Жамият | 15:21 / 27.01.2019
37488
8 дақиқада ўқилади

«Менга барча шароити бор уй керак». Мирзачўллик оиланинг уй-жой учун «кураши»

«Менга уй керак. Мирзачўл тумани ҳокими менга уй бермаяпти. Илтимос, эҳтиёжманд оилалар учун қурилаётган уйдан олишимизда ёрдам берсангиз. Иккинчи гуруҳ ногиронман, фарзандим ҳам ногирон, иккимиз ижарада яшаймиз. Жуда қийналиб кетдик. Фарзандим учун дорига пул топайми ёки ижарага пул тўлайми? Аҳволимиз ниҳоятда ачинарли...»

Сиз Жиззах вилояти, Мирзачўл тумани «Мустақиллик» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи С.Н томонидан таҳририятга йўлланган мурожаатнинг қисқача мазмуни билан танишдингиз.

Вазиятни ўрганиш мақсадида Мирзачўл туманига йўл олдик. Туман марказидамиз. Кўча бошида бизни кутиб олган аёл йўл-йўлакай ўз дардини кўзда ёш билан айта кетди:

— Жуда қийналиб кетдик. Уйимизда шароит йўқ. Ижарада яшаймиз. Ишлай десак — иш йўқ. Аёл бошим билан рўзғорни ўзим таъминлайман. Ногирон фарзандимга қарайман. Турмуш ўртоғим ҳам вақтинча ишсиз. Жуда кўп жойга мурожаат қилдим. Халқ қабулхонаси, туман, вилоят ҳатто Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, хуллас, бормаган жойим қолмади. Ҳамма жойда бир хил жавоб: «Сизга туман ҳокимлиги уй бериши керак». Лекин уйдан дарак йўқ. Менинг мурожаатларимга Мирзачўл туман ҳокимлиги панжа ортидан қараб келмоқда. Туман ҳокими ва адлия бошқармаси раҳбари бир бўлиб мени қўрқитиб, тушунтириш хати ёздириб олди. Менга «ёзувчи» деб лақаб ҳам қўйишган. Алам қилгани шуки, Мирзачўл тумани ҳокими Комил Холмуродов «Яна бир марта юқори ташкилотларга мурожаат қилсанг сени маъмурий жавобгарликка тортаман», деб қўрқитди. Менга ёрдам беринг.

Мирзачўл тумани ҳокимлигидамиз. Келтирилган эътирозларга туман ҳокими Комил Холмуродов шундай жавоб қилди:

— Мурожаатчи С.Н.ни жуда яхши танийман. Қабулимда бўлган. У 2018 йил кузида бизга уй олиши масаласида мурожаат қилган эди. Аризачини 2019 йилда уй олувчилар рўйхатга киритиб қўйганмиз, аммо С.Н.га биз тавсия қилаётган уйлар ёқмаяпти. Биттасининг ёнида катта кўча ўтган бўлса, яна бирининг ёнида ариқ ўтган, дейди. С.Н.га унинг талаблари даржасида уй қуриб бериш ва топиш учун менда ваколатнинг ўзи йўқ. Биз мурожаатчининг ва фарзандининг ногиронлигини ҳисобга олиб, рўйхатга киритганмиз. Лекин шуни унутмаслик керакки, туманда С.Н.дан бошқа ҳам шароити оғир, уйга муҳтожлар бор. Менга нисбатан келтирилган айбловлар бўйича шуни айтишим лозимки, мен С.Н.ни қўрқитиб ёки тайзиқ ўтказиб тушунтириш хати ёздириб олганим йўқ, рости, бу айбловга ажабланмайман, чунки мурожаатчи бу ерда ишлаётган барча ходимларни турли айбловлар билан айблаб керакли жойларга хат билан мурожаат қилган. Кейингиси сиз бўлишингизга ҳам шубҳа қилмайман. Уни огоҳлантирганимни тан оламан, чунки туҳмат учун жавобгарлик борлигини эслатиб қўйишни бурчим, деб биламан.

Бунинг устига, комиссия томонидан унинг аҳволи ўрганилганда номида уйи борлиги аниқланган. Айни кунларда суриштирувлар бошланиши билан мурожаатчи ўз номидаги уйни қайноғасининг номига ҳадя тарзда нотариус орқали расмийлаштириб берган. Давлат томонидан ажратилаётган уй-жойлар эса қарорга асосан уй жойи йўқ муҳтожларга берилиши керак эмасми? Мен қонун доирасида иш қиляпман. Шундай бўлишига қарамай, биз мурожаатчига уй берилмайди, демадик. Рўйхатга киритдик.

Туман ҳокимлиги тақдим этган маълумотларда келтирилишича, ҳақиқатдан ҳам айни пайтда мурожаатчи истиқомат қилиб келаётган хонадон аввал С.Н.нинг номида бўлган ва яқиндагина ҳадя сифатида турмуш ўртоғининг акасини номига ўтказиб берилган.

С.Н. бунга жавобан шундай дейди:

— Ҳа, рост, уй менинг номимда эди. Уни турмуш ўртоғим билан акаси шерикчилик асосида иш бошлаш жараёнида олишганди, кейинчалик турмуш ўртоғим билан ака-укалар ўртасида шерикчилик иши фойда келтирмади. Биз қарз бўлиб қолдик, мана энди турар жойимни уларнинг ўзига қайтариб беряпман. Ижарада яшамадим, рост, лекин улар бизга кўп ёрдам қилишган, шу боис уйни шундай бериб юбордим. Туман ҳокимлигига айтинг, суриштирув ишларини бас қилишсин, қариндошларим ва унинг оиласини сўроққа тутмасин. Агар уларни безовта қилаверишса, мен турмуш ўртоғим билан ажрашиб кетаман. Тошкентда ажрим институтлари бор, уларга мурожаат қиламан менга уй берсин. Мен Тошкентга, барча керакли вазирликларга бораман. Аввал ногиронман, деб борган бўлсам, энди боқувчиси йўқ деб бораман. Уларга шу керакми?».

Лаби лабига тегмай гапираётган мурожаатчининг бу жавобини эшитиб, рости ҳайратимиз ошди. «Сизга қандай уй керак ўзи, рўйхатга киритишган-ку?», деган саволимизга эса мурожаатчи шундай жавоб берди: «Менга Гагарин шаҳрида намунали лойиҳалар асосида қурилган имтиёзли уй-жойлардан навбатсиз текин уй керак. Ҳамма шароитлари бўлсин. Ҳовлиси бўлсин, болам ўйнаши учун керак. Фарзандим II гуруҳ ногирони, кам таъминланган оилалар рўйхатида турамиз. Моддий томондан қийналяпмиз».

— С.Н. ҳар сафар мурожаат билан келганида унга тушунтиришга ҳаракат қиламиз. Аммо у тушунишни истамайди. Ҳатто эшитмайди ҳам. Туман ҳокими Комил Холмуродов шу қурилаётган кўп қаватли арзон уй-жойларнинг бош тўловини тўлаб беришга ҳомий ҳам топиб бераман, деб ваъда берди. Лекин бу ҳам уни қаноатлантирмаган кўринади. Балки сизга кулгили туюлар, аммо С.Н. ариза қабул қилувчи оддий котиба қизга нисбатан ҳам турли айбловлар билан туман адлия бўлимига шикоят қилган экан. С.Н.нинг турмуш ўртоғи ишламайди. «Нега турмуш ўртоғингиз ишламайди?», десак, «касал» дейди. Мурожаатчининг ўзи бугун Тошкентда бўлса, эртага Жиззахда, индин Мирзачўлда, у шаҳардан бу шаҳарга бориб келиш учун пул топишни билган, фарзандига дорига пул тополмаслиги ажабланарли. Энг қизиғи, унинг ижарада яшамаслиги ҳам маълум бўлди, — дейди Мирзачўл туман ҳокимлиги бош мутахассиси Ирода Пашшаева.

«Мен айнан шу муаммо бўйича С.Н.нинг қайиноғаси О.Б. хонадонига бориб, у билан учрашдим. Унинг айтишича, хонадон укаси ундан қарздорлиги сабаб уйни ўз номига расмийлаштириб олган», дейди туман ҳокими муовини Холмўмин Ўроқбоев.

С.Н.га имтиёзли шартларда арзон-уй жойлардан бирини олиш учун шакллантирилган рўйхатга киритилгани ҳақида хабар берганимизда, унинг хурсанд бўлишини кутгандик. Аммо бундан қониқмаганини, унга шу тобда тўрт сотихли ҳовли ва барча шароитлари муҳайё (мебель ва барча керакли жиҳозлари билан) уй олиб бера олмаганимиз учун устимиздан юқори органларга арз қилишини билдирди.

На чора, бир инсоннинг дарду-ташвишини деб, елиб-югурсанг-у, у одам сизга «устингдан арз қиламан», деса ғалати бўларкан. Нима ҳам дердик...

Мурожаат юзасидан ўрганишларни якунлаб, ортга қайтар эканмиз, кўнглимиздан бир фикр ўтди: балки ҳикоямиз қаҳрамони юқори ташкилотлардан ёрдам ҳам сўраб, ҳадеб арз қилавергач, қайсидир амалдор безор бўлганидан у хоҳлаган уйни ҳам олиб берар... Лекин бу давлат раҳбари томонидан фуқароларга берилаётган имкониятларни суиистеъмол қилиш эмасми?

Хулоса ўзингиздан.

Гулчеҳра Шарипова,

Kun.uz мухбири

Мавзуга оид