«Ор, зор, озор – Бозор». Сиз билмаган «Бозор» ҳақида
Сиз бозор деганда нимани кўз олдингизга келтирасиз? Нархни туширолмай жони ҳалак харидор-у, молини икки танга қимматроққа сотиш илинжидаги савдогарними? Ҳамма нарса чиройли териб қўйилган замонавий супермаркетни хаёл қилсангиз ҳам ажабланмайман.
Хуршид Дўстмуҳаммад эса бозорни сал бошқачароқ тушунади: бозор деганда кишиларни ўзи истаган мақомга ўйната оладиган издиҳомни тушуниб, ёзувчи у ҳақидаги мулоҳазаларини айни номдаги асарида ўқувчига тақдим этади.
Уч кундан бери қабрга кира олмай сарсон ўлик, ерга чўкиб бораётган бозор, одамлар унутаёзган қироатхона, жарга қулаган бировнинг моли, туғилмай нобуд бўлаётган болалар, қурилмай бузилаётган оилалар... Ёзувчи биргина бозор феномени атрофида бир қанча башарий муаммоларни қай ўринда бевосита, қай нуқтада билвосита тасвирлаб, мағзини очиб беришга ҳаракат қилади.
Муаммонинг энг каттаси, таъбир жоиз бўлса, барча муаммоларнинг «дояси» – бутун бозорни оворайи сарсон қилган ножинс. Бу махлуқотнинг суврати-ю, сийрати, қандай пайдо бўлганлиги ҳақида гап-сўз йўқ. Фақатгина унинг еса бўладиган жамики нарсани паққос тушираётгани, тутқич бермай одамларни ҳалак қилаётгани аён (айнан шу образ адибнинг «Жажман» ҳикоясида батафсил тасвирланган).
«Одамларнинг ичидан чиққан иллат» – ножинснинг каромати бир нуқтада тўкис намоён бўлади: дарахт шохига мингашиб бир нимани мазза қилиб чайнаётган ножинснинг сўлаги пастга оқиб одамларнинг бошига, юз-кўзига тушарди. Одамлар эса гўё буни пайқамаётгандек, сезса-да бундан ҳузурланаётгандек кулишади, сўлакка парво ҳам қилишмайди...
Ёзувчи муаммоларни кўрсатиш баробарида уларнинг ечимига ҳам ишора қилади. «Офатларнинг ҳаммасига тадбир бор, чора бор. Китобларни ўқинг – ҳаммаси ёзилган. Фақат уларни ўқишмаётгани чатоқ...»
Аммо, таассуфки, «данғиллама ҳожатхона қуришга пул топилдию, қулаётган қироатхонага тўртта гувала топилмади...»
Асар бош қаҳрамони Фозил исми жисмига монанд фозил инсон сифатида гавдаланиши мақсад қилинган. Тўғри, у туғилиш, яшаш, ўлишнинг моҳиятини излайди, оиланинг аҳамиятини бошқалардан теранроқ англайди. Қош-кўзи қора ёр эмас, чин маънодаги «Муносибхон»ни излайди ва топади ҳам. Бировлар кўпроқ соққа қилиш илинжида бозорда ҳам чодир тутиб никоҳ ўқитишга тайёр бўлган бир пайтда, қироатхонага куёв бўлишни ният қилади. Лекин Фозил муаммони фақат кўради холос, уни ечмайди, ечолмайди.
Муаммо бор, конкрет. Фақат ҳамма унга ҳар хил ёндашади. Кимдир кўрган-билганини гапиролмай, тилини чайнаб айланиб ўтиб қўя қолади. Кимдир Фозил каби кўрганидан фалсафа сўқиб, донишмандона фикрлар юритадию зиғирча амалий ҳаракатга бармоғини қимирлатмайди ҳам. Ечим учун енг шимарган бир-икки қаҳрамон эса калтак таъмини билгач, «оч қорним, тинч қулоғим» режимига ўтиб олади. Вон Су ҳақ: «олам чархини айлантиришга ярайдиган азамат қаҳат».
Асар китобхонни дунёга келишнинг асл мақсадидан чекинмасликка, нафсдан устун келишга чорлайди.
Ўзингизни четдан кузатгингиз келса, «Бозор»ни ўқинг. Нафсингиз жиловга бўйсунмаса, дунёга устун бўламан деган бировнинг одамлар елкасидаги ёғоч ичида лапанглаб кетаётганини кузатинг, «ўлим инсонга киссасидаги пулдан ҳам яқинроқ», ахир.
Китобхон
Хуршид Дўстмуҳаммад, «Бозор»
Мавзуга оид
14:52 / 25.11.2023
“Нигоҳ” – ҳаётга ўзгача нигоҳ билан боқишга ундовчи асар
16:41 / 27.07.2023
«Чаёнгул» – «гул»нинг «чаён»га айланиши ҳақида қисса
19:08 / 08.06.2021
«Ўзбек жамиятига маънавий падарлар етишмаяпти» – Хуршид Дўстмуҳаммад амалдорларнинг фаолияти ҳақида
19:35 / 31.05.2021