Жамият | 14:12 / 18.12.2018
40000
17 дақиқада ўқилади

Россия Конституциявий Суди: прописка тизими конституцияга зид

Охирги 1 ой ичида прописка мавзуси ҳар галгидан ҳам кенг муҳокама қилина бошланди. Кўпчилик шу бўйича ўз фикрини билдирмоқда, кимдир пропискага қарши, кимдир эса уни ёқлаб чиқяпти.

Мавзуни ўрганар эканман, энг аввало хорижий давлатларнинг амалиётини кўриб чиқдим. Хўш, қолган давлатларда, айниқса собиқ совет иттифоқи давлатларида прописка тизими қай кўринишда тартибга солинган? Табиийки, мени дастлаб Россия Федерациясидаги амалиёт кўпроқ қизиқтирди. Ўрганиш жараёнида РФ Конституциявий Суди томонидан чиқарилган бир нечта қарорни учратдим ва улар ҳақида мақола ёзишни маъқул топдим. Бугунги мақоламизда шу ҳақида сўз юритилади.

Барчаси нимадан бошланган?

Аслида прописка тизими илдизи ўтган аср бошларига бориб тақалади. Советлар даврида узоқ йиллар умрини ўтаган прописка тизимига барҳам бериш ҳақида илк марта СССР Конституциявий назорат қўмитасининг 1990 йил 26 октябрдаги хулосаси чиқарилади. Унда пропискага оид айрим қоидалар конституцияга зид дея баҳоланди ва бекор қилиш ҳақида хулосага келинади.

Аммо ушбу Хулоса талаблари етарли даражада бажарилмагач, СССР Конституциявий назорат қўмитаси 1991 йил 11 октябрь куни ўз ташаббуси билан мазкур масалани яна бир бор қайта кўриб чиқди. Қўмита парчаланиш арафасида турган иттифоқ тарихидаги энг дадил қарорлардан бирини қабул қилди ва прописка тизимини СССР Конституциясига зид, деган хулосага келади. Хусусан, хулосада шундай дейилади: «Рухсат бериш мазмунидаги прописка тизими фуқароларнинг ҳаракатланиш эркинлигини асоссиз равишда чеклайди.

Ишга жойлашиш прописканинг борлиги билан белгиланади. Пропискасиз ходимларни ишга олганлик учун мансабдор шахсларга жавобгарлик белгиланган. Москва шаҳрида бошқа ҳудудлардан келган фуқароларни ишга қабул қилишга тўғридан-тўғри тақиқ мавжуд. Бу каби қоидалар СССР Конституциясининг 40-моддаси ва Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари Декларациясининг 23-моддасига зид.

Прописка тизими СССР Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилган мулкдор бўлиш ҳуқуқини инкор қилади. Уй-жойи ва квартираси, дала ҳовлиси, гаражини сотиш, ҳадя қилиш, уларни ижарага бериш ёки уларга оид бошқа битимларни тузишда олувчи томон ҳам ўша ҳудуднинг пропискасига эга бўлиши талаб этилади. Уй-жой бозорига қўйилган бундай асоссиз тўсиқлар ўз навбатида эркин тадбиркорлик, пул, товар ва хизматларнинг эркин ҳаракатланишига ҳам тўсиқ бўлмоқда.

Шунга кўра, СССР Конституциявий назорат қўмитаси қуйидаги хулоса келди:
1. Фуқароларнинг яшаши, иш ва ўқишга жойлашиши, уй-жой, квартира, дала ҳовли, гаражлар учун мулк ҳуқуқининг вужудга келиши учун маъмурий органлардан рухсат олиши, шунингдек, ушбу мажбуриятларни бузгани учун жавобгарлик белгиланишига оид Прописка ҳақидаги йўриқнома ҳамда СССР Ҳукуматининг пропискага оид бошқа қарорлари СССР Конституцияси, Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари Декларацияси ҳамда инсон ҳуқуқларига оид халқаро актларга мувофиқ эмас».

Янги Россиядаги ҳолат

1993 йил 25 июнь куни Россия Федерациясининг «Россия Федерацияси фуқароларининг Россия Федерацияси ҳудудида ҳаракатланиш, яшаш ва турар жойини танлаш эркинлиги тўғрисида»ги қонуни қабул қилинади. Ушбу қонунда фуқароларнинг ҳаракатланиш эркинлиги кафолатланган бўлиб, советлар давридаги прописка ўрнига хабардор қилиш характеридаги қайд этиш тизими жорий қилинади. Бироқ 1995 йил 17 июль кунги ҳукумат қарори билан тасдиқланган фуқароларни турган жойи бўйича қайд этиш қоидаларида юқоридаги қонундан фарқли ўлароқ фуқароларни қайд этишни рад қилувчи ўнлаб асослар келтирилади. Ҳукуматнинг ушбу қарори натижасида жойларда вазият мураккаблашади, халқ норозилиги юзага кела бошлайди.

Шундай кунларнинг бирида Россия Федерацияси Конституциявий Суди ушбу можарога бош суқади ва ҳукуматнинг конституцияга зид қарорларига қарши аёвсиз «жанг» бошлайди.

Конституциявий суднинг кетма-кет «зарбалари»

1995 йил
Дастлаб, РФ Конституциявий Суди 1995 йил 24 апрель куни Астрахан вилоятида яшовчи фуқаро Лидия Ситалованинг пропискага оид мурожаатини кўриб чиқади. Ушбу фуқаро 5 йил давомида фуқаролик никоҳида бўлган турмуш ўртоғи В.Кадеркиннинг уйида яшаган бўлсада, лекин пропискаси бошқа манзилда бўлган. Кейинчалик у ушбу уйга рўйхатга туриш учун ариза беради, аммо тегишли органлар Уй-жой кодексининг 54-моддасини асос сифатида келтириб, аризани рад қилади. Ўзининг конституциявий ҳуқуқлари бузилган деб ҳисоблаган Л.Ситалова Конституциявий Судга шикоят қилади. Натижада Конституциявий суд Уй-жой кодексининг 54-моддасидаги тегишли бандни РФ Конституциясида кафолатланган ҳаракатланиш эркинлигига зид дея топади ва бекор қилади. Қарорни бу ердан ўқишингиз мумкин. 

1996 йил
Орадан 1 йил ўтиб, бир гуруҳ фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Коми Республикаси раҳбари Юрий Спиридонов РФ Конституциявий Судига мурожаат қилиб, Москва ва Москва вилояти, Ставрополь ўлкаси, Воронеж вилояти ва Воронеж шаҳрининг қатор норматив ҳужжатларини бекор қилишни сўрайди. Гап шундаки, мазкур ҳудудлар маҳаллий қонунлар билан прописка учун турлича шартлар белгилаб олишган эди. Масалан, Москва вилоятида доимий яшаш ҳуқуқини қўлга киритиш эвазига 3 кишидан кўп бўлмаган оила учун шаҳар бюджетига 9 млн рубль (ўша пайтда тахминан 2 минг АҚШ доллари) тўлаш кераклиги белгиланган бўлса, Москва шаҳрида бу миқдор анча баланд – энг кам иш ҳақининг 500 баравари (ўша пайтда тахминан 7 минг АҚШ доллари) миқдорида «прописка божи» белгиланганди, шунингдек фуқаролар уй сотиб олиши ҳам керак бўлган.

Ставраполь ўлкасида ҳам доимий яшаш ҳуқуқини қўлга киритиш учун махсус йиғим белгиланган, шунингдек, йиллик квота ҳам бўлган. Яъни йилига маҳаллий аҳолининг 0,5 фоизидан ортиғига доимий прописка берилмаган.

1996 йил 4 апрель куни РФ Конституциявий Суди юқоридаги барча ҳужжатларни Конституцияга зид деб топади ва бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилади. Қарорни бу ердан ўқишингиз мумкин.

1997 йил
1996 йил 4 апрелдаги Конституциявий Суд қарорини барча ҳудудлар ҳам ижро этишга шошилмаган. Масалан, Москва вилояти думаси 1996 йил 5 июль куни янги қонун қабул қилади. Унга кўра, Москва вилояти ҳудудида доимий яшаш ҳуқуқини қўлга киритиш учун бюджетга энг кам иш ҳақининг 300 бараваригача бўлган миқдорда мажбурий йиғим белгиланади. Моддий аҳволи туфайли ушбу тўловни амалга оширишга имконияти бўлмаган бир гуруҳ фуқаролар ўзларининг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилишни сўраб, мурожаат қилади. РФ Конституциявий Суди 1997 йил 2 июлдаги қарори билан Москва вилояти думасининг ушбу қонунини ҳам РФ Конституциясида белгилаб қўйилган фуқароларнинг эркин кўчиб юриш кафолатига зид, деб топади ва бекор қилади. Қарорни бу ердан ўқишингиз мумкин.

1998 йил
1998 йилнинг бошида РФ Конституциявий Суди прописка масаласига оид яна бир қарор қабул қилади. Бу сафар «Россия Федерациясидан чиқиш ва Россия Федерациясига келиш тўғрисида»ги қонун нишонга олинади. Гап шундаки, Россия фуқароси А.Аванов 1996 йилда хорижга чиқиш паспортини (загранпаспорт) олиш учун Москва шаҳри ички ишлар бош бошқармасига ариза беради. Лекин унинг доимий пропискаси Тбилиси (Грузия) шаҳридалиги, Москва шаҳрида турар жойи бўйича рўйхатга олинмаганини рўкач қилиб, унга загранпаспорт беришни рад этишади. Фуқаро Москва ИИББ томонидан чиқарилган ушбу қарор устидан маҳаллий судга шикоят билан даъво киритади, лекин судда ҳам ютқазади. Шундан кейин ўзининг конституциявий ҳуқуқлари бузилганидан норози бўлган А.Аванов Конституциявий Судга мурожаат қилади. У ўз шикоятида фуқароларга загранпаспорт олиш учун албатта қаердадир турар жойи бўйича рўйхатдан ўтишни талаб қилиш чекловчи қоида бўлиб, фуқаролар орасида дискриминация келтириб чиқариши ва Россия ҳудудидан эркин чиқиб кетиш ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилишини билдиради. Конституциявий Суд фуқаронинг ушбу мурожаатини кўриб чиқиб, «Россия Федерациясидан чиқиш ва Россия Федерациясига келиш тўғрисида»ги қонуннинг загранпаспорт бериш учун прописка талаб қилиниши ҳақидаги қисмини конституцияга зид деб топади ва уни бекор қилади. Қарорни бу ердан ўқишингиз мумкин.

Якуний зарба
1998 йил 2 февраль куни РФ Конституциявий Суди пропискага оид муҳим қарорлардан бирини қабул қилди. Мазмунан прописка институтини бутунлай бекор қилувчи ушбу қарорда Ҳукуматга фақатгина хабардор қилиш мазмунидаги қайд этиш тизимини жорий қилишга рухсат берилади. Лекин бу тизим фуқароларни ҳеч қандай ҳуқуқдан маҳрум қилмаслиги, уларга бирор мажбурият юкламаслиги ва энг асосийси бирор жойда яшаш учун уй эгасидан бошқа ҳеч кимдан (на бирор ташкилотдан, на бирор шахсдан) рухсат олишга мажбур эмаслиги қайд этилади. Келинг, муҳимлигини ҳисобга олиб, ушбу қарорни батафсилроқ кўриб чиқамиз.

Ким мурожаат қилган?
Нижний Новгород вилояти губернатори ҳукуматнинг 1995 йил 17 июлдаги қарори билан тасдиқланган «Россия Федерацияси фуқароларини Россия Федерацияси ҳудудида яшаш ва турар жойи бўйича қайд этиш қоидалари»нинг 10, 11 ва 21-бандлари фуқароларнинг конституцион ҳуқуқларини бузмоқда, дея РФ Конституциявий Судига мурожаат қилади.

Суд мажлисида кимлар қатнашган?
Суд мажлисида томонлар сифатида сўров юборган Нижний Новгород вилояти губернаторининг вакили ҳамда кўриб чиқилаётган ҳужжатни тасдиқлаган Россия Федерацияси ҳукумати вакили иштирок этган. Шунингдек, мутахассис сифатида Россия Федерацияси Бош прокуратураси, Олий Суди, Ички ишлар ва Адлия вазирликлари ҳамда Федерация Кенгашидан вакиллар ҳам қатнашган.

Шикоят мазмуни нимада?
Нижний Новгород вилояти губернатори фикрича, ҳукумат қароридаги қоидалар фуқароларни қайд этиш (вақтинча прописка) муддатларини чегаралаши ҳамда қайд этишни рад қилиш имконияти кўзда тутилгани сабабли, мазмунан бу рухсат бериш характеридаги ҳужжат ҳисобланади, яъни прописка институтини сақлаб қолмоқда.
Шунингдек, губернатор кўриб чиқилаётган ҳуқуқий нормалар РФ Конституциясининг 27-моддаси (1-қисм) билан кафолатланган фуқароларнинг эркин ҳаракатланиш, яшаш ва турар жойини эркин танлаш ҳуқуқларини чегаралашини ҳам таъкидлайди.

Суд қандай тўхтамга келади?

Конституциявий Суд ушбу ишни кўриб чиқиб қуйидаги муҳим хулосаларни белгилайди:

1) Аввало фуқароларни турган жойи бўйича қайд этиш институти қонунийлиги қайд этилди. РФ фуқароси махсус органларни ўзининг яшаш жойи ҳақида белгиланган тартибда хабардор қилиши, нафақат унинг ҳуқуқи, балки мажбурияти ҳам эканлигини таъкидланди.
2) Шу билан бирга, фуқаро қайд этилгани ёки қайд этилмагани факти фуқаро учун қандайдир ҳуқуқлар бермайди, мажбуриятлар ҳам юкламайди ҳамда қонун ҳужжатлари билан белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларини чегаралаш учун асос ҳам бўлмайди.
3) Тегишли органларга фақат фуқароларнинг яшаш учун эркин танлаган жойини қайд этиш ваколати берилган. Айнан шунинг учун қайд этиш тизими рухсат бериш характерига эга бўлолмайди ҳамда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқини чеклашга олиб келмаслиги керак. Қайд этиш тизими фақат хабардор қилиш характерига эга бўлиши керак;
4) Фуқароларнинг мамлакат ҳудудида эркин ҳаракатланиш, яшаш ва турар жойини эркин танлаш ҳуқуқи мутлақ эмас, РФ Конституциясининг 55-моддасига (3-қисм) мувофиқ мазкур ҳуқуқ конституцион тузум асосларини, ўзга шахсларнинг ахлоқи, соғлиғи, ҳуқуқлари ва бошқа қонуний манфаатларини ҳимоялаш, мамлакатни мудофаа қилиш ва давлат хавфсизлигини таъминлаш мақсадларида чекланиши мумкин.
Федерал Қонунга кўра, мазкур ҳуқуқ муайян режим ўрнатилган ҳудудларда: чегара олди ҳудудларида, ёпиқ ҳарбий шаҳарчалар ва бошқа шу каби маъмурий-ҳудудий тузилмаларда, экологик фалокат ҳудудида, фавқулодда ёки ҳарбий ҳолат жорий этилган ҳудудларда, шунингдек, инфекцион ва бошқа оммавий ноинфекцион касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган ҳолатларда аҳоли яшаши ва хўжалик фаолиятини юритиши учун алоҳида шартлар ва режимлар жорий қилинган баъзи бир ҳудудлар ва аҳоли яшаш масканларида чекланиши мумкин.
5) Фуқароларнинг эркин ҳаракатланиш ҳуқуқини чеклаш учун асос бўлувчи сабаблар Қонунда аниқ санаб ўтилган, фақат ва фақат ушбу сабабларгина муайян ҳудудларда рухсат берувчи характерга эга бўлган қайд этиш тизимини жорий этиш учун асос бўлиши мумкин.
6) Қонунда кўрсатилмаган сабаблар асосида рухсат берувчи характердаги қайд этиш тизимини жорий этиш РФ Конституцияси талабларини бузиш ҳисобланади. Ҳукумат ўз қарорлари билан ушбу сабаблар рўйхатини кенгайтиришга ҳақли эмас, бу тақиқланади.
7) Турар жойи бўйича қайд этиш учун ваколатли органга фуқаро шахсини тасдиқловчи ҳужжатни, шунингдек фуқарони турар жойга қўйиш учун асос бўладиган ҳужжатни (ордер, шартнома, фуқарога турар жойни тақдим этувчи уй-жой мулкдорининг аризаси ёки бошқа шу мазмундаги ҳужжат) тақдим этиши лозим. Ушбу ҳужжатларни тақдим этиш мажбурияти конституциявий ҳуқуқлар бузилиши эмас, балки бир вақтнинг ўзида ўша турар жойда яшаётган ўзга шахсларнинг (мулкдорнинг) ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш воситаси сифатида намоён бўлади. Чунки ҳаракатланиш эркинлиги ўзгалар ҳуқуқини бузмаслиги керак.
8) Юқорида кўрсатилган ҳужжатлар тақдим этилиши ваколатли органда фуқарони қайд этиш ҳуқуқини эмас, балки мажбуриятини келтириб чиқаради. Ваколатли орган қўшимча ҳужжатларни талаб қилишга ёки қайд этишни рад қилишга ҳақли эмас.
9) Қонунда РФ ҳукумати зиммасига РФ ҳудудида фуқароларнинг яшаш ва турар жойи бўйича қайд этиш тартибини тасдиқлаш вазифаси юкланган бўлса-да, лекин қайд этишга рухсат бермаслик тартибини ўрнатиш ҳуқуқи берилмаган. Бундан келиб чиқадики, РФ ҳукумати тартибни тасдиқлашда РФ Конституцияси ва федерал қонунлар билан ўзига берилган ваколатлар доирасидан чиқиб кетган.
10) Амалдаги тартибга асосан фуқаролар турар жойларда 6 ойдан кўп бўлмаган муддатга қайд этилишади, фақат алоҳида ҳолатларда бу муддат узайтирилиши мумкин. Бу билан фуқаро ўзи танлаган турар жойда қанча яшашини ўз эрк-хоҳиши билан белгилай олмаяпти, балки тегишли орган хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлиб қолмоқда.
11) Маълум муддатдан кейин турар жойни тарк этиши қатъий белгилаб берилиши фуқароларнинг ўзаро уй-жой ва бошқа шу каби ҳуқуқий муносабатларига ижроия ҳокимияти органларининг ноқонуний аралашиши сифатида баҳоланади. Бу эса фуқароларнинг ўз яшаш жойини эркин танлашдек конституцион ҳуқуқини чеклайди.
12) Фуқаро у ёки бу жойда бўлиш муддатини ўзи мустақил белгилаши лозим. Бу муддат ҳукумат томонидан белгиланиши, яъни чекланаши мумкин эмас. Чунки бу яшаш жойини танлашда фуқаро ҳуқуқлари чекланганини англатади.

Якунда қандай қарор қабул қилинди?

РФ Конституциявий Суди юқоридаги барча ҳолатларни инобатга олиб, ҳукумат қарори билан тасдиқланган қоидаларнинг 10, 11 ва 21-бандларини РФ Конституциясининг 27-моддаси (1-қисм) ва 55-моддасига (3-қисм) зид, дея баҳолаган.

Яшаш ва турар жойи бўйича қайд этишни рад қилиш асослари ҳамда қайд этишнинг 6 ойлик муддатини белгилаш тартиби РФ Конституциясига мос эмаслиги сабабли бекор қилинган. РФ Конституциявий судининг қарори охирида ушбу қарор якуний қарорлиги, унинг устидан шикоят киритилиши мумкин эмаслиги ва эълон қилиниши билан дарҳол кучга кириши белгилаб қўйилган.

Кейинчалик ҳукумат қарорларига тегишли ўзгаришлар киритилди. Бугунги кунда Россияда турган жойи бўйича рўйхатдан ўтишнинг чекланган муддати йўқ, шунингдек ваколатли органлар рўйхатдан ўтишни рад қилишга ҳақли эмас.

Шунингдек, 2004 йилдаги ўзгаришларга биноан, рўйхатдан ўтмасдан яшаш муддати 10 кундан 90 кунгача узайтирилди. Яъни бошқа ҳудудга 90 кундан кўп бўлмаган муддатга келган фуқаролар ҳеч қандай рўйхатдан ўтиши, ҳеч кимга ҳеч қандай ҳужжат топшириши шарт эмас.

Хулоса ўрнида

Мана, кўриб турганингиздек, Россия Федерацияда прописка билан боғлиқ можаролар бундан 25 йил олдин бошланган бўлиб, ушбу тизимнинг конституциявий ҳуқуқларга дахл қилувчи қоидаларига қарши фуқаролар, кенг жамоатчилик ва ҳаттоки вилоят губернаторларию федерал ҳудуд раҳбарлари ҳам кураш олиб борган. Курашларнинг барчаси қонунда белгилаб қўйилган доирада (кўчаларда тўс-тўполон ёки жанжаллар билан эмас) олиб борилган. Яъни, фуқароларнинг оҳу-зорини эшитиб, уларнинг даъволарини қаноатлантириб, ҳукуматнинг ноқонуний қарорларига қарши чиққан ташкилот – Россия Федерациясининг Конституциявий Суди бўлган.

P.S.: шунчаки солиштириш учун айтиш мумкинки, РФ Конституциявий Суди 1995 йилдан буён жами 557та қарор қабул қилган. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди эса худди шу муддат ичида атиги 32та қарор чиқарган холос.

Хушнудбек Худайбердиев, ҳуқуқшунос.

Мавзуга оид