Спорт | 12:29 / 17.01.2019
25621
8 дақиқада ўқилади

Ёндашув. Япония билан қандай ўйнаймиз?

Бугун Осиё кубогида гуруҳ ўйинлари ўз якунига етади ва миллий жамоамиз сўнгги учрашувида майдонга тушади. Шу ўринда ташкилотчиларнинг тақвимни тузишда бироз нотўғри ёндашганликларини таъкидлаш жоиз. Яъни, тақвимга кўра, ҳар бир гуруҳдаги рейтинги кучли икки жамоа дастлабки икки турда рейтинги паст икки жамоа билан навбати билан ўйнаши кўзда тутилганди. Табиийки, аксарият гуруҳларда фаворитлар ғалаба қозонишди ва расман кейинги босқич масаласини ҳал қилишди. Аммо масалан, фаворитлар тўқнашуви аввалги турларга мос келганда ёки рейтинги пастроқ клуб фаворит билан захирадаги очколари билан тўқнаш келганида, ўйлайманки, ўйинлар қизиқроқ бўларди. Масалан, Ўзбекистон ва Япониянинг 1-турда рўпара келишини тасаввур қилинг.

Ҳозир эса, Ўзбекистон ва Япония кейинги босқич йўлланмасини ҳал қилиб бўлишган. Аммо интриганинг бутунлай йўқлигини айтиб бўлмайди, зеро гуруҳдаги биринчи ва иккинчи ўринлар тақсимланади, бу эса, албатта, жамоаларнинг кейинги тақдирларига ҳам таъсир қиладиган омил. Хўш, бу ўринлар бизга нима беради?

Биринчи ўрин эгаси нисбатан осонроқ рақибларга тушади.

Бизнинг гуруҳ ғолиби Е гуруҳидаги иккинчи жамоага қарши майдонга тушади. Бу рақиб Саудия Арабистони ва Қатар бўлиши мумкин. Савия жиҳатидан бир-бирига мос жамоалар. Саудия Арабистони терма жамоасини биз ўтган Осиё кубогида мағлуб этганмиз. Қатар ҳам биз учун жуда қулай рақиб, Жаҳон чемпионати саралаш ўйинлари ва Осиё Кубокларида бир неча бор тўқнаш келиб, умумий устунлик биз тарафда.

Гуруҳда 2-ўринни оладиган бўлсак эса, Австралия билан ўйнаймиз. Албатта, бу сафар Австралия у қадар даҳшатли кўринмаяпти, аммо биз бу жамоага қарши ўйинларда шу пайтгача очко олиш, ғалаба қозониш тугул, бирорта гол ҳам ура олмаганимизни таъкидлаган бўлардим. Яъни нимчорак финалдаги рақиблар нуқтаи назаридан гуруҳ ғолиби бўлиш бирмунча қулай.

Фақат 1/8 финал эмас, кейинги юриш ҳақида ўйласак ҳам, шу хулосада қоламиз. Сабаби, агар гуруҳ ғолиби бўлиб, 1/8 ни ҳам ютадиган бўлсак, чорак финалда бизни худди Осиё Кубоги-2011 каби, Иордания қарши олиш эҳтимоли катта. Хуллас, гуруҳ ғолиби бўлиш бизга ҳатто ярим финалга боргунча осонроқ “йўлак”ни тақдим этади. Фақат ярим финалда бизни катта эҳтимол билан Эрон терма жамоаси кутиб туриши мумкин.

2-ўринни олсак, яъни Японияга ютқазадиган бўлсак, чорак финалда ҳам кучли рақибга қарши ўйнаймиз. Австралияни ютиб, у ерга борганимизда бизга майдон эгалари БАА терма жамоаси рўпара келади. Тарихда майдон эгаларига қарши ўйинларда яхши статистикага эга бўлсак-да, барибир, плей-офф босқичида мезбонларга дуч келиш анча ноқулай.

Нимчорак финалда рақибга нисбатан ноқулай шароитда қолмаслик керак

Бу ҳам гуруҳда ғолиб бўлишимизни талаб қиладиган ҳолат. Гуруҳда 2-ўринни оладиган бўлсак, ўз ўйинимизни 21 январь куни ўтказар эканмиз. Яъни гуруҳдаги сўнгги учрашувдан кейин 3 кунлик ўртада танаффус бор. Ёмон томони, рақибимиз Австралия гуруҳ ўйинларини биздан 2 кун аввал тамомлаган. Яъни бу вазиятда Австралия 5 кунлик танаффусга ва тайёргарлик учун қулайроқ шароитга эга бўлмоқда.

Гуруҳимиз ғолибига рақиб бўладиган Қатар ёки Саудия Арабистони эса, ўз гуруҳ ўйинларини бугун, ҳатто биздан икки соат кечроқ ўтказади. Демак, бу вазиятда рақибимиз билан тенг шароитга эга бўламиз. 

Ал Айн ёки Шаржа?

Гуруҳда 2-ўрин бўлишимизнинг биргина қулай тарафи бор. Жамоамиз бу ҳолатда Ал Айнда қолади ва нимчорак финални шу ерда ўтказади. Нафақат 1/8 финал, балки чорак финал ҳам шу шаҳарга мулжалланган. Вакилларимиз ҳеч қаерга кўчмай, ярим финалгача бир жойда қолишлари мумкин. Аммо юқорида айтилганидек, икки соатлик йўл ёмонми ёки рақибга нисбатан икки кун кам дам олишми?

Гуруҳ ғолиби бўлсак, Ал Айндан яна Шаржага қайтиб борилади. Чорак финал эса, Дубайда бўлиб ўтади.

Купер қаршисидаги дилемма

Кеча матбуот анжуманида Эктор Купер кейинги босқичда бизга айнан ким рақиб бўлиши у учун умуман фарқсиз эканини айтди ва ҳатто Европа Чемпионлар Лигасида “Валенсия” билан иштирок этганида, бу ҳақида унча қайғурмаганини айтди. Биласизми, бу нимани англатади?

Назаримда, мураббий гуруҳ ғолиби бўлиш, шу орқали, бизнинг наздимиздаги “осонроқ” рақибларга қарши ўйнаш ҳақида қайғурмаяпти. Уни кўпроқ терма жамоамизнинг ўйинларга тайёргарлиги, футболчиларнинг ҳолати кўпроқ ташвишга солмоқда. Бу дегани, Купер бугун майдонга аралаш таркибни тушириши ва бир қатор етакчи футболчиларга дам бериши мумкин. Шу орқали, плей-офф босқичи олдидан тикланиб олинади.

Бир томондан Купернинг эҳтимолий шу қарорини ҳам қувватлаш мумкин. Тасаввур қилинг, гуруҳ ғолиби бўлиш учун бор куч ва имкониятимизни Япония билан ўйинга сарфлаймиз ва масалан, мақсадга эриша олмадик. У ҳолда уч кундан кейин, анча тикланиб олган Австралияга рўпара келишимизга тўғри келади.

Ўзига хос дилемма қаршисида турибмиз, ё бор имкониятни ишга солиб, осон “йўлак” учун курашиб, якунда кўп нарсани йўқотишимиз риски ёки тикланиб олиб, қийинроқ учрашувларга тайёрланиб олиш. Зеро, кучли таркиб Японияни ютади ёки аралаш таркиб аниқ мағлубиятга учрайди, деб ҳам аниқ айтиб бўлмайди.

Шу билан бирга, тажрибада кўп кузатилган ҳолат бор. Терма жамоамиз Туркманистон билан ўйинда жуда чиройли ўйнаб, позитив нотага тушиб олди. Жамоа ўтган ўйинга нисбатан ўсишга эришгани кўрилди, футболчилар ва мураббийларнинг айтишича, ўсиш давом этади. Аммо айнан шундай пайтда ўртада “ярим ўртоқлик” мақомидаги ўйиннинг бўлиши жамоа тонусига салбий таъсир қилиши мумкин. 3-турга панжа ортидан қараган жуда кўп жамоалар плей-оффнинг биринчи ўйинидаёқ катта қийинчиликка дуч келганини эътироф этиш даркор. Мусобақани битта катта ўйин сифатида қарасак, орадаги бўшашишлик, танаффус, аксинча, салбий оқибатларга ҳам олиб келиш эҳтимоли бор.

Қарорни мураббий қабул қилади ва айнан бугунги ҳолатда қайси қарор энг тўғриси эканини ҳеч ким билмайди. Якунда бизни олиб борадиган оқибатга ҳам, қарори туфайли юзага келиши мумкин бўлган салбий ҳолатларга ҳам ечим топиш Купернинг бўйнида. Биз эса, ҳар қандай ҳолатда ҳам футболчиларимизни қувватлаб туришга тайёрмиз.

Эсингизда бўлса, ЖЧ-2014 саралаш ўйинлари 3-босқичида Япония билан сафардаги ўйинимиз худди шундай вазиятга тўғри келган ва биз 2-таркиб билан бориб 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб қайтгандик. Тақдир бизга яна бир бор шунақа бонус тақдим этса не ажаб?

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид