Ўзбекистон | 11:28 / 13.12.2018
6610
5 дақиқада ўқилади

Циркни хусусий компания бошқарувига бериш режалаштирилмоқда

Фото: uzbekistan.travel

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбек цирк санъатини янада ривожлантириш ҳамда “Ўзбек давлат цирки” давлат муассасаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан ўзбек цирк санъатини янада ривожлантириш ҳамда “Ўзбек давлат цирки” давлат муассасаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги 2019 йил 1 июнга қадар:

Молия вазирлиги ҳузурида Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда 2019 йил 1 апрелга қадар “Ўзбек давлат цирки” давлат муассасасини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ишончли бошқарувга бериш бўйича техник, молиявий ва бошқа шартларни пухта шакллантиради;

“Ўзбек давлат цирки” давлат муассасасини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ишончли бошқарувга бериш мақсадида инвесторни аниқлаш бўйича белгиланган тартибда халқаро танловини ўтказади.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Самарқанд, Фарғона ва Хоразм вилоятлари ҳокимликлари:

цирк санъатининг жамиятдаги мавқеи, ўрнини ва ижтимоий ролини ошириш, аҳоли айниқса, ёшларни, республиканинг чекка ҳудудларда цирк дастури ва томошаларидан баҳраманд этиш, мароқли ҳордиқ чиқаришларини ташкил этиш мақсадида Самарқанд, Фарғона ва Хива шаҳарларида давлат хусусий-шериклик шартлари асосида 500-700 ўринга мўлжалланган ярим стационар циркларни ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланиши мумкин;

давлат хусусий-шериклик шартлари асосида ярим стационар циркларни ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида техник, молиявий ва бошқа шартларни инобатга олган ҳолда тегишли ҳужжатларни ишлаб чиқади ва хусусий шерикни аниқлаш бўйича белгиланган тартибда танловларни ўтказади.

Белгилаб қўйилишича, давлат хусусий-шериклик шартлари асосида ташкил этиладиган ярим стационар цирклар “Ўзбек давлат цирки” давлат муассасасининг ҳамда хорижий кўчма цирк томоша дастурларини намойиш этиш ва бошқа концерт-томоша тадбирларни ўтказишни амалга оширадиган томоша маскани ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва “Ўзбек давлат цирки” давлат муассасаси:

цирк дастурлари ва томошаларининг бадиий савиясини ошириш ва 2020 йилга қадар томошалар сонини камида 500 тага, 2024 йилга қадар –1 000 тагача етказиш бўйича зарур чоралар кўради;

2020 йилда цирк залининг томошабинлар билан тўлиши даражасини ўртача ҳисобда камида 60 фоизга ва 2024 йилга – 75 фоизга етказади;

театр, кино, эстрада ва бошқа санъат турлари ҳамда замонавий ёритиш ва мусиқали махсус эффектларини қўллаган ҳолда сифат жиҳатдан бутунлай янги цирк дастурларини яратади;

2021 йилга қадар янги сифатли цирк дастурлари ва томошалари улушини цирк дастурлари ва томошаларининг умумий ҳажмида камида 40 фоизга етказилишини таъминлайди;

машҳур хорижий цирк ташкилотларини, шу жумладан, Франциянинг «Cirque du Soleil», Хитойнинг “Чанг Лонг” халқаро цирки, Россиянинг Цветной бульвардаги Москва цирки, Москва катта цирки ва бошқа шу каби циркларнинг республикада гастролларини ташкил этади;

дунёнинг машҳур цирк артистлари ва мутахассисларини республикага таклиф этган ҳолда мастер класс, тренинг ва тажриба алмашишни, шу жумладан Республика ихтисослаштирилган эстрада ва цирк мактабида ташкил этади;

миллий цирк санъатининг маданий экспортини амалга ошириш ва “Ўзбек давлат цирки” давлат муассасасининг даромадлар манбаларини кенгайтириш мақсадида энг томошабоп цирк дастурларини саҳналаштирган малакали ижодий жамоаларни (труппа) хорижий давлатларга гастроль сафарларини доимий равишда йўлга қўяди;

“Ўзбек давлат цирки” давлат муассасасида намойиш этиладиган цирк дастурлари ва томошаларини жаҳон интернет тармоғи орқали пулли асосда масофадан онлайн томоша қилиш имконини яратиш чораларини кўради;

ушбу муассасада кириш чипталарини шакллантириш, сотиш ва ишлатилишини ҳисобга олиш ва ҳисоб-китобини юритиш бўйича Чипта операцияларининг ягона электрон тизимини жорий этади;

бир ой муддатда мазкур бандда назарда тутилган кўрсаткичларга эришишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар режасини тасдиқлайди.

Мавзуга оид