Жамият | 10:38 / 01.02.2019
7571
2 дақиқада ўқилади

​Куксу табиий сув ҳавзасида браконьерлар қўлга тушди

Иллюстратив фото

Жорий йилнинг 29 январь куни ўтказилган рейдда тартибидаги тадбир давомида Қорақалпоғистон Республикаси «Мадали» ОФЙ ҳудудидаги Куксу табиий сув ҳавзасида ҳуқуқбузарлик қилган 10 нафар шахс аниқланган. Бу ҳақда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси ахборот хизмати Kun.uz'га маълум қилган. 

Таъкидланишича, браконьерлар бир дона балиқ тўри билан 57 дона толстолоб ва 740 дона оқ амур балиқларини овлаган. 

«Ушбу ҳолат бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилиб прокуратура органларига ўтказилмоқда», —  дейилади қўмита ахборотида.

Kun.uz'га маълум бўлишича, рейд давомида аниқланган ҳуқуқбузарлик туфайли ҳайвонот дунёсига 303,5 миллион сўм зарар етказилган. 

Табиий сув ҳавзалари маҳсулдорлигини оширишда балиқлантириш меъёрлари ва технологиясига кўра, ҳар бир табиий сув ҳавзасининг биологик хусусиятидан келиб чиққан ҳолда табиий сув ҳавзаси тегишли ўсимликхўр балиқлар билан балиқлантирилади.

Табиий сув ҳавзаларида балиқ етиштириш бошланган вақтдан кейин 3 йил давомида ҳар йили 1 гектар сув ҳавзаси камида 50 дона ўсимликхўр балиқларнинг чавоқлари билан балиқлантирилиши лозим. Ва бу ҳудудда ноқонуний ов ташкил этиш мумкин эмас.

Мавзуга оид