Жаҳон | 00:54 / 17.01.2019
7139
1 дақиқада ўқилади

YouTube’да ҳаёт учун хавфли чақириқлар ва пранклар видеосини жойлаштириш тақиқланди

Фото: REUTERS/Dado Ruvic

YouTube видеохостинги маъмурияти фойдаланувчилар учун қоидаларни янгилади. Компания блогида маълум қилинишича, энди ҳаёт учун хавфли чақириқлар ва пранклар видеосини жойлаштириш тақиқланди. Бундай роликлар ўчирилади.

“Биз ҳаёт учун хавфли челленжлар (чақириқлар) ва жабрдийдалари ўзларини хавфда қолган деб ҳисоблайдиган пранклар ёки болаларда жиддий ҳиссий изтиробларни чақирувчи пранкларни тақиқлаймиз”, дейилган хабарда.

Таъкидланишича, YouTube’да Tide Pod Challenge ёки Fire Challenge каби ҳаёт учун хавфли чақириқларга ўрин йўқ.

Бундан ташқари, видеохостинг видеога ёки кўрилган видеолар рўйхатида ташқи ҳаволаларнинг модерация қилинишини кучайтирди. Жумладан, спам, зарарли дастурлар ва порнографияга йўлловчи ҳаволалар тақиқланди. Сайт маъмурияти видеонинг муқовасига зўравонлик ёки порнография саҳналари акс этган суратларни қўйишни тақиқлади. Қоидабузарлар страйк (огоҳлантириш) олади. 90 кун ичида учта страйк олиш аккаунтнинг ўчирилишига олиб келади.

Мавзуга оид