Ўзбекистон | 08:58 / 16.02.2019
66457
4 дақиқада ўқилади

Абдуқаҳҳор Тўхтаев 2005 йили “Вузгородок”да нима бўлганини айтиб берди

Халқ орасида “вузгородок” номи билан машҳур маскан пойтахтнинг мўъжазгина жойини эгаллаган бўлса-да, унинг довруғи мамлакатнинг ҳар бир бурчагига етиб борган, десак, адашмаймиз. Зотан, бугун юртимизда истиқомат қилаётган аксарият зиёлиларнинг тақдири, катта ҳаётдаги дастлабки қадамлари, ёрқин онлари айнан шу ер билан боғлиқ, деб ёзади «Халқ сўзи».

ХХ асрда бунёд этилган мазкур шаҳарча йиллар ўтиши билан абгор аҳволга келиб қолганини кўпчилик яхши эслайди. Бу ердаги инфратузилма, талабаларнинг яшаш шароити ва маданий-ижтимоий муҳит талабга мутлақо жавоб бермасди.

Мустақилликка эришганига кўп бўлмаган мамлакатнинг эртанги келажагини белгилаб берадиган асосий куч — ёшлар камол топадиган масканга эътибор етарли эмасди.

Бош вазир Шавкат Мирзиёев 2005 йили “Ёшлик” талабалар шаҳарчасига бориб, у ердаги аҳвол билан танишади. Мавжуд вазиятни кўриб, зарур чоралар белгилайди. Бироқ шаҳарчада амалга оширилган ишлар хамирдан қил суғургандек осон кечмаган. 

«Халқ сўзи»ўша даврда ушбу бунёдкорликда иштирок этган мутасаддилар билан суҳбатлашди. Улар воқеаларни шундай эсга олишди.

Абдуқаҳҳор Тўхтаев, Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазири:

— Ўша пайтлари, яъни 2005 йилда мен Тошкент шаҳар ҳокими эдим. Шавкат Миромонович мени чақириб, “Ёшлик” талабалар шаҳарчасига боришимизни айтдилар. Биргаликда бордик. Талабалар тураржойларини, умуман, бутун шаҳарчани айланиб, ҳолатни ўргандик. Ўзбекистон Миллий университети, ҳозирги Тошкент давлат техника университети тураржойлари ва уларнинг спорт мажмуаларини реконструкция қилишни, жумладан, Миллий университетга қарашли учта спорт залини капитал таъмирлаш ҳамда уларни спорт турларига мослаштириш, қолаверса, ТДТУда спорт мажмуаси бўлмаганлиги учун янги, II типдаги спорт мажмуаси, яъни ёпиқ сузиш ҳавзаси, волейбол, қўл тўпи ҳамда енгил атлетика билан шуғулланиш учун очиқ спорт мажмуаси қуриш бўйича топшириқ бердилар.

Талабалар тураржойларининг аксарияти шароитлар йўқлиги учун ёпиб қўйилганди. Шу боис ЎзМУ талабалар тураржойларини таъмирлаш, ҳеч бўлмаганда, уч юлдузли меҳмонхоналар даражасига етказиш вазифаси қўйилди.

Шу тариқа Ўзбекистон Миллий университетининг 8 та, Тошкент давлат техника университетининг 9 та талабалар тураржойи капитал таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Улар барча зарур мебель жиҳозлари билан таъминланди. Маънавият хоналари, кутубхоналар, ошхона, ювиниш ва кир ювиш хоналари ташкил этилди.

Қолаверса, икки университет спорт мажмуаларининг бўш турган майдонида ёпиқ, халқаро стандартларга жавоб берувчи сув ҳавзалари барпо этилиши учун лойиҳаларни кўриб, қуришга рухсат бердилар. Хусусан, Ўзбекистон Миллий университети сув ҳавзаси 50x11 ўлчамли бўлиб, 400 томошабинга мўлжалланди. Бу ерда ҳам спортчиларга барча шарт-шароит муҳайё этилди. Тошкент давлат техника университети эса 40x18 ўлчамли II тип спорт залига эга бўлди.

Бундан ташқари, ҳудуддаги 32-поликлиника капитал таъмирланиб, айнан талабалар учун топширилди. Зарур тиббиёт жиҳозлари билан таъминланди. Бундай ишлардан Ўзбекистон давлат консерваторияси тураржойлари ҳам четда қолмади.

Умумий овқатланиш шохобчалари ҳам улар эгаларининг ўз маблағлари билан замон талаблари даражасида таъмирланиб, жиҳозланди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, мазкур юмушларнинг барчаси вазирлик ва идоралар билан биргаликда, ҳашар йўли билан амалга оширилди. Чунки ўша пайтларда бунинг учун бюджетдан маблағ олишнинг имкони йўқ эди.

Қисқаси, Шавкат Мирзиёев бошчилигида “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси қайта қурилди. Ҳамма талабларга жавоб берадиган ҳолатга келтирилди. Мана шу ташаббуснинг ўзиёқ давлатимиз раҳбарининг юртимиз келажаги бўлмиш ёшларга қанчалик ғамхўрлик кўрсатганини яққол исботлайди.

Мавзуга оид