Ўзбекистон | 20:09 / 16.02.2019
51488
24 дақиқада ўқилади

Самарқанднинг мудрамаётган судьялари «инсофли харидор»ни қандай саргардон қилишаётгани ҳақида ҳикоя

Соҳиб ака Раҳимовни жуда сарсон қилишяпти. У кишининг «айби» — Бош прокуратура ҳузуридаги МИБнинг «Электрон-онлайн аукционларни ташкил этиш маркази» ДУК орқали савдога қўйилган кўп қаватли уйда жойлашган квартирани харид қилиб, ғолиблик далолатномасини қўлга киритиб, уйни ўз номига қонуний расмийлаштириб олгани бўлди.

Олдинга ўтиб айтамизки, Соҳиб ака Самарқанддаги судлардан нажот топа олмаяпти. Тўққиз пулдек тушунарли нарсани Самарқанддаги судлар, судьялар ёки тушунмаяпти, ёки қонунчиликдаги камчиликлардан фойдаланиб, атайлаб уюштиришаяпти. Соҳиб ака эса жуда сарсон бўлаяпти… ва бор умиди Олий суддан.

Ўзи нима воқеа рўй берган? Келинг, бир бошидан ҳикоя қилиб берайлик.

2015 йил 25 декабрь куни Пайариқ туманида истиқомат қилиб келган фуқаро Элмурод Тоштемиров АТ «Халқ банки»нинг Темирйўл филиали билан уй-жой сотиб олишга ипотека кредити ажратиш тўғрисида шартнома имзолайди ва унга 10 йил муддатга 18 фоиз ставкасида иккиламчи бозордан — Самарқанд шаҳри Абу Бакр Розий кўчаси 17-уйнинг 40-хонадонини сотиб олиш учун 120 миллион сўм кредит ажратилади.

Э.Тоштемировга қўшилиб, шартномада унинг уч таниши кафиллик билдириб «қўшимча қарздор» сифатида расмийлаштирилади. Энди Элмурод Тоштемировнинг зиммасига ҳар ой кредит қарзини сўндириб боришдек мажбурият юкланади. Уй эса банк томонидан гаровга олинади.

Лекин Э.Тоштемиров кредит шартномаси шартларида ўзига юклатилган мажбуриятларни буза бошлайди. Яъни, кредитнинг асосий қисми ва фоизларини тўлашни кечиктиради. Банк бир неча марта Э.Тоштемировнинг ўзини, шунингдек шартномага имзо чеккан қўшимча қарздорларни ёзма ва оғзаки огоҳлантирганига қарамасдан тўловлар амалга оширилмайди.

Савдо саноат палатаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси АТ «Халқ банки» Темирйўл филиали манфаатини кўзлаб, фуқаро Э.Тоштемиров билан тузилган кредит шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш, 120 миллион сўм асосий қарз ва 4 млн 760 минг сўм фоиз тўлови, 170 минг сўм пеня — жами 124 миллион 930 минг сўм қарзни томонлар 150 млн сўмга баҳолаган ва гаровда турган Самарқанд шаҳри, Абу Бакр Розий кўчаси 17-уйнинг 40-хонадонига қаратиш ҳақида Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига даъво аризаси киритади.

Судья Н.Баратов (эслаб қолинг!) раислигида ўтган ФИБ Самарқанд шаҳар суди мажлисининг 2016 йил 1 августдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилади: ипотека кредити шартномаси муддатидан аввал бекор қилинади (1), ундирув гаровга қўйилган квартирага қаратилади (2).

Бу ерда битта жиҳат борки, қарздор Э.Тоштемиров суд мажлисларига умуман келмайди (буни у кейинги судларда «чақирув қоғози келмаган, бехабар қолганман», деб асослаган). Яъни, суднинг ҳал қилув қарори сиртдан чиқарилади.

2016 йил 1 августда ҳал қилув қарори чиққан бўлса, орадан 1,5 ой ўтиб, 14 сентябрда мазкур қарор Суд ижрочилари Самарқанд шаҳар бўлимига ижро учун ўтади ва ижро ишини юритишни қўзғатиш ҳақида қарор қабул қилинади. Суд ижро департаменти қанақа «лаллайган» ташкилот эканлиги ҳаммамизга маълум эди, орадан бир йил ўтиб МИБ ташкил этилгач, улар ишга киришади ва мазкур қарорнинг остига 2017 йил 25 сентябрь куни Э.Тоштемиров «танишдим» деб имзо чекади.

Орадан вақт ўтиб бормоқда. Энди шу вақт оралиғида ҳам Э.Тоштемировда банк олдидаги қарзни ёпиш, квартирани гаровдан чиқариб қолиш учун имконият бор эди. Лекин у бундай қилмаган.

Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлимининг 2017 йил 16 декабрдаги қарори билан Элмурод Тоштемировга тегишли ўша квартира онлайн аукционга сотиш учун чиқарилади.

Онлайн аукционда дастлабки келишилган нарх — 150 миллион сўмга харидор чиқмайди. Муддат ўтгач, пасайтириш бўйича уй яна аукционга чиқарилади.

2018 йилнинг 26 январь куни мақоламиз қаҳрамони Соҳиб Раҳимов онлайн аукционда 120 миллион сўмга харид қилади. Унга «Электрон-онлайн аукционларни ташкил этиш маркази» ДУКнинг №ОА 0701-000015 сонли баённомаси берилади. (Лот №0003642)

Февраль ойида Э.Тоштемиров уйни янги эгасига бўшатиб беради. С.Раҳимов март ойида уйга кўчиб киради. Уйни таъмирлаш учун С.Раҳимов 10 миллион сўмга яқин харажат қилган, маза қилиб яшамоқда. Солиқ, электр энергияси, сув, табиий газ ҳамда ширкатга коммунал тўловларни тўлаб келмоқда. Бу ёқда қизиқ ишлар бошланиб кетганидан эса бехабар…

Тайёр уй қўлдан чиқарилганини англаган Э.Тоштемиров адвокатлар билан қуролланиб, ФИБ Самарқанд шаҳар судига 2018 йил 23 март куни даъво аризаси киритади ва 2016 йил 1 августда ҳал қилув қарори чиққан суддан чақирув қоғози олмагани учун бехабар қолганини рўкач қилади. Аризасига шунингдек, Савдо-саноат палатаси АТ «Халқ банки» Темирйўл филиали номидан судда қатнашишга ҳаққи йўқлигини, судда у банкка киритган 40 млн сўм дастлабки бадал пули тақдири ойдинлаштирилмаганини ҳам қистириб ўтади.

2016 йил ҳал қилув қарорини чиқарган судья Н.Баратовнинг ўзи даъвогар Э.Тоштемировинг суд мажлисига кела олмаганини узрли, деб топади ва 2016 йил 1 августда (20 ой аввал!!!) ўзи чиқарган ҳал қилув қарорини 2018 йил 2 апрель куни бекор қилиш ҳақида ажрим чиқаради. Гарчи ўша ҳал қилув қарорида унинг устидан шикоят қилиш муддати 20 ой эмас, 20 кун деб белгиланган бўлса-да.

Амалдаги ФПКнинг 99-моддасини очамиз: «99-модда. Экспертизанинг экспертлар комиссияси томонидан ўтказилиши». Экспертиза бир хил (комиссиявий экспертиза) ёки турли хил (комплекс экспертиза) суд-эксперт ихтисослигидаги бир неча эксперт томонидан ўтказилиши мумкин...

Бунинг кўрилаётган ишга нима дахли бор?

А-ҳа, бу — 2018 йил 1 апрелдан кучга кирган янги таҳрирдаги Фуқаролик процессуал кодексидан-ку?! Судьянинг бундан хабари бўлмаган шекилли, 2 апрель куни эски ФПКнинг 99-моддасинини қўллаб, ажрим чиқаради.

Шунда ҳам, эски ФПКнинг 99-моддасида (ариза топширилган 23 март куни амалда бўлган кодекс матнида) қуйидагича қоида белгиланган эди:

99-модда. Аризани кўрмасдан қолдиришнинг оқибатлари

...Агар тарафлар суд мажлисига узрли сабабларга кўра кела олмаганликларини тасдиқловчи далилларни тақдим этсалар, даъвогар ёки жавобгарнинг илтимосномасига биноан суд ушбу Кодекс 97-моддасининг 4 ва 5-бандларига асосан аризани кўрмасдан қолдириш тўғрисида чиқарган ўз ажримини бекор қилади.

Бу ерда гап аризани кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги ажрим ҳақида кетмоқда. Яъни, тарафлардан бирортаси келмаганлиги сабабли суд аризани кўрмасдан қолдирган бўлса ва кейинчалик тараф пайдо бўлса, суд ишни қайта кўришни бошлайди. Лекин ҳурматли судья Н.Баратов 2016 йилнинг 1 августида аризани кўриб чиққан ва сиртдан ҳал қилув қарори чиқарган эди. Бундай вазиятда судья ўзининг ҳал қилув қарорини ФПК 99-моддаси билан бекор қилиши қай даражада қонуний? Бу саволга Олий суд ва малакали ҳуқуқшунослар жавоб бергани маъқул.

Қайд этиб ўтиш лозим, Э.Тоштемировнинг суд мажлисига кела олмаганини узрли, деб топишда у ва унга шерик қарздорлар бир неча марта банк томонидан огоҳлантирилгани ҳисобга олинмаган. Хатлар Э.Тоштемировга етказилгани тўғрисида почта реестрида қайдлар ҳам бор.

Қолаверса, уйнинг янги эгаси С.Раҳимов ўзига хос тажриба ўтказиб, банкдан ўз манзилига хат жўнатиб, хат етиб келгач уни атайлаб олмасдан, ортга қайтариб юборган ва почта орқали форма-20 билан қайд этилиб, хат жўнатувчи манзили — банкка қайтиб борган. Модомики, суддан жўнатилган чақирув қоғози Э.Тоштемировга етиб бормаган, у олмаган экан, хатлар судга қайтиб келган бўлиши шарт эди. Нега судья Н.Баратов уларни ишга тикиб қўймаган?

«Ўрнимдан туролмайдиган касал бўлиб қолдим», «Россияга ишлашга кетган эдим» каби узрли баҳоналар эмас, Э.Тоштемиров судга чақирув қоғозини олмагани учун келолмаганини баён этаяпти, суд эса буни узрли, деб топмоқда! Шунчаки, қойил!

Шуниси эътиборга сазоворки, С.Раҳимов суд машмашаларига аралашиб қолгач, суд томонидан унинг янги уй манзилига ҳам, прописка қилинган манзилига ҳам жўнатилаётган ҳар бир хат ўз вақтида етиб бормоқда. Демак, почтада айб йўқ.

Энди Самарқанддаги судлар томонидан «туйнук» қандай очилиши ва у чапдастлик билан қандай «кенгайтирилиши» ҳақида ҳикоя қиламиз. Бу бошқалар учун ўзига хос мастер-класс!

Судья 2018 йил 2 апрелдаги ажрим билан 2016 йилги ҳал қилув қарори бекор қилиниши туфайли ишни қайта кўриш учун 2018 йил 10 апрелга суд мажлиси чақирилади. 2018 йил 24 апрель куни ФИБ Самарқанд шаҳар судьяси Н.Баратовнинг янги ҳал қилув қарори чиқарилади.

Эътибор беринг: бу муддат ичида ўша 2016 йилги қарор асосида 2018 йил январда уй аукцион орқали сотувга чиқарилган. 120 миллион сўмга уйни С.Раҳимов сотиб олган. У тўлаган пулнинг (биздаги МИБ Самарқанд шаҳар бўлими хулосасига кўра) 92 миллион 827 минг 879 сўми Э.Тоштемировнинг кредит асосий қарзи қарздорлигини ёпиш учун «Халқ банки»га келиб тушган. Бундан 937.555 сўм ижро йиғими ундирилган. Бундан ташқари қарздор Э.Тоштемиров мулки сотилган пулдан давлат фойдасига 24 миллион 786 минг сўм давлат божи ва 247 минг 866 сўм ижро йиғими ундирилган. «Электрон-онлайн аукционларни ташкил этиш маркази» ДУК 1 фоизлик бадал ҳақи — 1 миллион 200 минг сўм ушлаб қолган. Жами — 120 миллион сўм!

Э.Тоштемировнинг гаровга тикилган уйи сотилиб, янги эгасини топиб кетган бўлса-да, ҳали банк олдидаги асосий қарздан ва фоизлардан қарзлари 2018 йил апрель ойи ҳолатига 50 миллион 580 минг 462 сўмни ташкил этиб турган эди.

Табиийки, банк ушбу ҳолатда ундирувни гаровга қарата олмайди. Чунки улар жуда яхши билишадики, уй аукционда сотилиб кетган — энди гаров йўқ. Лекин ҳамон банк олдида қарз бор. Ўз-ўзидан, банк ҳам суд олдига қолган 50 миллиондан зиёд пулни Э.Тоштемиров ва унинг шерик қарздорларидан ундириш талабини қўяди.

Судья Н.Баратовнинг янги ҳал қилув қарорида бирор жойда ундирув гаровдаги мулкка қаратилиши лозимлиги қайд этилмаган. Чунки судья ҳам жуда яхши билиб турибди, гаровдаги мулк аукционда сотиб юборилган. Сотиб ундирса бўладиган нарсанинг ўзи аллақачон йўқ! У — бировнинг мулки! Банк ҳам у талабни қўймаяпти. Ўша «биров» тўлаган пул Э.Тоштемировнинг кредитини сўндиришга сарфланган ва унинг банк олдидаги қарзи ҳамон 50 миллиондан зиёдроқни ташкил этмоқда.

Энди қайтадан кўрилган ишнинг қарор қисмига эътибор беринг:

«Банкнинг Жавобгар Тоштемиров Элмурод ва бошқалар (қўшимча қарздорлар — Ш.Ш.) га нисбатан кредит шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш ва кредит қарздорлигини ундириш ҳақидаги даъвоси қисман қаноатлантирилсин.

Жавобгар Тоштемиров Элмуроддан АТ «Халқ банки» Темирйўл филиали фойдасига жами 50.582.462 сўм миқдорида кредит қарздорлиги ундирилсин.

Жавобгар Тоштемиров Элмуроддан давлат фойдасига 1.011.609 сўм давлат божи ундирилсин».

Бўлди! Сотилган квартира ҳақида гап-сўз йўқ. Кредит қарздорлигининг катта қисми С.Раҳимов тўлаган маблағ ҳисобидан ёпилгани ҳақидаги маълумот ҳам.

Боз устига, квартиранинг янги эгаси С.Раҳимовнинг манфаатларига дахл қиладиган вазият вужудга келаётган бўлса-да, бу бўлаётган ишлардан у мутлақо хабардор қилинмаган.

Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди кассация инстанциясининг судья Б.Норов раислигида ўтган суд мажлиси 2018 йилнинг 4 октябрь куни ажрим чиқаради.

«Биринчи инстанция суди қайд этилган қонун талаблари ва иш ҳолатларидан келиб чиқиб, қарздор томонидан кредит шартномаси шартлари бажарилмасдан кредит қарздорлиги ўз вақтида тўланмаганлиги ҳамда сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорига асосан кредит қарздорлиги қисман ундирилганлигини инобатга олиб, сўндирилмасдан қолган қолган кредит қарздорлигини ундириш ҳақида асосли хулосага келган бўлса-да, бироқ тарафлар ўртасидаги кредит шартномаси бекор қилмасдан қолдирилган.

Кассация инстанцияси суди юқоридагилардан келиб чиқиб, ҳал қилув қарорини тўлдириш йўли билан ўзгаришсиз қолдиришни лозим, деб топди», — дейилади кассация суди хулосасида.

Ажримда эса ФИБ Самарқанд шаҳар судининг 2018 йил 24 апрелдаги ҳал қилув қарорининг хулоса қисми қуйидаги жумла билан тўлдириш орқали ўзгаришсиз қолдирилсин:

«АТ «Халқ банки» Темирйўл филиали ва қарздор Э.Тоштемиров, қўшимча қарздорлар — М.Санаева, О.Ҳасанов, А.Тоштемиров ўртасида тузилган 2015 йил 24 декабрдаги №66-сон кредит шартномаси бекор қилинсин».

Эътибор беринг, кассация инстанцияси ажримида «сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорига асосан кредит қарздорлиги қисман ундирилганлигини инобатга олиб... асосли хулосага келган», дейилмоқда яъни, аслида, суд Э.Тоштемировга тегишли мулкни аукцион орқали С.Раҳимов харид қилгани ва у тўлаган пул эвазига кредит қарздорлиги қисман ундирилганлигини инкор этмаяпти. Ҳали ҳеч ким Э.Тоштемировга «уй энди яна сеники, бўлди, қайтариб олавер», деган эмас. Яъни, банк талабининг биринчи қисми бажариб бўлинган — ундирув гаровдаги мулкка қаратилиб, пул ундириб бўлинган.

Лекин бу қарорни Э.Тоштемиров «ғалаба» ўлароқ қабул қилиб, очиб берилган «туйнук»ни кенгайтиришга киришади. Яъни, қарорда гаровда турган уйнинг тақдирига ойдинлик киритилмаганини рўкач қилиб, биров пул тўлаб сотиб олган уйни биратўла банк гаровидан ҳам «қутқариб», теппа-текинга ўзига қайтариб олмоқчи!

Энди Э.Тоштемиров август ойида Самарқанд шаҳар маъмурий судига мурожаат қилиб, МИБ Самарқанд шаҳар бўлимининг мол-мулкни электрон аукционда сотиш учун чиқариш ҳақидаги қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисида ариза беради.

Алоҳида диққат қилишингизни сўрар эдикки, Соҳиб Раҳимов фақат шу вақтга келибгина, бўлаётган ишлардан хабар топади. Шунда ҳам ҳали у судья Н.Баратовнинг 2 апрель кунги «машъум» ажрими ҳаммасига сабабчи бўлаётганидан бехабар!

Самарқанд шаҳар маъмурий судининг 2018 йил ноябрь ойида судья Ж.Каримов раислигида чиқарилган ҳал қилув қарорида аризачининг шикояти қаноатлантирилади ва МИБ Самарқанд шаҳар бўлимининг 2017 йил 16 декабрдаги Э.Тоштемировнинг «Халқ банки» олдидаги жами 134 миллион 933 минг сўм кредит қарздорлигини ундиришни унга тегишли уч хонали квартирага қаратиш ва уни электрон онлайн-аукцион орқали савдога чиқариш тўғрисидаги қарори ҳақиқий эмас, деб топилмоқда.

Ие, нега ҳақиқий эмас? Нима, Бош прокуратурага бўйсунадиган онлайн аукционнинг қарорини С.Раҳимов ёки биров сохталаштирганмиди?

МИБ квартирани аукционга чиқарган вақтда бунинг учун қонуний асоси — суднинг ҳал қилув қарори бор эди-ку? У кучида эди-ку?!

Қолаверса, судья Б.Норов раислигида ўтган кассация суди ажримида «сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорига асосан кредит қарздорлиги қисман ундирилганлигини инобатга олиб... асосли хулосага келган», дейилмоқда. Демак, ўша пайтдаги мавжуд қарорга кўра ҳаракатлар тўғри бажарилган ва улар суд томонидан инобатга олинмоқда.

2018 йил 10 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси М.Рабиева С.Раҳимовнинг ФИБ Самарқанд шаҳар судининг 2018 йил 24 апрелдаги ҳал қилув қарори ва ФИБ Самарқанд вилояти суди кассация инстанциясининг 2018 йил 4 октябрдаги ажримига нисбатан назорат тартибидаги шикоятини ўрганиб чиқади ва С.Раҳимовнинг шикояти бўйича назорат тартибида қайта кўриш учун асослар мавжуд эмас, деб топади ва унга Самарқанд шаҳар маъмурий судининг ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш ҳуқуқи тушунтирилади.

Яъни, Олий суд судьяси ҳам Фуқаролик ишлари бўйича судларнинг қарорида С.Раҳимовнинг мулкига дахл этилаётган ҳолатни кўрмаяпти ва маъмурий суд қарори устидан шикоят қилиш кераклигини айтмоқда.

Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 229-моддаси (Мол-мулкни инсофли эгалловчидан талаб қилиб олиш) нинг иккинчи қисмида «Агар мол-мулк суд қарорларини ижро этиш учун белгиланган тартибда сотилган бўлса, мол-мулкни ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган асослар бўйича талаб қилиб олишга йўл қўйилмайди», дейилган.

Самарқанд шаҳар прокуратураси 2019 йил 21 январь куни Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг кассация судлов ҳайъатига кассация тартибида барча балони бошлаган 2018 йил 2 апрелдаги судья Н.Баратовнинг ажрими юзасидан хусусий протест киритган, лекин судья Б.Норов Ўзбекистон Республикаси фуқаролик-процессуал кодексининг 288-моддасига кўра уни қабул қилишни рад этмоқда.

Нега биз «барча балони бошлаган» деяпмиз? Сабаби ушбу ажримнинг қонунийлигига катта шубҳа уйғониши табиий. Сабаби ФПКда аниқ ва тиниқ қилиб ёзиб қўйилган, агар суд тарафнинг суд мажлисига келмаганлигига узрли сабаблар борлигини ва бу ҳақда судни ўз вақтида хабардор қилиш имконияти бўлмаганлигини ҳамда тараф сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорининг мазмунига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган далилларни тақдим қилаётганини аниқласа, сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарори бекор қилиниб, ишни мазмунан кўриш тикланиши лозим.

Энди бир бошидан кўриб чиқайлик:

1) Судга келмаганлигига узрли сабаб бормиди? Суд унинг уйига юборилган хатларни нимага бормаганлигини текшириб кўрганмиди? Йўқ!

2) Суд бу ҳақда судни ўз вақтида хабардор қилиш имконияти бўлмаганлигини ҳам текшириши керак эди. Майли, биз барча тахминларни Э.Тоштемировнинг фойдасига ўйлайлик-да, суддан бехабар бўлган дейлик. Лекин у ўша суд мажлисида уйи олиб қўйилганлигини 2017 йил 25 сентябрь куни билган. Чунки ўша куни ижрочилар унга уйдан чиқариш тўғрисидаги ижро қарорини таништириб, имзо қўйдирган. Демак, назарий жиҳатдан ўша куни суд қарори ҳақида билган. Лекин орадан 6 ой ўтиб, судга даъво аризаси киритяпти. Мана шу 6 ой ичида наҳотки унда «судни ўз вақтида хабардор қилиш имконияти» бўлмаган? Судья Н.Баратов буни текширганми?

3) Тараф сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорининг мазмунига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган далилларни тақдим қилганми? Йўқ! Чунки сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарори бекор қилиниб, қайтадан кўрилганда ҳам барибир суд банк фойдасига қарор қабул қилган. Яъни банк киритган даъво яна қайтадан қаноатлантирилган, барибир ҳеч нарса ўзгармаган.

Юқоридаги 3 та асосга тушмаётганлигини оддий халқ ҳам кўриб турибди, буни билиш учун ўта малакали юрист бўлиш ҳам шарт эмас. Боз устига, юқорида ФПК 99-модда бўйича ажримдаги тушунмовчилик (хатолик дейишга бироз истиҳола қилдик) ҳақида ҳам ёзгандик. Унда бизни яна ўша савол қийнайди, бунчалар кўп шубҳалар билан, қайси асосларга кўра, жаноб судья Н.Баратов ўзининг 20 ой аввалги ҳал қилув қарорини бекор қилган экан? Бирорта мантиқ кўрмаяпмиз бунда. 

Нима судьялар ФПК 288-моддага биноан, сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорини бекор қилиш ҳақидаги ажрим устидан шикоят қилинмаслигини (протест келтирилмаслиги) билиб, хоҳлаганча мантиқсиз ажримлар чиқараверишадими? Ахир бу судьяларни масъулиятсизликка етакламайдими?

Эътибор беринг, янги ФПК 2018 йил 1 апрелда кучга кирди. Сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ажрим эса эртаси куни — 2 апрелда чиқариляпти. Янги ФПКнинг 288-моддасида белгиланган қоида эски ФПКда йўқ эди. Янги ФПК аввалдан матбуотда эълон қилинган, Э.Тоштемиров гўёки суд бўлиб ўтганидан 6 февраль куни — уйдан қувиб чиқарилгач «хабар топган», лекин аризани февраль ойида эмас, 2018 йил 23 мартда — Янги ФПК қабул қилинишидан 9 кун аввал ёзяпти.

Энг қизиғи, С.Раҳимовнинг айби нима?! Давлатнинг аукционидан уй харид қилганими?! Ёки уни ҳеч ким чақирмаган суд бўлиб ўтганидан бехабарлигидами?

Хўп, суд қарорлари билан ўша квартира бир илож қилиб аввалги эгаси — Э.Тоштемировга қайтариб берилаётган экан, нега бирор жойда С.Раҳимовнинг харажатлари қай тарзда қопланиши лозимлиги ўз аксини топмаяпти? У тўлаган 120 миллион сўмни, уйни таъмирлашга кеткизган пулларни ким тўлайди? Э.Тоштемиров қайтариб берадими?! Банкка 10 йил ичида бўлиб-бўлиб тўлашни эплолмаган одам бирдан 120 миллионни қаердан олади?!

Ўзингиз ўйланг, МИБнинг ижро тўғрисидаги қарорини 2017 йилда Э.Тоштемиров танишиб, имзолаган, аукциондан аввал МИБчилар квартирани келиб суратга олиб кетишган. С.Раҳимов ҳам уйни ўша e-auksion.uz сайтидаги суратларга қараб, танишиб танлаган. Энди квартирани ҳаппа-ҳалол қўлга киритган С.Раҳимов судлар остонасида сарсон бўлмоқда. У ҳаттоки адвокат ҳам ёлламаган. Шунчаки, мамлакатимиздаги қонун устуворлигига астойдил ишониб, бир ўзи ҳаракат қилмоқда. 12 февраль куни у янги очилган ҳолатлар бўйича ФИБ Самарқанд шаҳар судига даъво аризаси киритди. Лекин Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди энди С.Раҳимовни уйдан мажбурий чиқариш ҳақидаги масалани ўрганмоқда.

Нима ҳам дердик, судьяларимиз ўзларининг мужмал қарорлари билан суд-ҳуқуқ соҳасида бошлаб берилган ислоҳотларни шубҳа остида қолдиришмоқда. Аслида, улар Тоштемировга қарата «Шартномага имзо чекиб, ўз зиммангизга олган мажбуриятни нега бажармадингиз?» — деб савол беришлари керак эди. Бунақа ҳоллар кўпаяверса Бош прокуратуранинг аукционига ишонч қоладими одамларда?

Ўз навбатида, алоҳида таъкидлаш керакки, АТ «Халқ банки» Темирйўл филиалининг юристлари ҳам бу масалада яхшигина айбдор. Сабаби улар кейинги суд мажлисларида аукционда сотилган уйнинг тақдирини ҳам судда кўтаришлари ва буни суд қарорида кўрсатилиб кетилишига эришишлари керак эди. Аммо улар «уй сотилиб, пули банкка тушган-ку, энди бизга нима фарқи бор», дегандай, бефарқ бўлишган. Ваҳоланки, ушбу можаролар давом этса, охирги калтак барибир банк бошида синиши мумкин. Сабаби С.Раҳимовнинг уйи олиб қўйилса, мантиқан олганда, унинг пули ҳам тийин-тийинигача қайтарилиши керак. Бу пулларни эса, суд ёки МИБ эмас, айнан банк қайтаришга мажбур бўлади.  

Хуллас, мана шунақа гаплар... Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси «Электрон-онлайн аукционларни ташкил этиш маркази» Давлат унитар корхонасининг Электрон-онлайн аукционида қатнашиб, бирор мулкни қўлга киритишингиз ҳали ушбу мулк тўлиқ сизники дегани эмас. Бирор мулкингиз аукционга қўйилиб сотилиб кетса ҳам у ҳали бутунлай «қўлдан чиқди», дегани эмас. Уни ҳеч бир тўловларсиз, боз устига гаровдан ҳам чиқариб яна қўлга киритишингиз мумкин. Чунки судьяларимиз мудрашмаяпти!

Бироқ, Kun.uz ҳам мижжа қоқмайди ва бу ишни охиригача кузатишда давом этади.

Шуҳрат Шокиржонов,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид