Жамият | 18:39 / 14.01.2019
26830
5 дақиқада ўқилади

Хоразмда Вазирлар Маҳкамасининг 97-сонли қарори ижроси нега тўлиқ бажарилмаяпти?

Яқинда Kun.uz таҳририятига Хоразм вилоятида яшовчи фуқародан мурожаат келиб тушди. Мурожаат ҳозирда жуда катта ва асосий муаммолардан бири бўлиб қолаётган Вазирлар Маҳкамасининг 97-сонли «Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарни қоплаш» тўғрисидаги қарорининг тўлиқ ижро этилмаётгани хусусида эди. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган Хамдам Бекчановнинг муаммосини жойига бориб ўргандик.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Маълум бўлишича, Урганч шаҳар ҳокимининг 2011 йил 8 августдаги қарорига асосан, Х.Бекчановга тегишли бўлган, Урганч шаҳри, «Тинчлик» кўчаси, 6-манзилда жойлашган 1783,42 кв.м майдондан иборат нотурар жой биноси алоқа коллежи қуриш учун бузиб ташланган. Эвазига «Э.Раҳим» кўчасидан якка тартибда уй-жой қуриш учун 420 кв.м ер участкаси ажратиб берилган ва мажбуриятнинг бир қисми бажарилган.

Урганч шаҳар ҳокимининг 2011 йил 12 январдаги қарорига кўра, бузиб олинган нотурар жой биноси учун Урганч шаҳар «Саноатчилар» кўчасидан 1200 кв.м ва 583,42 кв.м ер майдони ажратиб берилган. Бироқ фуқаро буни рад этган. Чунки, унинг бузилган нотурар жой биноси шаҳардаги энг марказий нуқтада жойлашган эди. Таклиф этилаётган ҳудуд эса четроқда жойлашган. Табиийки, фуқаро бунга рози бўлмаган ва бу қарорлар бекор қилинган.

Кейинроқ фуқарога ҳокимнинг янги қарори билан янги ер майдони ажратилган. Бироқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 9 октябрдаги «Хоразм вилоятида умумтаълим мактаблари ўқувчи ёшлари ўртасида «Умид ниҳоллари-2015» республика спорт мусобақалари финал босқичини юқори савияда ўтказишга тайёргарлик кўриш тўғрисида»ги баённома ижросини таъминлаш мақсадида шу ҳудудда жойлашган коллеж йўли лойиҳаси ўзгартирилган. Бунинг натижасида Х.Бекчановга берилган ҳудуд 144 кв.м га қисқартирилган.

Ҳозирда Х.Бекчановга иккита жойдан ер майдони таклиф этилган. Таклиф этилган ҳудудларни бориб кўздан кечирдик. Бири қабристонга яқин ҳудудда жойлашган. Маълумки, Хоразм вилоятининг аксар ҳудудларида ер ости сувлари тупроқнинг юқори қатламига яқин. Шу сабабли қабрлар дўппайтириб қурилади. Фуқаронинг айтишича, ёз ойларида бунинг натижасида атрофга нохуш ҳид тарқайди. Иккинчи ҳудуд эса жуда ичкарида жойлашган. Кириш йўллари ҳам талабга жавоб бермайди. Мурожаатчи кўзлаган соҳасида тадбиркорлик қилишга ноқулай жой деб ҳисоблайди.

Муаммони тўлиқ ўрганиш мақсадида изоҳ олиш учун шаҳар ҳокимиятига бордик ва Урганч шаҳар ҳокими Шухрат Абдуллаевнинг қабулида бўлдик. Ҳоким бу масала юзасидан ўз изоҳини берди. Муаммо тез орада ижобий ҳал этилишини ваъда қилди. Биз эса вазият ўзгаришини кутамиз.

Қайд этиш керакки, бундай ҳолатлар борган сари кўп учрамоқда. Очиқ айтиш керак, 97-сонли қарор ижроси жойларда белгиланганидек ижро этилмаяпти. Тартибига эса деярли риоя қилинмай келинмоқда. 

Қарорга кўра, фуқаронинг кўчмас мол-мулки давлат ихтиёрига олиб қўйилишидан аввал у билан келишув битими имзоланиши керак. Шунга кўра, ҳокимият томонидан мулки олинган фуқарога етказилган зарар қоплаб берилиши керакмасмиди? Қарорда олинган кўчмас мулки жойлашган ҳудудга тенг баробар ҳудуддан жой ажратилиши белгиланмаганмиди? 

Нега ҳокимлар баъзи ҳолатларда бу талабларни четга суриб қўймоқда? Нега баъзи ҳолатларда мулк бузиб ташланганидан кейин қарор талаблари секин-асталик билан бажарилмоқда? Ёки умуман бажарилмайди? Қарор яхши ишлаб чиқилган, эътироз йўқ. Унда керак бўлса, тафовутини ҳам тўлаш кўрсатилган. Х.Бекчанов билан боғлиқ вазиятда эса тадбиркорга ҳатто компенсация ҳам етарли даражада берилмаган.

Қонунчилик назоратини амалга оширувчи ташкилотлардан мазкур қарор ижроси тулиқ амалга оширилишида ташаббус кўрсатишларини сўраймиз. Қонунчилик ташаббусига эга ташкилотлардан эса мазкур муаммоларга келажакда тўлиқ реализация қилиш мумкин бўлган муқобил ечим беришни кутиб қоламиз.

Зафарбек Солижонов мухбир,
Шерзод Эгамбердиев тасвирчи

Мавзуга оид