«Болаларсиз» болалар кутубхонаси
Ўзбекистонда 20та турли вазирлик ва идораларга қарашли 12 мингдан зиёд кутубхона мавжуд. Уларда жами 23 миллиондан ортиқ китоб сақланади. Истаган одам ёши, қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда, китоб мутолаа қилиши мумкин. Шулар орасида аҳолининг энг ёш қатлами учун хизмат қиладиган республика болалар кутубхонаси ҳам бор.
Қизиғи шундаки, кутубхонанинг потенциал аудиторияси бўлган боғча ва мактаб ёшидаги болаларнинг ота-оналари бундай кутубхона борлиги ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмас.
Шунақа кутубхона борлигини биласизми?
Ижтимоий тармоқда ўтказилган сўровномага кўра, ота-оналарнинг 32 фоизи кутубхона ҳақида эшитган, лекин фарзандини унга йўналтирмаган, 11 фоиз ота-она эса кутубхона фаолияти ҳақида ахборотга умуман эга эмас. Қолганлар фарзандлари кутубхона ва унинг жойлардаги филиаллари хизматларидан фойдаланишини маълум қилишди.
Кутубхонанинг фаолияти, унда йўлга қўйилган хизматлар билан аҳолини яқиндан таништириш мақсадида муассаса маъмурияти билан суҳбатлашдик.
Республика болалар кутубхонаси 1965 йилда Алишер Навоий номидаги давлат кутубхонасининг «Ўсмирларга хизмат кўрсатиш бўлими фонди» негизида Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан, вилоятлардаги болалар кутубхоналари учун илмий-услубий марказ сифатида ташкил этилган.
220 мингдан ортиқ китоб захирасига эга бўлган кутубхона боғча ёшидаги болалардан тортиб умумтаълим мактабларининг юқори синф ўқувчиларигача фаолият кўрсатади. Болалар билан бирга келган ота-оналар мутолааси учун мўлжалланган китоблар ҳам мавжуд. Шунингдек, яқин атрофда истиқомат қиладиган кекса нафақахўрлар ҳам кутубхонанинг фаол фойдаланувчилари.
Аудиокитобдан тортиб электрон каталоггача...
Кутубхона директори Дониёр Ўролов китобхонлар учун яратилган турли шароитлар билан таништирди.
– Ўқувчилар бепул обуна бўлган ҳолда, ўзларига ёққан китобни уйга олиб кетиб мутолаа қилишлари мумкин. Болалар учун бепул инглиз тили ва расм чизиш тўгаракларини ташкил қилганмиз. Ўзимиз йўлга қўйган кичкина студияда аудиокитобларни ёзиб, диск кўринишида ҳам тақдим этамиз. Аудио кўринишидаги ва электрон форматга ўтказилган китоблар kitob.uz, odob.uz, taqvim.uz сайтларига жойлаштириб борилади.
Бундан ташқари, ёш китобхонларга қулайлик яратиш мақсадида QR код ёрдамида интернетда осонгина топиладиган электрон китоблар каталоги ҳам йўлга қўйилган. Буюк шахсларнинг ҳаёт ва ижоди ҳақида маълумот берувчи ҳужжатли фильмлар тўплами ҳам боланинг дунёқарашини ўстириш, тарих билан яқиндан таништиришга хизмат қилади.
Республика болалар кутубхонаси қошида Bolalar adabiyoti журнали ҳам ташкил этилган. Унда асосан 19-аср охири, 20-асрнинг биринчи ярмида чиқарилган, лекин қайта нашр этилмаётганлиги туфайли унутилаёзган жаҳон болалар адабиёти намуналари таржима этилиб, чоп этилади. Журналнинг бошқа болалар нашрларидан ўзига хослиги шундаки, ундаги материалларнинг аудиоси, қўшиқларнинг мусиқаси дискка ёзилиб, илова қилинади.
«Бизнинг даврда ҳам шулар эди, ҳозир ҳам шу...»
Кутубхона бўйлаб экскурсия чоғида суҳбат ўз-ўзидан болалар адабиёти намояндаларига бориб тақалди. Дониёр ака бизда болалар адабиёти суст ривожланаётганлиги ҳақида таъкидлади:
– Болалар шоири деганда кўпчилик Зафар Диёр, Пўлат Мўмин, Қуддус Муҳаммадий, болалар ёзувчиси деганда эса Худойберди Тўхтабоев, Турсунбой Адашбоевни эслайди. Мен ҳам болалигимда шуларнинг китобини ўқиганман, орада нечта авлод алмашяптики, ҳозирги болаларнинг қўлида ҳам шу адибларнинг китоби. Қайта-қайта битта китоб нашр этилаверади. Болалар мавзусида қалам тебратадиган адиб йўқ, ҳисоби. Балки бу уларнинг моддий рағбатлантирилмаслиги билан боғлиқдир. Кўпчилик ижодкорлар ёзса ҳам, амал-тақал қилиб китобини нашриётдан чиқаради, кейин эса уни сотолмай сарсон. Бунақада рағбат сўниши табиий.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Норвегияда янги китоб чоп этилса, ҳукумат 1000 нусхасини (агар болалар адабиёти бўлса 1500 дона) сотиб олади ва китоблар мамлакатнинг барча ҳудудидаги кутубхоналарга тақсимлаб, тарқатилади.
Аввал ҳибсхона, кейин кутубхона
Кутубхона биносини айланиш чоғида архитектуравий қурилиши жиҳатдан хонадонни эслатиши, мўъжаз, ичма-ич жойлашган хоначалар, зина билан тушиладиган ертўла қисми диққатни тортади. Директор бунинг ўзига хос тарихини гапириб берди:
«Бинони 1907 йилда бой савдогар ака-ука Водъяевлар ўзлари учун қуришган. Тез орада у генерал-губернатор ихтиёрига ўтказилиб, шаҳар уламоларининг йиғилишлари, баллар учун хизмат қилган. Собиқ совет даврида эса бу иншоотдан сиёсий маҳбусларни сақлаш мақсадида фойдаланилган. Жадидлар — Чўлпон, Қодирий ҳам туҳмат билан ҳибсга олинганда худди шу бинода сақланган. Иншоот тарихий аҳамиятга эга, лекин минг қилганда ҳам мослаштирилган бино. Ўқув заллари, хоналарнинг жойлашувида кўплаб омилларни инобатга олишга тўғри келади».
«Бола ранг-баранг, жозибадор нарсага интилади. Балки ўқувчиларни жалб қилишда бинонинг кўриниши, қулайлиги, дизайнининг ранг-баранг бўлиши ҳам аҳамиятга эгадир», — дея қўшимча қилди у.
«Ташриф буюрувчилар сони кам...»
Ҳар бир бўлимда 19-асрга тегишли эски китоблардан тортиб, янги нашрлар терилган қатор-қатор жавонлар, электрон ва аудио китоблар мутолааси учун мўлжалланган компьютерлар бор. Ходимлар ҳам ўз ишлари билан банд. Фақат негадир ўқувчилар қатнови жуда сийрак. Бўлмаса, айни дарслар тугаб, ҳамма бўшайдиган пайт эди...
«Кутубхонага бир кунда 50-100 нафар атрофида ўқувчи келади. Лекин бу кўрсаткич кам. Шароит қанчалик яхши бўлмасин, бизда негадир мутолаага талабгорлик даражаси паст. Ташриф буюрувчиларнинг аксарияти шу яқин атрофдаги мактаблардан ва қўшни туманлардан...»
Мутахассислиги бўйича филолог Дониёр Ўроловнинг мутолаа учун китоб танлай олишнинг аҳамияти ҳақидаги фикрлари эътиборни тортади:
— Ҳар бир боланинг уйида ўз китоби бўлиши мумкин, лекин уни қачон, қандай китобни ўқишга тўғри йўналтира олиш ҳам муҳим. Бу борада ота-она тўғри танлов қила олмаслиги мумкин, китобнинг мазмуни билан таниш кутубхона мутахассислари эса боланинг ёши, қизиқишларини инобатга олган ҳолда унга мос келадиган адабиётларни танлашга ёрдам беришади. Бола аввал эртак, кейин қисқа ҳикоялардан мутолаани бошлаши керак. Ана ундан кейин мазмунига кўра қисса ва романларга босқичма-босқич йўналтириш мумкин. Агар бола ўқиётган китобининг мазмунига тушунмаса, китобхонликдан мутлақо ҳафсаласи пир бўлиши мумкин.
Кутубхоналар шунчаки китоблар сақланадиган, жавонлар териб қўйилган бино эмас. Мутолаа учун кутубхонага келган боланинг муҳит таъсирида китобхонликка бўлган рағбати ошади, тенгдошлари билан фикр алмашиниш, муҳокама қилиш учун ижодий муҳит юзага келади. Шунинг учун болани фақат дўкондан сотиб олинган 10-15 дона китоб билан чеклаб қўймасдан, унга кенгроқ танлов имкониятини яратиш керак. Шароит эса бор, фақат истак керак.
Кутубхона ҳақида эшитмаганлар учун маълумот ўрнида: Республика болалар кутубхонаси Мирзо Улуғбек тумани, Яҳё Ғуломов кўчаси, 47-уйда, Bibigon кафеси қаршисида жойлашган.
Саодат Абдураҳмонова
Мавзуга оид
00:09 / 01.09.2024
Флорида кутубхоналарида Ҳемингуэй ва Толстой асарлари тақиқланаётгани маълум бўлди
16:36 / 23.07.2024
Халқ зиёли бўлиши учун болалар китоб ўқиши керак – ҳукумат бунда қандай иштирок этади?
17:36 / 30.04.2024
Банклар Тошкентдаги 100 та маҳаллада кутубхона ташкил этади
11:31 / 06.04.2024