Фан-техника | 08:00 / 22.01.2019
26419
7 дақиқада ўқилади

Мутлақо хавфсиз ва қулай мессенжер таклиф қилинмоқда. Мутахассис билан суҳбат

Мессенжерлар. Мулоқот қилиш, бизнес ва бошқарув амалиётида ҳужжат алмашиш ҳамда бошқа қатор қулайликлари сабаб бугун барчамиз унинг фаол фойдаланувчисимиз. Кунда ё кунора мессенжерлар хизматига мурожаат қилишга кўникиб улгурдик. Аслини олганда, кишилар ўртасидаги мулоқотнинг мессенжерларга кўчиши бутун дунёда кечаётган йирик тенденсия ҳисобланади.

Мессенжерлар ҳақида гапирганда ундаги маълумотлар хавфсизлиги масаласига ҳам тўхталиш зарур, сабаби, ахборот алмашинувида хавфсизликнинг таъминланиши ижтимоий тармоқ ва мессенжерларга қўйиладиган дастлабки талабдир. Охирги йилларда кўплаб мамлакатларда маҳаллий мессенжерлар яратиш орқали уларнинг хизматлари ўзлаштирилаётгани инобатга олинса, келажакда ушбу хизматларнинг ҳам маҳаллийлашишини тахмин қилиш мумкин. Айнан хавфсизлик сабаб.

Kun.uz ўтган 2018 йилнинг сентябрь ойида «Pager Ўзбекистонда Telegram ўрнини боса оладими?» сарлавҳаси билан “ORIENT SOFTWARE TEAM” компаниясининг асосчилари томонидан яратилган Pager номли дастур ҳақидаги маълум қилиб, унинг асосчиларидан бири Анвар Каримов билан интервью ташкил қилган эди. Интервьюда ёш дастурчи томонидан ўзбек, қорақалпоқ, рус ва инглиз тилларида ишловчи Pagerʼдан келгусида нафақат мулоқот воситаси балки аҳолига турли йўналишларда хизмат кўрсатишда ҳам фойдаланиш мумкинлиги айтилган эди.

Хўш, ўтган вақт давомида дастурда қандай ўзгаришлар бўлди, фойдаланувчиларнинг Pagerʼга нисбатан фикри қандай? Ана шу саволлар билан дастур яратувчилари, “ORIENT SOFTWARE TEAM” компанияси ходимларига мурожаат қилдик.

- Бундан бир муддат аввал Сайтимиз орқали кенг оммага Pager дастури ҳақида маълум қилган эдик, айтинг-чи, фойдаланувчилар ушбу дастурни қандай кутиб олишди?

Анвар Каримов:

- Pager дастурининг илк фойдаланувчилари уни жуда илиқ кутиб олишди. Асосий қизиқишни IT соҳа мутахассислари билдиришди. Чунки лойиҳа кўлами ва уни амалга оширишдаги мураккабликларни мазкур соҳа вакиллари яхши билишади.

Дастурдан фойдаланиш давомида уни янада такомиллаштириш бўйича ўз маслаҳатларини, таклифларини берган инсонлар ҳам кўп бўлди.

- Аввалги интервьюда дастурни такомиллаштириш бўйича ҳали қилинадиган ишлар кўп, дегандингиз. Айтинг-чи, ўтган вақт давомида компания мутахассислари томонидан дастур устида қандай ишлар қилинди, асосий ўзгаришлар нималардан иборат?

Анвар Каримов:

Дастурда қўл урилган асосий ўзгаришлардан бири унинг бэкенд қисмини такомиллаштирилиши ва оптималлаштирилганлиги бўлди. Андроид платформанинг янги талқини ҳам тўлиқ энг сўнгги замонавий дастурлаш тилида ўзгартириб чиқилди. Бу фойдаланувчиларнинг вақти ва интернет харажатларининг тежалишига хизмат қилади.

Шунингдек, дастурни такомиллаштириш борасида қилинган энг асосий амаллардан яна бири бу шубҳасиз, фойдаланувчиларнинг шахсий ёзишмалари ва маълумотларини ишончли ҳимояланиши борасида бўлди. Биз икки босқичли ва юқори даражали шифрлаш усулларидан фойдаланган ҳолда Pager фойдаланувчиларининг ўзаро хавфсиз маълумот алмашишларини таъминладик.

Дастурга мутлақо янги Peger клоуд (Peger булутли тизим) хизмати қўшилди бу эса фойдаланувчиларга ўзининг катта ҳажмдаги маълумотларини булутли тизимда сақлаш ҳамда мобил воситалар орқали дуч келинадиган хотира жойи етишмовчилиги муаммосини ҳал қилиш имконини беради .

- Ўзбекистондаги интернет фойдаланувчилари Pager орқали нималарни ютади, ундан фойдаланишнинг қандай қулайликлари бор?

Анвар Каримов:

- Биласизми, гап бутунбошли янги мессенжер ҳақида кетяпти. Pager мессенжерини яратиш ва ишга тушириш орқали фойдаланувчиларимизга ҳам арзон ҳам ташқи таъсирлардан ҳимояланган миллий маълумот алмашиш дастурини таклиф этмоқдамиз.

Дастур ўзининг тўлиқ имкониятлари билан ишлай бошлаганда сизда ташқи мессенжерлардан фойдаланишга умуман ҳожат қолмайди. У тўртта: ўзбек, қорақалпоқ, рус ва инглиз тилларида ишлайди. Келгусида янги тилларни қўшиш мумкин.

Матн, расм, контактлар, медиа файлларни юбориш, шунингдек барча фойдаланувчиларни қизиқтирувчи аудио ва видео қўнғироқларни амалга ошириш дейсизми, уйда ўтирган ҳолда коммунал тўловларни амалга ошириш ёки улар ҳақда маълумот олиш дейсизми, барчасини Pager орқали амалга ошираверасиз. Шунингдек, мамлакатимиздаги мавжуд тўлов тизимлари билан ҳам дастурни интеграция қилиш режаларимиз бор. Яна бир қулайлик: дастур Tas-IX зонасида тўлиқ бепул ишлайди.

- Мессенжернинг кенг амалиётга жорий этилиши бироз кўп вақтни олаётгандек...

Анвар Каримов:

- Буни асосий сабаби, биз хусусий ташкилот сифатида фаолият юритамиз ва бизда Pagerʼдан ташқари ҳам бир қанча лойиҳалар мавжуд. Мана шундай лойиҳаларни амалга ошириш ва улардан тушган даромаднинг бир қисмини Pager лойиҳасига йўналтириш орқали ривожлантириб бормоқдамиз.

Ҳозирда дастур серверларини имкониятини маълум даражада яхшиладик. Натижада фойдаланувчилар аввалгига нисбатан тезроқ ва сифатлироқ интернет тезлиги билан таъминлади. Қисқа қилиб айтганда, фойдаланувчиларга маъқул келадиган мукаммал бир дастур яратиш учун ҳаракат қилмоқдамиз, бу эса бироз вақтни олиши табиий.

- Мессенжерни яратишда сизларга ўз ҳомийлик маблағларини таклиф қилган тадбиркорлар ҳам борми?

- Анвар Каримов:

Суҳбат бошида айтганимдек, дастурга қизиқиш юқори. Биз билан ҳамкорлик қилиш мақсадида бир қатор компания ва муассасалар ўз таклифларини билдиришмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳридаги ИНҲА университети билан кадрлар масаласида доимий алоқалар ўрнатилган. Kun.uz интернет сайти мутахассислари билан эса фойдаланувчилар истагидан келиб чиққан ҳолда қўшимча қулайликларни ошириш борасида ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз.

Биз келажакда Ўзбекистон ва қўшни Республикаларда ҳам кенг фойдаланилиши кўзда тутилаётган Pager мессенжери имкониятларини ошириш борасида ҳамкорликни таклиф қилувчи барча компаниялар билан келишувга тайёрмиз.

Компаниямиз миллий мессенжер дастурини ўз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда ривожлантирмоқда. Аммо шуниси аниқки, вақт ўтиб дастурдан фойдаланувчилар сони ошиб борган сари серверга бўлган эҳтиёж ҳам ортиб боради. Бунда пайтда биз билан доимий ишловчи ҳамкорлар зарур албатта.

Шуниси қувонарлики, дастур устида креатив фикрловчи ажойиб жамоа ишламоқда. Бундай жамоа билан ҳар қандай мақсадга эриша олишимизга ишонаман.

Ўзбекистонлик дастурчиларнинг салоҳияти юқори. Биз ана шундай салоҳиятли дастурчилар ва мавжуд потенциал билан йирик лойиҳаларни амалга ошириш мумкинлигига ишонамиз.

- Сиз ва жамоангизга ушбу мақсадларни амалга ошириш йўлида муваффақиятлар тилаймиз.

Анвар Каримов:

- Раҳмат.

Pager дастури ҳақида қўшимча маълумот ва лойиҳада ҳамкорлик учун телефон: +99899 833 24 11

Мавзуга оид