Спорт | 23:13 / 21.01.2019
20248
2 дақиқада ўқилади

Одил Аҳмедов: “Ниятимиз мусобақанинг финалигача бориш эди”

Фото: KUN.UZ

БААда ўтаётган футбол бўйича Осиё кубогининг нимчорак финалидан ўрин олган Австралия – Ўзбекистон ўйини (0:0, пенальтилар серияси бўйича 4:2) якунлангач, микст зонада Ўзбекистон миллий жамоаси сардори, Одил Аҳмедов Kun.uz мухбирининг саволларига жавоб қайтарди.

— Ниятимиз мусобақанинг финалигача бориш эди. Лекин плей-оффнинг дастлабки ўйиниданоқ лотерея дейиладиган пенальтилар сериясидан муваффақиятли ўта олмадик. Албатта, натижага эриша олмаганимиздан жуда хафамиз, лекин бу — футбол.

— Австралиялик футболчи биринчи бор зарбада адашганида сиз нега сардор сифатида ўзингиз чиқиб, гол уриб жамоани руҳлантирмадингиз?

— Энди-и… Исломнинг адашишини ким ҳам билибди дейсиз. 100 та шундай зарба берса, 99 тасида гол урар эди. Битта Ислом ёки Маратнинг айби эмас-ку? Ҳар қандай футболчи билан шунақа бўлиши мумкин.

— Мураббий мусобақага олиб келган таркибдан тўлиқ қониқдингизми?

— Бу таркибни бош мураббий (Эктор Купер) ўз тактикасига тушадиган, ўзи хоҳлаган футболчиларни танлаган. Шунинг учун кимдир қолиб кетди, деган фикрга қўшила олмайман.

— Келгуси режаларингиз?

— Ҳозир аниқ бир нарса айтолмайман. Ҳозир бу мағлубиятни ҳазм қилиб, ўйлаб кўришим керак.

Мавзуга оид