Ўзбекистон | 18:32 / 23.02.2019
41332
2 дақиқада ўқилади

Олимжон Тўхтаназаровнинг депутатлик ваколати муддатдан аввал тўхтатилди

Фото: Facebook/Олимжон Тўхтаназаров

Халқ депутатлари Наманган вилоят кенгаши сессияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Nampravda хабар берди.

Сессияда Олий Мажлис сенаторлари, вилоят ҳокими ўринбосарлари, секторлар раҳбарлари, вилоят бошқармалари ва ташкилотлари бошлиқлари иштирок этишди. Олий Мажлис Сенати кенгашининг “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижроси, вилоят ҳокими қарорларини тасдиқлаш ва ташкилий масалалар кун тартибига олиб чиқилди.

Фото: Nampravda

Хусусан, суд қарори асосида вилоят Кенгашининг 4-Умрзоқов сайлов округидан депутати Олимжон Абдуназарович Тўхтаназаровнинг ваколатлари муддатидан аввал тўхтатилди. 

Шунингдек, 33-Исоқчўян сайлов округидан вилоят Кенгаши депутати Абдусалом Воҳидович Умаровнинг ваколатлари ҳам унинг ўз аризаси асосида тўхтатилди. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Халқ депутатлари Наманган вилоят кенгашининг собиқ депутати, пора билан ушланган Олимжон Абдуназарович Тўхтаназаровга нисбатан суд ҳукми ўқилганди.

У 2018 йилнинг 22 сентябрида Наманган вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тадбир давомида аризачи И.М.дан 500 доллар пулни олган вақтида ашёвий далил билан қўлга олинганди.

Ушбу ҳолат юзасидан Олимжон Тўхтаназаровга нисбатан 22 сентябрь куни Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди («хизмат мавқеидан фойдаланиб содир этилган фирибгарлик»), 28-моддаси («жиноятда иштирокчиларнинг турлари») ва 211-моддаси 1-қисми («пора бериш») билан жиноят иши қўзғатилган. Шунингдек, Олимжон Тўхтаназаров халқ депутатлари Наманган вилоят кенгаши розилиги олинган ҳолда, Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси («ушлаб туриш асослари») тартибида ушланганди.

 

Мавзуга оид