Спорт | 01:38 / 21.12.2018
8791
2 дақиқада ўқилади

III Параосиё ўйинлари ғолиб ва совриндорлари муносиб тақдирланди

III Параосиё ўйинларида ғолиб ва совриндорлар бўлган ўзбекистонлик спортчиларни пул мукофотлари билан тақдирлаш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойишлари имзоланганди.

20 декабрда Олимпия шон-шуҳрати музейида ушбу мукофотларни эгаларига топшириш маросими ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов, Паралимпия Миллий ассоциацияси раиси Улуғбек Мирҳайдаров ва бошқалар иштирок этишди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди

Дастлаб, Президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2018 йил 4 декабрь куни имзоланган “III Паросиё ўйинларининг ғолиблари ва совриндорларини тақдирлаш тўғрисида”ги Фармойишини ўқиб эшиттирди.

Унга кўра, Параосиё ўйинлари олтин медали соҳиблари 5000, кумуш медал совриндорлари 3000, бронза медалига эга чиққан спортчиларга 2000 АҚШ доллари миқдоридаги, шогирдлари олтин медални қўлга киритган мураббийлар 2500, кумуш медал 1500, бронза медалга эга чиққан спортчиларимизнинг мураббийлари эса 1000 АҚШ доллари миқдоридаги мукофот пули билан бирма-бир тақдирланишди.

Маълумот учун, жорий йилнинг 6-13-октябрь кунлари Индонезиянинг Жакарта шаҳрида бўлиб ўтган III Параосиё ўйинларида 42 та давлат спорт делегацияси иштирокида 2831 нафар спортчи иштирок этди.

Ушбу мусобақаларида спортнинг 17 та тури бўйича 421 комплект медаллар ўйналди. Ўзбекистон спорт делегацияси ўйинларда 5 та спорт турида (дзюдо, енгил атлетика, сузиш, ўқ отиш ва пауэрлифтинг) 54 нафар спортчи билан иштирок этди.

Ўзбекистон терма жамоаси умумий ҳисобда 35 та олтин, 24 та кумуш, 18 та бронза, жами 77 та медалга сазовор бўлиб, умумжамоа ҳисобида 42 та давлатдан 5-ўринни эгаллади ҳамда ўзбек спорти тарихидаги Параосиё ўйинларида медаллар бўйича энг яхши натижани қайд этган.

Мавзуга оид