Ўзбекистон | 16:25 / 12.02.2019
54918
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда қуёш электростанциясини қуриш нима учун хитойликларга берилмагани маълум бўлди

2016 йилда Ўзбекистондаги биринчи йирик қуёш электростанциясини қуриш бўйича тендерни ютиб олган Хитойнинг Zhuhai Singyes Green Building Technology компаниясига эскирган технологиялар туфайли қурилиш бошлашга рухсат берилмаган. Бу ҳақда Kun.uz мухбирига «Ўзбекэнерго» бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Руслан Мубаракшин маълум қилди.

«Хитой компанияси томонидан таклиф этилган технологиялар техник кўрсаткичларига кўра кечаги кунники деб айтиш мумкин. Жараён бир жойда тўхтаб турмайди, замонавий, юқори технологик ускуна ва қурилмалар бўлиши бизнинг талабимиздир. Сабаби шу (Хитой компаниясига рад жавоби берилиши – таҳр.)», – деди у.

2016 йил 27 октябрда идоралараро тендер комиссияси Самарқанд вилоятининг Паст Дарғом туманида қуввати 100 МВтли қуёш электр станциясини лойиҳалаштириш, қуриш ва фойдаланиш бўйича Хитой компанияси бош пудратчи деб танлаганди. 2018 йилда Ўзбекистон дастлабки қиймати 275 млн доллар бўлган лойиҳани амалга оширишни тўхтатиб қўйди.

Ўтган йили Канаданинг SkyPower Global компанияси умумий қуввати 1000 МВт бўлган қуёш электр станцияси қуриш учун 1,3 млрд доллар инвестиция киритиши маълум бўлди. Самарқанд вилоятидаги қурилиш майдони инвесторга топширилди.

Мубаракшиннинг таъкидлашича, SkyPower Global билан ҳамкорлик кредитларсиз, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш модели асосига қурилган. Унинг сўзларига кўра, компания Ўзбекистон ҳудудида ўз изланишларини ўтказади.

«Қуёш фаоллиги салоҳияти харитасини тақдим этишимизга қарамасдан, улар мустақил тадқиқот ўтказишмоқчи. Уларга айрим жиҳатларни аниқлаш учун вақт керак. Улар биз тақдим этган маълумотларга таянмасдан мустақил текширув ўтказишади», – деди Мубаракшин.

Лойиҳа амалга оширилиши натижасида Самарқанд, Жиззах, Навоий, Сурхондарё, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларидан Ўзбекистондаги барча энергия манбалари ишлаб чиқараётган қувватнинг тахминан 10%и ишлаб чиқарилади, деб ишонтирмоқда SkyPower Global. 

Мавзуга оид