Жамият | 11:00 / 16.12.2018
97109
10 дақиқада ўқилади

Сариосиёда президент қарорида белгиланган лойиҳага тўсқинлик қилинмоқда

«Мен ОАВ фаолиятини мунтазам кузатиб бораман. Лекин, афсуски, ислоҳотлар моҳияти, қабул қилинаётган қонун ва қарорлар ижроси билан боғлиқ муаммолар, аҳоли мурожаатлари юзасидан газета, теле ва радиоканалларда танқидий мақола, кўрсатув ва эшиттиришлар жуда кам», деб таъкидлаб ўтди президент Шавкат Мирзиёев Конституция қабул қилинганининг 26 йиллиги муносабати билан ўтган тантанали тадбирда сўзлаган нутқида.

Ушбу журналистик суриштирувимизда Президент томонидан имзоланган ана шундай қарорлардан бирининг ижроси Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида қандай қилиб пайсалга солингани, тадбиркор ва хорижлик инвесторнинг «тарвузи қўлтиғидан тушгани» ҳақида ҳикоя қилинади.

2018 йилнинг 19 июлида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2018-2019 йилларда инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ–3874-сонли қарори имзоланганди.

Мазкур қарорнинг 5-иловасига кўра, Сариосиё туманида Афғонистоннинг «Билол Бахир Сари» компанияси билан биргаликда доривор ўсимликлар етиштириш учун 15 гектар ер майдони ажратилиши ва 2 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилиши белгиланган.

Айни пайтда, мазкур топшириққа масъул бўлган сариосиёлик тадбиркорлар зотдор йилқи ва туяқуш боқиш билан муваффақиятли шуғулланишмоқда. Чорва учун ем етиштиришга мўлжалланган майдоннинг 2 гектарида заъфарон (шафран) ўстирилмоқда. Заъфарон ўсимлигининг туганаклари кўпайиб, уларни янада кенгроқ ерга кўчириб ўтқазиш имконияти бор.

Тадбиркорлар Президент қарорига кўра янги ажратиладиган 15 гектар ерда заъфарон, лаванда, алоэ вера каби экспортбоп доривор ўсимликлар етиштиришни мўлжаллашаётган эди.

Сурхондарёда илк бор ўтказилган «Бизнес форум» чоғида афғонистонлик ҳамкор топилади. Олдинга ўтиб айтиш керакки, вилоят ҳокимининг инвестициялар бўйича ўринбосари Анвар Орипов мазкур «Бизнес форум» доирасида имзоланган шартномалар ва меморандумларнинг кейинги тақдирига мутлақо бефарқ.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

 

Сариосиёлик ва афғонистонлик тадбиркорларнинг даъвосига кўра, Афғонистондан 1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ «Билол Бахир сари» МЧЖ қўшма корхонасининг «Ўзсаноатқурилишбанк»нинг Шарғун шаҳар бўлимига йўналтирилган. Бироқ, сариосиёлик тадбиркорга кўра, ишлар хорижий инвестор кутганидан мутлақо терс тус олгач, ортга қайтариб кетилган.

Хуллас, бизга тушунтиришларича, Сариосиё туман ҳокими Асқарали Жўраев хорижлик инвестор Аҳмад Жавид Нурзай билан учрашишни ҳам пайсалга солиб, у Сариосиёда бўлганининг фақат олтинчи куни (!) учрашиш учун фурсат топган. Ахир хорижлик инвесторнинг нияти жиддий бўлмаса, ҳоким билан учрашишни кутиб, чекка туманда бир ҳафта юрмайди-ку?!

Аҳмад Жавид Нурзай бу борада қандай фикрда эканини бизга маълум қилди:

Инвестор Аҳмад Жавид Нурзай

«Мен Аҳмад Жавид Нурзай, Афғонистондаги «Билол Бахир Сари» компанияси раҳбариман. Доривор ўсимликларни етиштириш бўйича қўшма корхона очиш учун Ўзбекистоннинг Сариосиё туманида 7 кун бўлдим. Туман раҳбари фақат 6-кунга келиб биз билан учрашишга вақт топди. Туман ҳокими билан гаплашиб, айрим молиявий операцияларни бажардик, шеригим ва бизга кўп ваъдалар берилган эди, лекин уларнинг бирортаси бажарилгани йўқ. Шу сабабли Афғонистонга қайтиб кетишга мажбур бўлдик».

Муаммонинг моҳияти нимада ўзи?

Сариосиёлик тадбиркор, «Билол Бахир Сари» МЧЖ муассисларидан бири Зафар Сафаровнинг айтишича, улар Президент қарорида белгиланган вазифани аъло даражада уддалаш учун барча чораларни кўришган: инвестор топишган, унга лойиҳани тақдим этишган. Уларга лойиҳани амалга ошириш учун вилоят ва туман кадастр бўлими томонидан ер танлаш таклиф этилган. Ерларнинг тупроқларидан намуналар олиниб, пойтахтдаги лабораторияларда таҳлил қилинган. Таҳлил натижалари Афғонистонга — инвесторга жўнатилган. Инвесторнинг ўрганишларидан якуний бир тўхтамга келишган ва доривор ўсимликларни экиш учун «Лутфикор» маҳалласи ҳудудидаги далани танлашган.

Бироқ орадан кўп ўтмай, мазкур ер «ўта унумдор» бўлгани учун пахта ва ғалла экиш учун қолдирилгани, заъфарон, лаванда каби экспортбоп экинлар экиш учун Тожикистон билан давлат чегараси яқинидаги сув чиқмайдиган, унумсиз ерлар таклиф этила бошланган. (Пахта ва ғалла ўрнини экспортбоп янги экинлар ҳисобига қисқартириш ҳақида Президентнинг ўзи бот-бот такрорлаб турган чоғдаги хатти-ҳаракатга эътибор беринг!)

Сурхондарё вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Тўра Боболов

Вилоят фаоллари йиғилишида Сурхондарё вилоят ҳокимининг ўринбосари Т.Боболов Сариосиёда афғонистонлик инвесторнинг 1 миллион доллар инвестицияси билан янги лойиҳа иш бошлаганини мақтаб таъкидлаганига қарамасдан, айнан унинг имзоси билан «Билол Бахир Сари» МЧЖга танланган ерни олишга рад жавобини бериш ҳақида туман ҳокими номига хат йўлланган.

Энг ҳайратланарлиси, дала «Билол Бахир Сари» МЧЖга пахта ва ғалла экиш учун захира қилинган, деган важ билан берилмаган эса-да, у ерда қурилиш ишлари олиб борилаётганига гувоҳ бўлдик. Яъни, ер қандайдир важ билан президент фармонида кўрсатиб ўтилган хорижий инвестор иштирокидаги лойиҳага ажратилмасдан, бошқа бировга бериб юборилган.

Мазкур масала юзасидан Сариосиё тумани ҳокими Асқарали Жўраев билан учрашиб, саволларимизга жавоб олиш учун икки кунлик уринишларимиз бесамар кетди. Афтидан, афғонистонлик инвесторга ҳам жаноб ҳоким шундай тутқич бермаган.

Бу борадаги айрим саволларимизга туман ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш масалалари бўйича ўринбосари Шерзод Хидиров жавоб берди.

Сариосиё тумани ҳокими ўринбосари Шерзод Хидиров

Хидиров туман хорижий инвестиция киришидан манфаатдор эканлигини таъкидлади. Айнан шу масъул афғонистонлик Аҳмад Жавид Нурзайга ҳам бир ҳафта давомида ҳамроҳлик қилган. Кетиб қолмасин, дея кўнглига қараган. У ҳали ҳам бу лойиҳа амалга ошишига ишонмоқда.

У тақдим этган альбомга кўра, Сариосиёда келгуси йилда жами 40та инвестицион лойиҳа амалга оширилиши белгиланган бўлиб, уларнинг нақ 38таси банк кредитлари эвазига амалга оширилади. Кредит эвазига амалга ошириладиган лойиҳанинг рўёбга чиқиши албатта даргумон. Банк бирор важ билан кредит бермаса-чи, кредитнинг фоизи тадбиркорга тўғри келмаса-чи, деган саволлар юзага чиқади.

Туманда 2019 йилда тадбиркорлар ва инвесторларнинг ўз маблағлари эвазига ошириладиган лойиҳалар иккитагина экан. Улардан бири — «Билол Бахир Сари» МЧЖники. Яъни, туман ҳокими томонидан ер ажратилса, эртаданоқ киришса бўладиган, Президент қарорида белгилаб қўйилган лойиҳанинг амалга ошишига беписандлик қилинмоқда.

Туман ҳокими «биз тавсия этган ер тадбиркорларга ёқмади, нима қилай энди?» дейиши ҳам мумкин. Лекин, лойиҳага катта пул тикиляпти. Унинг самарали фаолият бошлаши, янги иш ўринлари яратилиши учун лаборатория текширувларидан ўтган унумдор тупроқли ер ажратилиши керак эмасми? Боз устига, ўша серунум ерда қурилиш ишлари олиб борилаётганини нима билан изоҳлаш мумкин?!

Албатта, янги турдаги экспортбоп ўсимликларнинг етиштирилиши мамлакатимиз фармацевтика ва парфюмерия саноатига қўшимча ёрдам бўларди. Хориждан валюта эвазига олиб кирилаётган моддалар ўрнини босувчи хомашё ўзимиздан чиқса ва экспорт қилинса яхши эмасми? Айни пайтда 2 гектар майдонда етиштирилаётган заъфарон аллақачон Европа давлатларига экспорт қилинмоқда.

«Билол Бахир Сари» МЧЖ раҳбарининг тушунтиришича, энди афғонистонлик инвесторни қайтариш осон бўлмайди. У умуман қайтиб инвестиция киритмаслигининг эҳтимоли катта. Кўряпсизми, биргина туман ҳокимининг бепарволиги туфайли шунча бошланган иш, Президент қарорида белгилаб қўйилган вазифани амалга ошириш юзасидан қилинган саъй-ҳаракатлар осмонга учмоқда.

«Албатта, шу ишларни бошқа бир вилоятда ёки туманда ҳам амалга оширсам ҳам бўлади. Чақириб ҳам ётишибди. Лекин бор билимим ва сармоямни ўзим туғилиб ўсган туманда амалга оширишга, ўз халқимга иш ўринлари яратишга сарфламоқчи эдим. Раҳбарларнинг янгиликлар ва ислоҳотларга, айниқса давлат раҳбарининг қарорига беписандлиги менинг ҳафсаламни пир қилмоқда. Арз-додимни эса ҳеч ким эшитмаяпти», деди тадбиркор.

Хуллас, Сариосиёда мана шунақа гаплар... Сурхондарё вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Тўра Боболов, вилоят ҳокимининг инвестициялар бўйича ўринбосари Анвар Орипов, Сариосиё тумани ҳокими Асқарали Жўраевнинг хатти-ҳаракатлари холисона баҳо беришни сизнинг ҳукмингизга қолдирамиз, азиз муштарий!

Kun.uz эса мазкур вазиятни синчковлик билан кузатишда давом этади.

Шуҳрат Шокиржонов,
Kun.uz махсус мухбири.

P.S. Суриштирувларда аниқланишича, мазкур ҳолат Асқарали Жўраев бор сармоясини шу туман равнақига қўшаман деган ёш тадбиркорларга биринчи бор тўсқинлик қилиши эмас экан. Шу заъфарон, туяқуш ва отлар учун ем экиладиган майдон, тадбиркор томонидан туман деҳқон бозори яқинида барпо этилаётган супермаркет биноси қурилишида ҳам ер ажратиш билан боғлиқ муаммолар юзага келиб, фақатгина шахсан вилоятнинг ўша вақтдаги ҳокими Эркинжон Турдимовнинг аралашуви билан тадбиркорнинг ҳуқуқлари тикланган экан.

Айни пайтда вилоят ҳокими ўзгарган. Сурхондарё вилоят халқи бекорга Турдимовнинг кетишини чуқур қайғу билан қарши олмаган экан. Кўриб турибмизки, Сурхондарёда «ишлайман» деган, кўзлари ёнган тадбиркорларнинг кўкрагига теккан офтоб яна қора булутлар орасига беркинган. «Сулаймон кетиб, девлар қутилган», деганлари шу бўлса керак…

Мавзуга оид