Ўзбекистон | 14:40 / 10.01.2019
20074
2 дақиқада ўқилади

Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигига янги директор тайинланди

Фото: Ўзбекистон Шахмат федерацияси матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигига (ЛБМА, русчасига — НАПУ) директор тайинланди, деб хабар бермоқда Kun.uz манбаси.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 9 январь куни имзоланган тегишли фармонга кўра, Дмитрий Романович Ли Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори лавозимига тайинланди.

Дмитрий Ли меҳнат фаолиятини халқ таълим тизими таъминоти соҳасида бошлаган, кейинчалик машинасозлик ва металлургия соҳасида турли раҳбарлик лавозимларини эгаллаб келган.

2017 йил август ойидан ҳозирги кунгача Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигида директорнинг биринчи ўринбосари сифатида ишлаб келаётганди. 2018 йил июнь ойида Дмитрий Ли Ўзбекистон шахмат федерацияси раҳбарига айланган эди.

Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг аввалги директори Шуҳрат Содиқов 2018 йилнинг август ойи бошларида Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири этиб тайинланганди.

Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 24 июлдаги фармони билан ташкил этилган. 2018 йил декабрида ЛБМА электрон ҳукумат соҳасида ваколатли органга айланди (июлда эса Президент ушбу агентликни рақамли иқтисодиётни татбиқ этиш ва ривожлантириш соҳасида ваколатли орган этиб белгилаган эди).

Мавзуга оид