Япония Россиянинг 4 та оролини Курилнинг бир қисми деб тан олишдан бош тортди
Япония Курил оролларига даъвогарлик қилмайди, бироқ Токио Кунашир, Итуруп, Шикотан ва Хабомаи тизмасини архипелагнинг бир қисми деб ҳисобламайди. Бу ҳақда Япония бош вазири Синдзо Абэ коммунистик партия раиси Кадзуо Сиининг парламент қуйи палатасидаги чиқишига изоҳ бериш вақтида айтиб ўтди.
“Шимолий ҳудудлар давлатимиз суверенитети амал қилувчи ороллар ҳисобланади. Бу борада ўзгаришлар йўқ”, деб айтган Абэ.
Абэ Япония Курилларга ҳуқуқдан 1951 йилги Сан-Франциско тинчлик сулҳига кўра воз кечгани ва унинг қайтарилишини талаб қилмаслигини айтган.
Абэ Россия билан тинчлик келишуви тузиш истиқболлари ҳақида гапириб, ҳудудий масаланинг ҳал қилиниши Япония учун музокараларнинг бош банди ҳисобланишини таъкидлаб ўтган.
Россия ва Япония ўртасида тинчлик келишуви йўқлиги узоқ вақтлардан бери бу икки давлат мулоқотига путур етказиб келади. Япония 1855 йилги савдо ва чегаралар ҳақидаги икки томонлама трактатга ишора қилган ҳолда юқорида тилга олинган 4 оролга даъвогарлик қилади.
1956 йилда Москва тинчлик келишуви тузилгандан кейин Хабомаи ва Шикотаннинг Японияга топширилиши имконияти кўриб чиқилишига рози бўлган. Собиқ иттифоқ ҳудудий баҳсларга нуқта қўйишни мўлжаллаган, бироқ Токио барча оролларга даъвогарлик қилишдан бош тортишга рози бўлмаган. Натижада келишув тузилмаган.
Москва позициясига кўра, ушбу ороллар Иккинчи жаҳон уруши якунларига кўра собиқ иттифоқ таркибига кирган ва уларнинг Россияга тегишлилиги шубҳа остига қўйилмайди.
2018 йил ноябрда Россия президенти Владимир Путин ва Синдзо Абэ Сингапурдаги учрашувдан кейин тинчлик келишуви ва Куриллар масаласи бўйича музокаралар жараёни тезлатилишини эълон қилишган. Айни вақтда музокаралар Токио Россияга қарши санкцияларни қўллаб-қувватлаши сабабли мураккаблашган.
Мавзуга оид
18:00 / 06.11.2024
Японияда Toyota’нинг биринчи учар таксиси намойиш этилди
17:14 / 05.11.2024
Япония дунёда биринчи бўлиб ёғоч сунъий йўлдошни коинотга учирди
22:37 / 04.11.2024
Япония ҳарбий алоқа сунъий йўлдошини орбитага чиқарди
22:55 / 02.11.2024