Light | 00:34 / 29.12.2018
41156
3 дақиқада ўқилади

Ходимни ишдан кетказишдан аввал эътиборга олиниши лозим бўлган уч омил

Эртами ёки кечми раҳбарлар кимнидир ишдан бўшатишига тўғри келади. Бу қарорни қабул қилиш осон бўлмайди, ахир вазиятни объектив баҳолаш зарур.

Айтишади-ку, ходимни ишга олиш жараёни аста-секин, бўшатиш эса тез бўлиши керак, деб. Тадбиркор Адам Борнштейн бу фикрга қарши. У ишдан кетказиш тўғрисидаги қарорни шошилмасдан қуйидаги жиҳатларни ўйлаб кўрган ҳолда қабул қилиш лозим, деб ҳисоблайди.

Борнштейн ходимнинг компанияга кераклилигини учта хусусият бўйича баҳолашни таклиф этади.

Самарадорлик

Бу ходим умумий ишга қандай ҳисса қўшяпти?

Самарали ходим нафақат раҳбар томонидан белгиланган вазифаларни бажарибгина қолмай, бундан-да кўпроқ ишларни ҳам амалга оширади. Одатда минимал ҳисса етарли эмас. Айнан у туфайли кўплаб кичик бизнеслар уч йилнинг ичида касодга учрайди.

“Мен айтган ишнигина бажаринг” муносабати компанияни жар ёқасига олиб бориши мумкин. Яхшиси ходимларга бизнес ривожи учун нимани амалга оширишларини кутаётганингизни тахминан тушунтиринг ва бундан-да кўпроғини кутишингизни билдиринг. Агар ўрнатилган чегаралардан чиқсангиз, рақобатбардош афзалликка эга бўласиз. Муваффақият учун имкониятлар чегарасидан бироз бўлса-да чиқиш керак.

Самарадорлик ва имкониятлар

Ходим компания ишини яхшилашда қандай ёрдам беряпти?

Агар ходим компания ишини ривожлантиришда иштирок этмаётган, унга янги имкониятлар қўшмаётган бўлса, балки бундай ходим нима учун зарурлиги борасида ўйлаб кўриш керакдир?

Шахсий жиҳатлар

Ходим жамоадаги муҳитга қандай таъсир қилади?

Ходимнинг шахс сифатидаги қадри, санаб ўтилаётган бизнес жиҳатлар каби муҳим. Балки ҳурмат, одамлар билан мулоқот қилиш ва ғамхўрлик ҳисоботларингизда акс этмаса ҳам, аслида улар компаниянинг ички ва ташқи фаолияти ҳамда ўсишига сезиларли таъсир кўрсатади.

Ана шу уч жиҳатга мос келмаганда ходимни ишдан бўшатишингиз керакми? Агар унда ҳатто биттаси етишмаса ҳам бундай ходимни компанияда олиб қолиб таваккалчиликка йўл қўйяпсиз. Агар ходим юқоридаги талабларга жавоб берса, вазифангиз — у муносиб лавозимни эгаллаши учун барча шароитни яратиб бериш.

Мавзуга оид