Ўзбекистон | 23:57 / 29.01.2019
11363
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон масжидларида илк бор жума мавъизалари сурдотаржима қилинди

Ўзбекистондаги марказий масжидларида имконияти чекланган фуқаролар, эшитиш ва нутқ аъзоларида нуқсони бор кишилар учун Жума мавъизаси Сурдо таржимон воситасида масжидда тўғридан-тўғри кўрсатилади. Бунинг учун Республиканинг ҳар бир ҳудудидаги марказий масжидда Жума мавъизаларини сурдо-онлайн узатиш имкониятлари яратилади. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси хабар қилмоқда.

Бунда масжид ташқи қисмига муайян тоифага мансуб ногиронлиги бор кишилар учун махсус имкониятлар мавжудлигини билдирувчи халқаро белги қўйилади. Жума намозига келган имконияти чекланган фуқаролар ўзлари учун белгиланган жойда мониторларда имом-хатибни, унинг ёнида эса сурдо таржимон ҳаракатларини кузатиб бориш имконига эга бўладилар.

25 январь куни илк бор Тошкент шаҳрининг “Шайх Зайниддин”, Тошкент вилоятининг “Чирчиқ марказий жоме масжиди”, Самарқанд вилоятининг “Хўжа Исҳоқ Валий” жоме масжидларида Жума мавъизалари тўғридан-тўғри сурдо таржимон воситасида тушунтириб берилди.

Келгуси жума намози — 1 февралдан республика бўйлаб 25 та жоме масжидда махсус сурдо-онлайн таржималар ташкил этилиши белгиланган. Мазкур лойиҳа босқичма-босқич кейинчалик ҳар бир вилоятда амалга оширилиши режалаштирилган.

Мавзуга оид