлиб, ундан 1965 йилдан бери фойдаланиб келинади. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, бу ерда 2 миллиард тоннага яқин калий рудаси бор. Шунинг учун захира 125 йиллик фаолият учун етади. Ушбу маконда калий хлориди ва бошқа минерал тузлари сунъий буғлантирувчи кўллар ёрдамида қазиб олинади. Калий тузларини бундай усулда қазиб олиш – узоқ ва меҳнат талаб қиладиган жараён. Пармаланган қудуқларга калий тузларини эритиш учун қайноқ сув ҳайдалади. Бундай усулда олинган эритма юзага чиқарилиб, буғланадиган кўлларга қуйилади.

Тузли кўлларнинг майдони 1,5 кв.км.га яқин ва эритма тупроққа сингмаслигининг олдини олиш учун уларга махсус сув ўтмайдиган материал билан ишлов берилган. Буғланиш босқичига қараб кўллардаги эритмалар турли рангда бўлади. Сув буғланишини ошириш ва шу йўл билан тузни олиш жараёнини тезлаштириш учун қўшилган махсус бўёқлар сабаб кўл тўқ яшил-кўк рангга киради. Бироқ айрим ҳолларда кўллар қизил ва сариқ тусга киради. Бу эса эритмада муайян турдаги сув ўтларининг мавжудлиги билан изоҳланади. Қуш парвоз қиладиган баландликдан буғлантирувчи кўллар жуда чиройли кўринади.

Ортиқча намликни буғлантириш жараёни 9 ойга яқин вақт олади. Ундан сўнг қолган минерал тузлар йиғилиб, кейинги қайта ишлаш жараёнларига юборилади. Калий тузлари қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган минерал ўғитларнинг муҳим таркибий қисми саналади. Бундан ташқари, улар саноатнинг бошқа соҳаларида ҳам қўлланилади.

Мавзуга оид