Андижонда врачга қўл кўтаришди. Тиббиёт ходимларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ҳақида қонун долзарб(ми!?)
Инсон ҳаёти давомида турли касалликларга чалиниши табиий ҳол. Бемор бўлмаган, шифокор ва табиб ёнига бормаган кимсанинг ўзи йўқ бўлса керак. Одам туғилиши билан кўз очиб кўрган биринчи одамлари ҳам - онаси ва шифокор бўлади. Бирор жойи оғриган кишига дунё тор бўлиб югурганича шошган жойи эса - шифохона.
Тиббиётчилар боғча, мактаб чоғимиздан бизни соғлом бўлишимизни назорат қилиб борадилар. Улғайган сари уларнинг бизга яқин дўст эканлигини англаймиз. Ҳеч кимга айтмаган сиримиздан ҳам улар воқиф.
Тўғриси, жамиятнинг зиёлилар синфига мансуб, фаолияти инсонларга яхшилик қилишдан иборат бўлган тиббиёт ходимининг аҳоли томонидан уриб калтаклангани ҳақида ёзишнинг ўзи қийин...
Андижонда воқеа қандай содир бўлди?
Андижондаги Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази филиали вилоятдаги энг нуфузли муассасалардан бири ҳисобланди. Филиалда ўз касбининг устаси бўлган юқори савияли мутахассислар фаолият олиб борадилар.
Видео: Tas-IX
Видео: Youtube
Шифохона ва ИИБ ходимлари маълумотларига таянган ҳолда рўй берган салбий воқеа тафсилотларига тўхталамиз:
25 январь куни ярим кечаси салонида уч киши бўлган “Кобалт” автомашинаси Андижоннинг Хортум қишлоғи атрофида ҳайдовчи Д.Т. маст эканлиги сабаб йўл транспорт ҳодисаси содир этади. Автомашина бошқарувида унинг эгаси эмас, балки дўсти бўлган. Симёғочга урилиб дабдала бўлган “Кобалт”нинг салонидаги уч кишидан бири кучли яна бири енгил тан жароҳати олган эди.
Улардан иккитаси республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиали қабулхонасига тунги соат 1:18да кириб келишади. Мурожаат этувчиларни муассаса навбатчи шифокорлари шошилинч кўрикдан ўтказганларида улардан бирининг сон суяги синганлиги аниқланади.
Маълумки, сон суяги синганда бемор кўп қон йўқотиб, “шок” ҳолатига тушади. Шифокорлар беморга зудлик билан реанимацион чора-тадбир қўллаш учун уни жонлантириш бўлимига йўналтиришган. Бемор билан бирга келган маст ҳолатдаги Д.Т эса шифокорларга: “Нега реанимацияга олиб кирасанлар? У оғир касал эмас, мен уни уйга олиб кетаман” дея бақириб, халақит бера бошлайди. Касални шифокорлар “жонлантириш” бўлимига олиб кириб муолажани бошлайдилар. Д.Т. эса аввал рентгенолог врачни ёнига кириб уни бўғиб уради. Яхшиям ёрдамчи кириб, ходимни ажратиб қолади. Сўнг, йўлакда навбатчи врач Р.Мга мушт отади. Оқибатда, ҳар икки тиббиёт ходими турли даражадаги тан жароҳати олган. Бу орада ИИБга хабар берилади ва улар келиб, тегишли ҳужжатларни расмийлаштиргач, қонунбузарни Андижон туман ички ишлар бўлимига олиб кетадилар. Бемор эса РШТЁИМ Андижон филиалида даволаш жараёнида. Ҳодиса бўйича суриштирув ишлари давом этмоқда.
Врачларча андиша ва орият
Ҳодисадан хабар топгач,ИИБ ва шифохона врачларидан маълумот йиғиш ҳаракатига тушдик. Андижон шаҳар ички ишлар бўлими профилактика инспектори ўзидаги бор маълумотларни тақдим қилди. Инспектордан қонунбузарлик қачон, қаерда ва ким томонидан содир этилганлиги ҳақида ахборотни олдик.
Биз эса айнан мана шу ҳодиса сабаб азият чеккан шифокорлар билан суҳбатлашишга уриндик.
Юқорида айтганимиздек, республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиали вилоятдаги энг нуфузли тиббиёт муассасаларидан бири. Бу шифохона аҳоли ўртасида алоҳида ҳурмат ва эътирофга эга. Вилоятнинг энг сара шифокорлари фаолият юритадиган муассасага бир кунда 500 нафардан зиёд беморлар мурожаат қилар экан. Филиалда 25дан зиёд бўлим ва иккита қабулхона мавжуд.
Ўша воқеадан жабр кўрган врачга телефон орқали саволлар берганимизда у минг истиҳола билан: “Ҳеч нарса бўлмади. Бемор билан келган одамни озгина кайфи бор экан. Даҳанаки тортишув бўлди, холос. Юзимдаги из эса ўша пайтда, туртилиб йиқилганимда бўлди, шекилли”, дея жавоб берди. Врач минг истиҳола ва тортиниш билан ўзига қўл кўтарган виждонсиз, маст-аласт кимсани ҳимоя қиларди.
Яна бир жабрланган рентгенолог мутахассис билан эса гаплаша олмадик.
Яна такрорлайман. РШТЁИМда барча ишлар яхши йўлга қўйилган. Ташқи ҳовли, қабулхоналар, бўлимларда кузатув камералари ишлаб турибди. Қарангки, жуда кўп нарсалар камера назаридан четда қолмабди. Бўлиб ўтган воқеанинг бор тафсилотини эса ўша куни қабулхонада навбатчиликда бўлган ҳамкасбларидан билдик. Улар ҳам воқеаларни минг уялиб айтиб беришди.
Қаранг-а?.. Врач, умуман тиббиёт ходими жамиятни олдинга бошлайдиган зиёли вакили. У ишхонага шошилинч кўмак сўраб келган одамларга хизмат қилгани келади. Биров билан уришиш ва муштлашишга тайёр эмас. Шифокорнинг иши эзгулик. Лекин, у бир тарбиясиз ва қонунбузар томонидан ўзига нисбатан қилинган тажовузни айтишни ўзига эп билмайди. Нима ҳам дердик? Ўзбекчилик...
Тиббиёт муассаси раҳбарларининг нафақат бошлиқ, балки амалиётдаги врач эканлиги, режали жарроҳлик операцияси борлиги учун кўп вақтини олмадик.
Фақат, мазкур муассаса ходимларининг шундай воқеалар тиббиёт ходимлари билан жуда кўп рўй бериши ҳақидаги сўзлари юракни эзди.
Юртимизда врачлар иш фаолиятига халақит бериш ва тажовуз қилиш кўп учрайдими?
Мазкур масалада Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизматига мурожаат қилганимизда қуйидаги жавобни тақдим этишди:
“Бугунги кунда энг оғриқли масалаларимиздан бири бу беморлар ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан тиббиёт ходимларига ғайриқонуний равишда тажовуз қилинишидир.
Масалан, охирги бир ярим йил ичида биргина шошилинч тиббий хизмат тизимида 30 га яқин ҳолатда бемор қариндошлари томонидан асоссиз равишда ҳам тиббиёт ходимларига нисбатан тажовуз қилиниб, давлат мулкига зиён етказилган.
Вазирлигимизга келиб тушган маълумотларга кўра сўнгги икки йил давомида 216 та салбий ҳолат содир этилган. Ундан 39 та ҳолатда эса жабрланганлар томонидан тегишли органларга мурожаат қилинган.
Маълумки, жиноят кодексида бундай турдаги ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик чоралари белгиланган.Бугунги кунда ушбу чораларни кучайтириш бўйича таклифлар киритиш устида тегишли мутахассисларимиз иш олиб боришмоқда.
Ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятнинг етишмаслиги оқибатида врачни айблаш ва унга тажовуз қилишдек ҳолатлар учраб турибди.
Бўлаётган бу каби воқеалар шифокорларимизни, хусусан, шошилинч ва тез тиббий хизмат тизимида меҳнат қилаётган тиббиёт ходимларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимояловчи, кафолатловчи қонун қабул қилиниши зарурлигини кўрсатмоқда”.
Тиббиётчилар ҳимояга муҳтож
Биз бўлиб ўтган нохуш ҳолат бўйича Андижон ИИБ томонидан суриштирув ишлари амалга оширилиб, айбдорлар тегишли жазосини олишига шубҳамиз йўқ.
Бугунги кунда хизмат вазифаси пайтида беморнинг яқинлари томонидан тажовуз қилинган ёки ҳақоратланган тиббиёт ходимининг ижтимоий ва ҳуқуқий муҳофазаси юзасидан меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқиш пайти келган. Яна масъулиятли касб эгаларига нисбатан бугунги жамиятнинг муносабатини ўзгартиришга ҳаракат қилишимиз лозим.
Статистик маълумотлар кўрсатиб турибдики, шошилинч тиббий ёрдам бўлимларида бундай ҳолатлар кўп учраб турибди.
Кунига 100 нафардан зиёд беморлар қабул қилувчи ана шундай муассасаларга штатли қўриқлаш ходими бириктириш зарурияти туғилган. Тиббиёт муассасасида форма кийган қўриқлаш ходими бўлса, ана шундай салбий ҳолатларнинг олди олинган бўлар эди..
Жамиятдаги бугунги ривожланиш босқичи тиббиёт ходимларини ижтимоий ва ҳуқуқий муҳофаза қилишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни мониторинг қилиш, тиббиёт ходимлари фаолияти кафолатларини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш, уларни ижтимоий муҳофаза қилишнинг аниқ механизмларини жорий этиш ҳақидаги Қонунни қабул қилишга эҳтиёж сезмоқда.
Хулоса ўрнида
Муштумзўрнинг ҳаракатидан жабр чеккан врачнинг бўлган воқеани айтиб беришга истиҳола қилгани, уялганини айтдик. Мана шу воқеа ими-жимида бўлиб ўтиб, ёпиқлиқ қозон, ёпиқлигича қолиши ҳам мумкин эди.
Бу қандай гап? Қайсидир муштумзўр келиб, тиббиёт ходимининг иш фаолиятига халақит берса, зуғум ўтказса, урса ва жазосиз қолаверса...Эртага нима бўлади. Мактаб партасидан врач бўлишни орзу қилаётган бола бу ҳурматсизликдан сўнг оқ халат кийишни ўйлаб ҳам кўрмай қўяди-ку?
Демак, айбдорларга кескин чора кўриш керак! Бу ҳақда кўп ва ҳўп гапирилмоқда. Лекин, ижобий ўзгаришлар кўринмаяпти.
Юқоридаги каби салбий ҳолатлардан келиб чиқиб, тиббиёт ходимларини ижтимоий ва ҳуқуқий муҳофаза қилишнинг кафолатларини мустаҳкамлаш зарурлигини даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Зиёлиларга бўлган муносабатга қараб эса жамиятнинг бугуни ва эртасига баҳо бериш мумкин.
Элмурод Эрматов,
Андижон
Мавзуга оид
11:09 / 08.11.2024
Андижонда коттежлар қуриш учун ер ҳужжатини расмийлаштириб бериш эвазига 230 минг доллар талаб қилган шахс ушланди
14:41 / 06.11.2024
5 сотих ерни фуқарога расмийлаштириб бермоқчи бўлган экология бўлими бош инспектори 20 минг доллар билан ушланди
18:32 / 04.11.2024
Тадбиркорлик фаолиятини рўйхатдан ўтмасдан амалга оширганлик учун молиявий жарима бекор қилинади
16:17 / 02.11.2024