Ўзбекистон | 08:24 / 30.01.2019
50633
2 дақиқада ўқилади

Вазирлар Маҳкамасида еттита янги лавозим жорий этилди

Ўзбекистон Республикаси президенти “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ишини ташкил этишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ҳужжат билан Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасига:

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси молия вазири;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ёқилғи-энергетика соҳаси ва саноатнинг базавий тармоқларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимлари киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бошқарув ходимларининг чекланган сони 178 нафар бўлган ижро этувчи тузилмаси тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига масалаларни тартибга солиш ва устувор вазифаларни ҳал қилишнинг муҳимлигини ҳисобга олган ҳолда, зарурат бўлганда, Вазирлар Маҳкамаси ходимларининг умумий штатлари сони доирасида унинг ижро этувчи тузилмасига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилди.

Ўзбекистон Республикасининг бош вазири А.Н.Арипов бир ҳафта муддатда масъул вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларни бириктирган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси аппарати бўлинмалари тузилмасини келишиш учун Ўзбекистон Республикаси президенти Администрациясига тақдим этади.

Мавзуга оид