Ўзбекистон | 20:30 / 21.12.2018
46416
2 дақиқада ўқилади

Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкент шаҳри ҳокими лавозимига расман тасдиқланди

Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини вақтинча бажариб келаётган Жаҳонгир Ортиқхўжаев лавозимидан «в.б.» қўшимчаси олиб ташланди ва у шаҳар ҳокими этиб расман тасдиқланди.

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар сессиясида ташкилий масала кўрилди. Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини вақтинча бажариб келаётган Жаҳонгир Ортиқхўжаев номзодини шаҳар ҳокими лавозимига тавсия этди. 

«Тошкент мамлакатимиз учун қанчалик муҳимлигини ҳаммангиз яхши биласиз. Бу ерга раҳбар қўйиш ҳам осонмас. Шуни инобатга олиб, Жаҳонгир Ортиқхўжаевни ҳоким вазифасини бажарувчи сифатида 8 ойдан буён синадик. Тўғрисини айтиш керак, у шаҳарга келиб, муҳитни ўзгартиришга эришди. Ҳокимликнинг обрўсини оширди, тадбиркорларни ўзига эргаштира олди. Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкент шаҳрининг шароитини, унинг иқтисодий-ижтимоий салоҳиятини, бу ердаги одамларни ва фаолларни яқиндан билади. Энг асосийси, қандай қилиб одамлар учун иш жойи ташкил этишни яхши билади», - дея давлати раҳбари сўзларини келтирмоқда президент матбуот хизмати. 

Akfa Group компаниялари асосчиси ва раҳбари, ишбилармон бўлган Жаҳонгир Ортиқхўжаев шу йилнинг апрель ойи охирида Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланганди.

2012 йилдан буён Тошкент шаҳрига ҳокимлик қилган Раҳмонбек Жаҳонгирович Усмонов шу куннинг ўзида Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимига ўтказилганди

Мавзуга оид