Жамият | 20:15 / 27.12.2018
13878
2 дақиқада ўқилади

Мурожаат натижаси: Фермерга ер ажратилди

Kun.uz ижодий гуруҳи халқдан тушаётган мурожаатларни ўрганиб жамоатчиликка тақдим этиб келади. Мурожаатлар тегишли мутасадди ташкилотлар томонидан ўрганилиб қонуний ҳал этилганлари ҳам, беэътибор қолдирилганлари ҳам учраб туради.

Ёдингизда бўлса, таҳририятнинг ноябрь ойидаги суриштирувларидан бирида 1 миллиард сўмга яқин маблағга наслли қорамол олиб келган фермернинг муаммолари ҳақида мақола эълон қилинган эди. Мақоланинг қисқача мазмуни шундай: Қашқадарё вилоятининг Касби туманида фаолият олиб борувчи «Денов Насл Чорва» МЧЖ чорвачиликни ривожлантириш бўйича Касби туманининг 2017-2021 йиллар ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига киритилган. Дастурни амалга ошириш мақсадида Касби Халқ банкидан 117 минг АҚШ доллари миқдорида кредит олган ва пулларга Украинадан 2018 йилнинг 2 сентябрь куни 69 бош наслли қорамол олиб келинган. Бир неча марта Касби тумани ҳокими номига чорва молларига озуқа захираси яратиш учун ер сўраб ариза билан мурожаат қилган, бироқ уринишлари зое кетган.

Ўша фермер куни кеча мазкур масала юзасидан таҳририятга хабар берди. Унинг айтишига кўра, мақоладан кўп ўтмай Касби туман ҳокимининг қарори чиқарилган ва «Денов Насл Чорва» МЧЖ га чорва моллари учун жами 32 гектар ер майдони ажратиб берилган. Қарорда ушбу ер майдонини 49 йилга ижарага бериш назарда тутилган. 

Хужжатда айтилишича, ер участкаларини бериш комиссияси қарорига биноан ер ажратилган.

Умид қиламизки, халқ йўлида хизмат қилувчи фидойи фермерларимиз ҳокимиятга мурожаатлари оммавий ахборот воситаларида бонг урилмасдан ҳам ҳал этилаверади.

 

Мавзуга оид