Спорт | 23:40 / 16.01.2019
12110
2 дақиқада ўқилади

Осиё Кубоги. Эрон-Ироқ тўқнашувида дуранг, Қирғизистон плей-оффга чиқди

Бирлашган Араб Амирликларида Осиё Кубогининг гуруҳ босқичи ниҳоясига етмоқда. Бугун «D» гуруҳида ҳам сўнгги тур ўйинлари бўлиб ўтди.

Гуруҳ босқичининг энг марказий ўйинларидан бири – Эрон-Ироқ баҳсида голсиз дуранг қайд этилди. Натижада, ҳар иккала жамоа 7тадан очко жамғарди. Тўплар нисбатига кўра эронликлар биринчи, ироқликлар иккинчи ўрин билан плей-оффга чиқишди.

Параллел кечган баҳсда Вьетнам терма жамоаси Яман билан беллашиб, 2:0 ҳисобида ютди. Натижада, 3 очко билан учинчи ўринни эгаллади. Бу жамоа тақдири гуруҳ босқичининг бошқа ўйинлари якунлангач маълум бўлади. Яман бирорта очко жамғармай уйига равона бўлди.

Вьетнам илк очколарини ишлаб олиш билан бирга тўплар нисбатини 4:5 кўринишига келтирди. Бундан аввалроқ «С» гуруҳида Қирғизистон терма жамоаси Филиппинни 3:1 ҳисобида мағлуб этиб, 3 очко ва 4:4 тўплар нисбати билан учинчи ўринни қўлга киритган эди. Вьетнам қайд этган натижадан сўнг, қирғизистонликларнинг учинчи ўринни эгаллаган энг яхши тўртта жамоа ичига кириши ва плей-офф йўлланмасини қўлга киритгани ойдинлашди.

Маълумот учун, Қирғизистон Осиё Кубогида илк маротаба иштирок этмоқда.

1/8 финалда Қирғизистон терма жамоасига БАА терма жамоаси рақиб бўлади. Бунга қадар плей-оффнинг илк жуфтлиги Таиланд–Хитой қарама-қаршилиги бўлиши ойдинлашган эди.

Эслатиб ўтамиз, эртага «E» ва «F» гуруҳларида тўртта ўйин бўлиб ўтгач, гуруҳ босқичига якун ясалади. Нимчорак финал ўйинлари 20-22 январь кунларига белгиланган.

Мавзуга оид