Ўзбекистон | 12:27 / 24.01.2019
27183
3 дақиқада ўқилади

Бухорода беш кишининг ўлимига сабаб бўлган автобус портлаши юзасидан суд бошланди

Жорий йилнинг 23 январь куни жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят Вобкент туман судида Учқун Шаропов, Умрзоқ Яхшиев, Сарвар Нарзуллаев, Бобур Тошев ва Намоз Розиқовларнинг иши юзасидан суд жараёни бошланди.

Улар Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 186-моддаси 4-қисми ”а, б” бандлари (“Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган хизматлар кўрсатиш натижасида одамлар ўлими ва оғир оқибатларга олиб келиш),  228-моддаси 2-қисми “а, б” бандлари (Бир гуруҳ шахслар томонидан такроран ҳужжатларни қалбакилаштириш) ва 228-моддаси 3-қисми (ҳужжатни қалбаки эканлигини била туриб ундан фойдаланиш) билан айбланмоқда.

Суд мажлисининг дастлабки кунида давлат айбловчиси томонидан судланувчиларга нисбатан тузилган айблов хулосасини ўқиб эшиттириб, судланувчилар ва жабрланувчиларнинг кўрсатмалари тингланди.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 18 сентябрь куни соат тахминан 07:30ларда АСГТКШга келган фуқаро В.Қобилов бошқарувидаги “ISUZU” русумли аҳолига транспорт хизмати кўрсатувчи автобусга белгиланган 200 КПа меъёридан ортиқча босимда газ тўлдирган.

Шунингдек, истеъмолчиларнинг ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган хизмат кўрсатилиб, автомашинага ўрнатилган газ баллони юқори босимда газ тўлдирилиши натижасида, автобус ҳайдовчиси В.Қобилов шохобча олдида кутиб турган йўловчиларни автомашинага миндириб, шохобчадан чиқиб, тахминан 1 км.гача бўлган масофа юргандан сўнг, Когон тумани ҳудудидан ўтган А-380 автомобиль йўлининг “Когон-Қоровулбозор” йўналишида ҳаракатланиб кетаётганида, 201-км.да газ баллони портлаган.

Оқибатда автобус салонида бўлган йўловчилар Н.Жумаева, Г.Розиқова, Р.Саъдуллоева, Ф.Эргашева воқеа жойида, Ҳ.Жумаева Когон шаҳар тиббиёт бирлашмасида вафот этган, ҳайдовчи В.Қобилов оғир, қолган йўловчилар Ф.Ботирова ўртача оғир, А.Насуллоев, С.Жўрақулова, М.Жабборова, Ф.Атоева, С.Жўрақулова, М.Саноев, В.Эргашев, Г.Розиқова, А.Шохназарова, Г.Розиқова, Х.Ўринова, М.Бегмуродовалар енгил жароҳат олганлар.

Бундан ташқари, автобус шикастланиши натижасида унинг эгаси В.Қобиловга 58 226,2 минг сўмлик моддий зарар етказилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 сентябрдаги 763-ф-сонли қарори қабул қилинди. Қарорга кўра Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари Нодир Отажонов раислигида комиссия тузилди, у ушбу фожиа содир қилинишига олиб келган сабабларни ўрганиш, вафот этганлар ва жароҳатланганларга ҳар томонлама ёрдамлар кўрсатилиши керак эди.

Ўз навбатида, Бухоро вилоят ҳокимининг 2018 йил 19-сентябрдаги 291ф-сонли фармойиши қабул қилиниб, унга кўра мазкур фожиа натижасида ҳалок бўлганларнинг оилаларига 10 000 000 сўмдан, жароҳат олганларга 5 000 000 ва 2 000 000 сўмдан моддий ёрдам кўрсатилди.

Суд мажлисида 2019 йил 30 январга қадар танаффус эълон қилинди.

Мавзуга оид