Ўзбекистон | 10:35 / 09.01.2019
16346
5 дақиқада ўқилади

Халқ таълими тизимини ривожлантириш концепцияси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан “Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача халқ таълим тизимини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги президент фармони лойиҳасини муҳокама этиш учун эълон қилинди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Концепцияда 2030 йилгача Ўзбекистон Республикаси халқ таълими тизимини ривожлантириш концепцияси ҳамда уни амалга ошириш учун йўл харитаси тасдиқланиши таклиф этилган. Ушбу ҳужжат мамлакатда 2030 йилгача халқ таълимини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар белгиланган.

Концепциянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

• Узлуксиз таълим, шунингдек, профессионал кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини мазмунини сифат жиҳатдан янгилаш;
• Таълим бериш методларини такомиллаштириш, ўқув жараёнини индивидуаллаштириш тамойилларини босқичма-босқич амалга ошириш;
• Халқ таълими тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда инновацион лойиҳаларни жорий этиш;
• Халқ таълими тизимидаги таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва бюджет маблағларини молиялаштириш самарадорлигини ошириш;
• Ёшларни тарбиялаш, шунингдек, уларнинг бандлигини таъминлашда мактабдан ташқари таълимнинг замонавий усуллари ва йўналишларини жорий этиш.

Концепция лойиҳасида таъкидланишича, 2019 йил 1 январь ҳолатига кўра Ўзбекистон Республикасида 9691 та умумтаълим мактаблари (жумладан, айрим фанларни чуқур ўрганиш бўйича 335 та давлат ихтисослаштирилган мактаблар) мавжуд. Айни вақтда умумтаълим мактабларида 5,2 миллиондан ошиқ ўқувчи, шунингдек 37 та нодавлат таълим муассасасида эса 7,5 мингга яқин ўғил-қиз таҳсил олмоқда.

Концепцияда шунингдек, халқ таълими соҳасидаги мавжуд муаммолар кўрсатилган. Хусусан, мазкур муаммолар мактаб маъмурияти тизимида ҳам мавжуд. Жумладан, маҳаллий давлат идоралари мактабларга ёрдам бермаслиги таъкидланган. Бундан ташқари, давлат таълим хизматлари даражаси аҳоли талаб ва таклифларига жавоб бермайди.

Фармон лойиҳасида умумий ўрта таълимни методик таъминлашда камчиликлар мавжудлиги таъкидланади. Дарсликларнинг муқобил варианти мавжуд эмас. Мактабларни моддий-техник жиҳозлаш ва молиялаш тизимида ҳам муаммолар мавжуд.

Мазкур концепция халқ таълим тизимининг ривожланишининг асосий йўналишларини белгилайди. Ҳужжатга биноан, тараққиётнинг устувор йўналишлари таълим мазмунини модернизациялайди. Таркибий ўзгаришлар ҳамда сифатли таълимнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлайди.

Концепцияда келажакда инновацион иқтисодиётни яратиш учун зарур бўлган касбларни эгаллашда асқатадиган чет тиллари, информатика, математика, физика, кимё ва биология каби соҳаларда компетенциявий таълим моделини яратиш мақсадида умумий ўрта таълим мазмунини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар кўрилади. Янги ўқув стандартлари, дастурлар, дарсликлар ва ўқув қўлланмалар инновацион тарзда яратилади.

Ўқувчиларнинг касб-ҳунар танлаши, профессионал касбни эгаллаши ҳамда уларни замонавий касбларга тайёрлашда ўғил-қизларнинг қобилиятини ривожлантириш учун барча шароитлар яратилиши кутилмоқда.

Махсус таълимни ривожлантириш мақсадида психологик ва педагогик ёрдамга муҳтож болалар таълими ҳамда тарбиясига ота-оналарнинг ҳам жалб этиш белгиланган.

Шунингдек, ўқитувчи ва раҳбарлар фаолиятининг самарадорлигини ошириш мақсадида, қолаверса, уларнинг таълим жараёнида замонавий технологияларидан фойдаланишини инобатга олган ҳолда халқ таълимида янги иш ҳақи тизимини жорий этиш режалаштирилган.

Таълим ва ишлаб чиқариш комплекслари, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари ўртасида ҳамкорлик муносабатлари шакллантирилади. Биргаликда меҳнат бозори ўрганилиб, ногирон болаларни ўқитиш учун инклюзив таълим тизими яратилади, Жумладан, умумий таълим муассасаларида махсус асбоб-ускуналар (кўтариш аппаратлари, рампалар, тиргак ва бошқалар) ўрнатилади. Шунингдек, таълим муассасалари тегишли инсон ресурслари (педагогик дефектологлар, болаларни психологик ва педагогик қўллаб-қувватлаш мутахассислари) билан таъминланади.

Таълим ютуқларини баҳолашда халқаро тадқиқот дастури (PISA) доирасида умумий ўрта таълим сифатини баҳолашнинг миллий тизими яратилади.

Концепция доирасида умумтаълим муассасалари, айниқса олис қишлоқ ҳудудларида жойлашган мактабларнинг таълим ресурслари таъминоти сифатини яхшилаш бўйича, шунингдек, барча таълим масканларининг Интернет тармоғига уланишини таъминлаш ва ўқув жараёнини компьютерлаштириш даражасини ошириш бўйича чоралар кўрилади.

Чекка ҳудудлардаги таълим муассасаларида ўқитувчилар ишининг жозибадорлигини ошириш учун шароитлар яратиш режалаштирилган.

Доимий равишда ногирон болаларга кўмак берилади ва улар таълим муассасаларига қамраб олинади. Бундан ташқари, нодавлат таълим муассасалари тармоғи, шунингдек, давлат-хусусий сектори ҳамкорлигида фаолият юритувчи таълим муассасалари тармоғи кенгайтирилади.

Мазкур концепцияни амалга ошириш натижасида Ўзбекистондаги таълим муассасаларида янги давлат таълим стандартлари ҳамда ўқув дастурлари жорий этилади. Шу билан бирга, умумий ўрта таълимга оид замонавий инновацион ҳамда иқтисодиёт талабларига жавоб берувчи СТEАМ фанлари яратилади, дейилади хабарда.

Мазкур ҳужжат лойиҳасининг муҳокамаси 2019 йилнинг 22 январигача давом этади.

Мавзуга оид