Жамият | 16:45 / 12.01.2019
11984
3 дақиқада ўқилади

Мурожаат натижаси: ногиронлиги бўлган шофирконлик аёлга кўмак берилмоқда

Kun.uz сайтида 2018 йил 2 январь куни «Шофирконда ногиронлиги бўлган бошпанасиз аёл йиғлайди, уч фарзанди совуқдан титрайди» номли мақола эълон қилинган эди.

Унда шофирконлик ногиронлиги бўлган Мамлакат Содиқованинг уч фарзанди билан оғир шароитда яшаётганлиги баён қилинганди.

Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро вилояти, Шофиркон тумани ҳокими Ж.Равшанов номидан хат келди.

 

Хатда таъкидланишича, мақолада келтирилган ҳолатлар ишчи гуруҳ томонидан ўрганиб чиқилган ва бу оилага барча зарур кўмаклар берилган.

Ушбу маълумотни ўрганиш учун яна Шофиркон туманига йўл олдик ва Мамлакат Содиқованинг ижарадаги хонадонида бўлиб, у билан суҳбатлашдик. Ўрганишимиз давомида Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Ф. Ибрагимова, Шофиркон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Р. Каримов ҳам иштирок этди.

Ҳақиқатан ҳам айни вақтда бу оиланинг яшаш тарзи ижобий томонга ўзгарган. Вилоят ва туман ҳокимликлари томонидан газ плита, музлатгич, телевизор, болалари учун каравотлар, жиҳозсиз уйларга гиламлар, диван, янги кўрпа-тўшаклар етказилган. Хонадонга узилган газ қайтадан улаб берилган. Ногиронлиги бўлган 12 ёшли қизининг ногиронлик аравачаси янгиланган.

Мамлакат Содиқова ва унинг фарзандларининг соғлиги тиббиёт ходимлари томонидан назоратга олинган. Барча зарур дори-дармонлар берилиб, тиббий муолажалар олиб борилмоқда.

«Бизга ёрдам берган барчага раҳмат айтмоқчиман. Ҳокимлик масъуллари катта ёрдам берди. Шунингдек, мақола эълон қилингандан кейин жуда кўп яхши инсонлар қўнғироқ қилиб, озиқ-овқат ва пул маблағлари бериб кетишди. Ҳалигача ҳол-аҳвол сўрашмоқда», – дейди Мамлакат Содиқова биз билан суҳбатда.

Маълум бўлишича, вилоят ва туман ҳокимлиги, қолаверса, яхши инсонлар кўмаги билан оиланинг уй-жой масаласи ижобий ҳал этилмоқда.

«Уйга муҳтож ва эҳтиёжманд аёлларимиз бор. Бу аёлнинг муаммосини вилоят ҳокими билан муҳокама қилдик. Вилоят раҳбари барча туманлар масъулларига шу каби оилалар учун тайёр бино топиб, оилавий ётоқхона сифатида жиҳозлашга топшириқ берди. Ўйлайманки, бу орқали барча шу каби оилаларнинг уй-жой масаласи ечим топади», – дейди Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Ф.Ибрагимова.

Муҳими, мутасаддилар ва яхши инсонлар кўмагида оғир шароитда яшаётган бир оиланинг муаммолари ечим топди.

Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид