Спорт | 16:00 / 01.02.2019
14982
2 дақиқада ўқилади

Игнатий Нестеров Осиё Кубогида энг кўп сейв ижро этган дарвозабон бўлди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон терма жамоаси дарвозабони Игнатий Нестеров, катта эҳтимол билан, БААда якунланаётган Осиё Кубогида энг кўп сейвни амалга оширган дарвозабон бўлади.

35 ёшли Нестеров мусобақанинг 4та ўйинидан 2тасида дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолиб, жами 21та сейвни амалга оширди.

Игнатийдан кейинги ўриндаги, Ўзбекистон каби нимчорак финалдан курашни тўхтатган Иордания термаси посбони ва сардори Амир Шофий ўз дарвозасига йўлланган 20та зарбани қайтариб қолишга эришган. Иорданияни мусобақадан чиқариб юбориб, ўзи чорак финалда иштирокини якунлаган Вьетнам дарвозабони Данг Ван Лам 16та сейв билан юқори учликни якунлаб бериши мумкин.

Статистикага кўра, финалчилар Япония ва Қатар терма жамоалари посбонлари Шуичи Гонда ва Саъд Аш-Шийб мос равишда 11 ва 10тадан сейв намойиш этишига тўғри келган. Бу борада Аш-Шийбнинг кўрсаткичини эътироф этиш мумкин, у финалгача бўлган 6та баҳсни тўлиқ ўтказиб, ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди, аниқ йўлланган 10та зарбанинг барчасини муваффақиятли бартараф этди.

Эслатиб ўтамиз, БАА-2019 Игнатий Нестеров учун бешинчи Осиё Кубоги бўлди. Бу – турнирдаги рекорд натижа. Мусобақадан сўнг у тез орада терма жамоадаги фаолиятига якун ясашини маълум қилди. Январь ойи охирида эса «Локомотив»дан Саудия Арабистонининг «Уҳуд» клубига ўтди.

«Tribuna.uz» томонидан 10 мингдан ортиқ респондент иштирокида ўтказилган сўровномада Нестеров Ўзбекистон терма жамоасининг Осиё Кубогидаги энг яхши футболчиси деб топилди.

 

Мавзуга оид