Ўзбекистон | 16:40 / 26.01.2019
11712
3 дақиқада ўқилади

Ёшлар Иттифоқи 2 триллион пулни қандай сарфлашини тушунтирди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 27 июндаги «Yoshlar – kelajagimiz» давлат дастури тўғрисида»ги фармонига мувофиқ ташкил этилган «Yoshlar – kelajagimiz» жамғармаси 2019 йилда 2 триллион сўм бюджетга эга бўлганди.  

«Ҳозирги кунга келиб, ҳудудий комиссиялар томонидан манзилли рўйхат шакллантирилди ва республика комиссиясига тақдим қилинган. Ушбу рўйхатда 8913та лойиҳа мавжуд бўлиб, уларнинг умумий қиймати 2 триллион 98 миллиард сўмни ташкил этади», – дейди жамғарма ижрочи директори Бунёдбек Баҳромбеков. 

Маълум қилинишича, ажратилган пулларнинг 1 триллион сўмдан ортиғи ишлаб чиқариш, 600 миллиарддан ошиғи хизмати кўрсатиш, қолган маблағлар эса қишлоқ хўжалиги соҳасига йўналтирилиши кўзда тутилган. 

«Тадбиркорлик билан шуғулланишни истаган ёшлар ҳудудий комиссияга мурожаат қилади, давлат дастурида таъкидланган 4та банд талабларига мувофиқ ҳужжатлар қабул қилинади. Ҳужжатлар республика комиссия тасдиғидан ўтгандан сўнг, лойиҳалар молиялаштирилади», – деб қўшимча қилган ижрочи директор.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузуридаги «Yoshlar – kelajagimiz»​ жамғармаси тўғрисидаги низомга кўра, жамғарма ўз фаолиятида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашига ҳисобот беради.

Жамғарма ўз фаолиятини қуйидаги асосий йўналишлар бўйича амалга оширади:

ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш соҳасида давлат сиёсатини юритишда иштирок этиш, молиявий хизматлардан фойдаланишни кенгайтириш ҳамда имтиёзли кредит ва мол-мулкни лизингга бериш учун ресурслар ажратиш;

давлат дастури доирасида ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш;

ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш орқали иш ўринлари ташкил этиш имконини берадиган давлат, тармоқ ва ҳудудий дастурлар, лойиҳалар ҳамда тадбирларни амалга ошириш да иштирок этиш;

тадбиркорлик субъектларининг инновацион фаолиятини қўллаб-қувватлаш, янги турдаги маҳсулотлар яратиш ва ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, шунингдек ишлаб чиқариш фаолиятига самарали янги технологияларни жорий этишга кўмаклашиш;

илмий-тадқиқот муассасалари билан биргаликда республикада ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришни қўллаб-қувватлашни такомиллаштириш муаммоларини ўрганишга доир комплекс илмий ва амалий тадқиқотларни амалга оширилишида иштирок этиш.​

Мавзуга оид